Жамият | 10:13 / 17.03.2026
13291
2 дақиқада ўқилади

Туркияда ўзбекистонлик аёл тўртинчи қаватдан тушиб кетди

Ҳодиса тафсилотлари маълум эмас.

Фото: Истанбул шаҳридаги Бош консулхона

Туркиянинг Измир шаҳрида Ўзбекистон фуқароси, 22 ёшли Севдора Ҳакимжонова ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватидан тушиб кетди, деб хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхона.

Ҳозирда у давлат шифохонасида даволанмоқда. Шифокорларнинг маълумотига кўра, унинг аҳволи оғир.

«Ҳакимжонова Туркия фуқароси бўлган шахс билан имом никоҳи асосида турмуш қурган, бироқ ушбу никоҳ расмий тартибда қайд этилмаган. Маълумотларга кўра, никоҳ маросими Наманган вилояти Чуст туманида ўтказилган», – дейилади хабарда.

Кейинчалик улар Измирга келиб, куёвнинг яқин қариндошлари билан бир хонадонда яшаб келган. Қайд этилишича, турмуш ўртоғи ҳам Ҳакимжонова каби эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахс ҳисобланади.

Ҳолат юзасидан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан жиноий иш қўзғатилган. Воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тўпланган материаллар тегишли тартибда прокуратура органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Вазият Бош консулхона назоратига олинган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид