Ўзбекистон | 10:23 / 16.04.2024
5683
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида яйлов ер майдонини 70 минг долларга сотмоқчи бўлган маклерлар ушланди

Маклерлар ушбу ноқонуний ишни Тошкент вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасида бўлим бошлиғи ўринбосари, шуъба бошлиғи ҳамда бош мутахассис лавозимларида ишловчи 3 нафар шахс орқали ҳал қилмоқчи бўлгани аниқланиб, улар ҳам қўлга олинди.

Фото: ДХХ

ДХХ томонидан Тошкент ва Бухоро вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди.

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда, маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи 2 нафар шахс Оҳангарон туманидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган МЧЖга 30 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилган 96,6 гектар яйлов ер майдонини мансабдор танишлари орқали, чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 70 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Терговга қадар текширув давомида, маклерлар ушбу ноқонуний ишни Тошкент вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасида бўлим бошлиғи ўринбосари, шуъба бошлиғи ҳамда бош мутахассис лавозимларида ишловчи 3 нафар шахс орқали ҳал қилмоқчи бўлгани аниқланиб, улар ҳам қўлга олинди.

Тошкент туманидаги МЧЖ раҳбари ҳамда ишчиси ўзаро тил бириктириб, муқаддам автотураргоҳ ва интенсив ёнғоқзор ташкил этиш учун, ушбу МЧЖга 9 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилган 50 сотих ер майдонининг 25 сотихини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Оҳангарон туманида яшовчи шахс ўз онасига тегишли чорвачилик фермасига муқаддам 49 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилган 20 гектар ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш ва унинг 40 сотих қисмида қурилиш ишлари олиб бориш учун мансабдор танишлари орқали рухсат олиб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Бу йўналишда Бухоро вилоятида ҳам қонунбузилиши ҳолати аниқланди. Хусусан, Бухоро туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари муқаддам туман ҳокимининг тегишли қарори билан ушбу хўжаликка 49 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратиб берилган 5,3 гектар ер майдонини харидорга 95 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид