Курашдан чиққан Байден, Халқаро суднинг Исроил бўйича қарорини қувватлаган Европа ва Озарбойжоннинг талаби — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Европа Иттифоқи Ҳаагадаги БМТ Халқаро судининг Фаластин ҳудудлари бўйича қарорини қўллаб-қувватлади.
Ўтган жума куни Халқаро суд Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олишини ноқонуний деб топди. Шу муносабат билан Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Боррел Европа Иттифоқининг сиёсий йўналишини ўзгартириш имкониятини кўриб чиқишга чақирди.
Европа Иттифоқи Ҳаагадаги Халқаро суднинг Исроилнинг Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги турар жой сиёсати халқаро қонунларга зид эканлиги ҳақидаги қарорини олқишлади. Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг айтишича, суднинг Исроил Фаластин ҳудудларида мавжудлиги ноқонуний экани ҳақидаги хулосаси, умуман олганда, Брюсселнинг позициясига мос келади.
«Дунё бўйлаб халқаро ҳуқуқ бузилиши фонида биз БМТ судининг барча қарорларига, улар қандай масалалар бўйича қабул қилинганидан қатъи назар, содиқ эканлигимизни маънавий жиҳатдан яна бир бор тасдиқлашга мажбурмиз. Халқаро суд фикрини ва унинг Европа Иттифоқи сиёсати учун мумкин бўлган оқибатларини диққат билан таҳлил қилишимиз керак», деди Боррел.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро суд 19 июл куни Исроилни «Фаластин ҳудудларидаги оккупациясини имкон қадар тезроқ тўхтатишга» чақирди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукмни «нотўғри қарор» деб атади. Суд қарори мажбурий эмас, бироқ Исроилнинг Ғазо секторидаги Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати билан уруши фонида бу Исроилга босимнинг кучайишига олиб келиши мумкин, дея қайд этади AFP.
1967 йилда Исроил арабларнинг эҳтимолий тажовузини баҳона қилиб, Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилни эгаллаб олди. Ўшандан бери Исроил расмийлари босиб олинган ҳудудларда яҳудий аҳоли пунктлари қурилишини қўллаб-қувватлаб келади. Ҳозирда бундай аҳоли пунктларида 400 мингга яқин исроиллик истиқомат қилади.
2005 йилда Исроил Ғазо секторини тўлиқ озод қилди. Орадан бир йил ўтиб минтақада сайловлар бўлиб ўтди ва унда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ғалаба қозонди.
Орадан 18 йил ўтиб, Исроил яна Ғазо секторига ҳужум уюштирди. Урушнинг 289-кунига келиб Ғазодаги қурбонлар сони 38 минг 983 кишига етди. 89 минг 727 киши яраланган. Сўнгги бир сутка ичида 64 киши ўлдирилди, 105 киши ярадор қилинди.
Байден пойгани тарк этди
АҚШ президенти Жо Байден 21 июл куни президентлик пойгасидан чиқаётганини эълон қилди. Бу ҳақдаги хабарни у энг биринчи X ижтимоий тармоғида эълон қилди.
«Сизнинг президентингиз сифатида хизмат қилиш мен учун ҳаётимдаги энг катта шараф бўлди. Мен қайта сайланиш ниятида бўлган бўлсам-да, номзодимни қайтариб олиш ва бутун эътиборимни фақат президентлик муддатимнинг қолган қисмида ўз вазифамни бажаришга қаратишим партиям ва мамлакатларим манфаатларига мос келади, деб ҳисоблайман», — деган 81 ёшли Байден америкаликларга мурожаатида.
Шу тариқа, Байден 1968 йилда иккинчи муддатга сайланмаслигини эълон қилган Линдон Жонсондан кейинги биринчи президент бўлди.
Жо Байден президентлик пойгасидан чиққанини эълон қилиши ортидан АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррисни президентлик лавозими учун номзод сифатида илгари суришни таклиф қилди.
«2020 йилда партия номзоди сифатидаги илк қарорим Камала Ҳаррисни вице-президент сифатида танлаш бўлганди. Бу менинг энг яхши қарорим эди», — деган Байден.
Вице-президенти Камала Ҳаррис ҳам АҚШ президентлигига номзодини қўйишни режалаштираётганини маълум қилди. «Президентнинг тасдиғини олиш мен учун катта шараф ва мен бу номзодликни қўлга киритиш ва ғалаба қозониш ниятидаман», деган у.
Ҳаррис республикачи Доналд Трампни мағлуб этиш учун «Демократик партия ва халқни бирлаштириш» мақсадида «ҳамма нарсани қилишини» қўшимча қилди.
Байден ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилганидан сўнг Трамп уни «мамлакат тарихидаги энг ёмон президент» деб атаган.
Трампга кўра, демократларнинг эндиги номзоди сифатида кўрилаётган вице-президент Камала Ҳаррисни енгиш Байденни енгишдан кўра осонроқ бўлади.
У Байден «президентлик сайловида иштирок этишга лойиқ номзод бўлмагани ва бу лавозимга умуман муносиб эмаслиги»ни таъкидлаган.
«У президентлик лавозимига фақат ёлғон, сохта хабарлар ва ўз ертўласидан чиқмасдан эришганди. Американи ёмон кўрувчи Вашингтон истэблишменти, ОАВ, коррупциялашган ички давлатлар уни ҳимоя қилиш учун қўлларидан келганини қилишди, лекин у шармандали тарзда курашдан чиқди. Унутманглар, бизнинг барча ғалабаларимиз сизлар туфайли. Лекин биз газ педалидан оёғимизни олмаймиз. Фақат олға босамиз», — дея ёзган у.
Трампнинг имкониятлари
АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон президентлик курашида Трамп ғалаба қозонмаслиги кераклиги ҳақида фикр билдирган.
“Трамп — Украина учун жуда ёмон янгилик. Трампда бирор бир концепциянинг ўзи борлигига ишонмайман, у сиёсат билан шуғулланмайди, у битимлар тузади — чунки у дунёни айнан шундай кўради. У Зеленский билан суҳбатлашгани ҳақида ҳикоя қилар экан, у “Мен АҚШнинг кейинги президенти сифатида бутун дунёга тинчлик келтираман, шунча инсонни ҳаётдан олиб кетган ва кўплаб оилаларда етимларни кўпайтирган урушга якун ясайман”, деган.
Мен психиатр эмасман, лекин “бутун дунёга тинчлик олиб келаман”, дейдиган инсонлар руҳан соғ эмаслигини биламан. У урушни якунлаш тўғрисидаги музокараларни қандай олиб бориш тўғрисида мутлақо тушунчага эга эмас, лекин унинг Владимир Путин билан яқинлиги Россия томонига ён бериши, Украина учун ҳалокатли оқибатлар олиб келади, деб ўйлайман.
Ҳозир жуда оғир давр ва нафақат Украина учун. Биз Украинага хайрия қилиш ёки кўнгилчалик учун ёрдам қўлини чўзмадик. Бизнинг Украинага ёрдам бераётганимизга сабаб Америка миллий хавфсизлиги асосида Европа қитъасида провокация қилинмаган агрессиядан ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликка интилиш ётгани учундир. Бу бизга улкан манфаат келтиради.
Биз бу ишларни беминнат амалга ошираётганимиз йўқ. Байден администрацияси Украинага ёрдамни демократия учун қандайдир эзотерик кураш сифатида характерлайди. Бу ҳам тўғри эмас. Гап Американинг туб манфаатлари ҳақида бормоқда. Буни Трамп ҳам, унинг эҳтимолли вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳам тушунмайди”, — деган Жон Болтон.
Исроилнинг Яманга зарбаси
Исроил Ямандаги ҳусийчилар назоратида бўлган Ҳудайда портига F-15 қирувчи самолётлари билан авиазарбалар йўллади. Бунга ҳусийчилар дрон билан Тел-Авивга ҳужум қилгани сабаб бўлган.
Санодаги ҳусийчилар ҳукумати Исроил денгиз соҳили яқинидаги нефт сақланувчи омборларга, шунингдек электр станциялар бўйлаб зарба йўллаганини маълум қилган. Ҳусийчиларга алоқадор янгиликлар агентлиги зарбалар оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, 80 дан ортиқ киши яраланган.
«Биз ҳужум қилган портдан ҳарбий мақсадларда фойдаланилган ва Эрон томонидан ҳусийчиларга етказиб берилган қурол-яроғларни ташиш пункти бўлиб хизмат қилган», деган Нетаняҳу.
Ҳусийчилар вакили Муҳаммад Абдулсалом Ҳудайда порти бўйлаб авиазарбаларни «Исроилнинг Яманга қарши шафқатсиз тажовузи» деб атаб, ундан мақсад ҳусийчиларга Ғазо секторидаги фаластинликларни қўллашни тўхтатиши учун босим уюштириш экани, аммо бундай бўлмаслигини айтган.
«Ҳусийчилар бизга 200 мартадан ортиқ ҳужум уюштирди. Улар Исроил фуқароларига зарар етказган илк ҳолатдан кейин биз уларга зарба бердик. Ва биз бу талаб қилинган исталган жойда шундай қиламиз», — дея қўшимча қилган Исроил мудофаа вазири Йоав Галант.
Ҳусийчиларнинг олий сиёсий кенгаши эса Исроил авиазарбаларига «самарали жавоб» бўлишини маълум қилган.
Озарбойжоннинг талаби
Озарбойжон токи Арманистон ўз конституциясига ўзгартириш киритмас экан, улар билан сулҳ шартномаси тузмоқчи эмас. Бу ҳақда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев айтиб ўтган.
“Арманистон конституциясида Мустақиллик декларациясига ҳавола бор, бу эса Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилади, чунки унда Арманистон Тоғли Қорабоғ деб атаб олинган ҳудуд билан қўшилиши ҳақида гапирилган. Токи бу пункт бор экан, сулҳ шартномаси имконсиз бўлиб қолаверади”, - деган Алиев.
Алиевга кўра, арманларнинг конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги талаб асло Озарбойжон томонидан Арманистоннинг ички ишларига аралашиш ҳисобланмайди.
Чиндан ҳам Арманистоннинг мустақиллик тўғрисидаги декларациясида Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғ миллий кенгашининг “Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг қўшилиши тўғрисидаги” 1989 йил 1 декабрдаги қўшма қарори асосида мустақил арман давлатчилигини тузиш ҳақида гап боради.
Бироқ Тоғли Қорабоғ сепаратистик ҳудуди унинг президенти Самвел Шаҳрамяннинг фармони билан 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб тугатилган. Яъни энди амалда йўқ нарса билан қўшилиб бўлмайди.
Мавзуга оид
13:18 / 04.11.2024
Ғазода қамалда қолган 100 минг инсон, иттифоқчиларидан хафа Эрон ва Сандунинг сайловдаги ғалабаси — кун дайжести
13:08 / 02.11.2024
Ливандаги янги қурбонлар, жавоб ҳужумига тайёрланаётган Эрон ва жангга киришга ҳозирланаётган КХДР аскарлари — кун дайжести
13:59 / 01.11.2024
Ливанда оташкесим келишуви, Исроилнинг йўқотишлари ва Зеленский КХДР аскарлари ҳақида — кун дайжести
13:00 / 31.10.2024