Ўзбекистон | 09:01 / 16.12.2020
61769
5 дақиқада ўқилади

Мустақил тадқиқотчи Гулбаҳор Султонова: “Ёзда учта Ўзбекистонга етадиган газимиз қишда етмай қолишининг сабаблари бор”

Муҳандис Гулбаҳор Султонова газ тарқатиш тизимига оид шахсий изланишлари ва таклифлари билан кўпчилик назарига тушган. Доимий муаммолар гирдобида қолган бу соҳа бугунги кун талабига жавоб бермай қолгани кундек аён. Айниқса, қишли-қировли кунларда ҳаммани бир савол қийнайди – нега Ўзбекистон газ қазиб олувчи илғор мамлакатлардан бири бўла туриб ўзи газга ёлчимайди? Гулбаҳор Султонованинг фикрича, ҳаммаси соҳага нотўғри ёндашув оқибатида шу ҳолга келган. У Kun.uz билан суҳбатда барчасини ўз кузатувлари асосида тушунтириб берди.

– Гулбаҳор опа, нега тадқиқотлар айнан газ етишмовчилигига оид?

– Ўзим муҳандис-механикман, политехника институтини тугатганман, Фарғона шаҳаргаз таъминотида ишлаганман, яъни соҳага бегона эмасман. Тўғри айтдингиз, айнан Ўзбекистонда газ етишмовчилиги сабаблари бўйича 10 йилдан буён мустақил тадқиқот олиб бораман. Бунинг сабаблари аниқ, йилдан йилга бу тизим муаммолари ортиб боряпти, халқимиз қийналяпти, вазият бадтар чигаллашиб кетяпти.

Газ Аллоҳ берган неъмат. Бизга айнан шу неъматни берган. Қайсидир давлатга ўрмон берган, кимгадир денгиз берган, яна кимгадир бошқа нарса. Бизга берилган газ неъматидан тўғри фойдаланишимиз шарт.

Энергетика вазирлиги тинимсиз маълумотлар бериб боряпти. Аммо уларда газ етиб бормаслигининг асосий сабаблари кўрсатилмаяпти. Гап айнан эксплуатациянинг қоидаларига амал қилинмаслигида, ички тизим нотўғри ишлашида, илмий асосга эга эмаслигида.

Аҳолига эса у томонлари қизиқ эмас, у боласини, кексаларни, ўз жонини совуқдан сақлаши керак. Масалан, бу йил қиш қаттиқ келди, ҳар қандай ўтин-кўмир захираси ҳали қиш келмай ноябр ойидаёқ тугаб битди. Лекин бу ҳолат қачонгача давом этади? Қачон илмий жиҳатдан ёндашамиз ва нотўғри сарф-харажатларнинг олдини оламиз?

Ўрганишларим жараёнида бошқа давлатлардаги бу соҳада олиб борилган илмий ишлар билан танишдим. Аммо, минг афсуски, Ўзбекистонда ҳеч кимнинг, олимларимиздан бирортасининг тизимни эксплуатация қилиш, газни тўғри тақсимлашга оид илмий ишларини учратмадим.

Мана шу омиллар туртки бўлиб бу соҳа устида мустақил тадқиқотлар олиб боряпман.

– Фикрингизча, гап айнан тарқатиш тизимидаги нотўғри ёндашувдами?

– Албатта, аҳолига газ етиб бориши жуда мураккаб жараён, қазиб олиш, етказиб бериш, тарқатиш каби бир неча босқичларни ўз ичига олади. Мен ўз тадқиқотларимда айнан тарқатиш тизимидаги муаммолар бўйича ўргандим. Аслида, ҳар бир босқич ўрганилиши, илмий жиҳатдан асосланиши шарт.

Газ тарқатиш тизимимизда тупиклар ва ҳалқа йўллар ҳаддан ташқари кўпайиб кетган. Газ қувурларининг ўтказувчанлик даражаси паст, траекториялари аксарият ҳолларда нотўғри, исроф ниҳоятда юқори. Босим беқарорлиги (содда қилиб давление ўйнаши деймиз) бўйича таҳлиллар йўқ. Шу билан бирга, соҳанинг аксарият ходимларининг қувурларга, умуман тизим мулкига муносабати шу даражада ёмонки, ҳайрон қоласан киши.

– Кўпчилик мутасаддилар муаммо аҳолининг газдан нотўғри фойдаланишида, деган фикрни илгари сурадилар.

– Бу жуда оғриқли масала. Хўш, аҳолида танлов имконияти борми? Совуқ мавсум тўрт-беш ойлаб давом этса, бир ойга бормай ҳамма ўтинини ёқиб тугатса, кўмирнинг нархи осмонда бўлса, тарқатилган кукун ёнмаса, таппи ҳаммада ҳам бўлмаса, ғўзапоя етмаса, газ йўқолиб унутилиб кетган бўлса, аҳоли нима қилсин?!

«Суюлтирилган газ, суюлтирилган газ», дейишади. Ўлда-жўлда етказилаётган суюлтирилган газ фақат овқат пиширишга аранг етиши мумкин. Аммо уйни иситиш-чи, ювиниш-чи?

Муаммо иккинчи муаммони туғдиряпти. Аҳоли мажбурликдан қўлбола печлардан фойдаланяпти, газ бор жойларда газ тортиш мосламаларини ишлатяпти. Натижада, ис газидан ўлим ҳолатлари ҳаддан ташқари кўпайиб кетяпти. Кексалар, аёллар, ҳеч нарсани тушуниб улгурмаган гўдаклар ўляпти. Ахир, бу даҳшатли фожиа-ку!

– Бу изланишларингиз фақат муаммоларни аниқлашда ёрдам берадими ёки аниқ ечим ҳам таклиф қиласизми?

– Албатта, ўзим яшайдиган ҳудуд, Фарғона вилояти бўйлаб жуда кўп жойларда бўлганман ва ҳар доим газ тарқатишдаги хатоликлар, исрофларни кўриб ҳайратга тушаман. Гап физикавий қонунларга амал қилмасликда.

Масалан, ёзда биздаги газ босими учта Ўзбекистонга етади. Лекин қишга бориб эски ҳаммом, эски тос. Ахир, бутун дунё аллақачон газни сақлаш омборларидан кенг фойдаланяпти-ку? Бизга қачондир иш берган омборлар Қирғизистон ҳудудида қолиб кетди. Жалолободдаги битта омбор камлик қилади, яна у ҳам асосан битта ташкилотга ишлайди.

Бугунги кунда довон ён-атрофидаги адирликларга йирик омбор ёки бир неча омборлар қуриш керак. Албатта, бу бирданига бўлиб қолмайди, бир неча йил керак. Аммо бугун киришмасак, ўсиб бораётган аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олмасак, эртага кеч бўлади.

Иккинчи жиҳат, қувурларнинг ўтказувчанлиги пастлиги. Кўпчилик Қамчиқ довонидан ўтаётганда газ қувурларини кўрган. Совуқ мавсумда, айнан газга зарурат ошганда бу қувурларнинг ўтказувчанлиги пасая бошлайди. Уни меъёрида сақлашнинг аниқ усуллари бор. Шуларни қўллаш керак.

Мен учун энг оғриқлиси, қувурлардаги исрофлар ва бу муаммога панжа ортидан қаралиши. Кўрган бўлсангиз, битта кичик қувур мисолида қанча исроф бўлиши, бу исрофга йўл қўйилмаса, 10 минг киши газ билан таъминланиши мумкинлигини асослаб тушунтириб берганман.

Элмурод Эрматов суҳбатлашди.

Мавзуга оид