Тошкентдаги модалар ҳафталиги ижтимоий тармоқда танқидга учради. Ташкилотчи изоҳ берди
Тошкент шаҳрида ўтган модалар ҳафталиги доирасида намойиш этилган либосларнинг айримлари салбий изоҳларга сабаб бўлди. Ташкилотчининг изоҳ беришича, эркаклар кийиб чиққан либосларни репетиция жараёнида аёллар кийган, лекин намойиш олдидан дизайнер импровизация қилишни хоҳлаб, либосларни эркакларга кийдириб юборган.
Тошкент шаҳрида 13-18 май кунлари Uzbekistan Fashion Week – 2023 (Ўзбекистон мода ҳафталиги – 2023) тадбири бўлиб ўтди. Ҳафталик дизайнер Дилноза Умрзоқова ташкилотчилиги асосида ўтган. Kun.uz мухбири у билан суҳбатлашиб, намойиш мақсади ва подиумда олиб чиқилган либослар ҳақида батафсил маълумот олди.
Намойишда 300 дан ортиқ коллекциялар ҳужжати топширилган ва шундан 35 нафар дизайнер 500 га яқин либослари билан подиумда иштирок этган. Дизайнерлар асосан ўзбекистонликлар бўлиб, яна бир қанча қозоғистонлик ва марокашлик Ифраҳ Артси таклиф этилган. Либосларнинг аксар қисми миллий матолардан тикилган. Модалар ичида одатда аёлларга мўлжалланган либосларни эркаклар кийиб чиққани жамоатчилик эътиборини тортди ва турли платформаларда муҳокамаларга сабаб бўлди.
Журналист Фотима Жўраева либослар «менталитетга ётлиги»ни айтиб, «буларнинг кириб келишига йўл қўймаслик кераклиги»ни ёзган. Facebook’даги айрим фойдаланувчилар эса «либосларда бир жинслилик маданияти тарғиб қилинган» деган хулосага борган бўлса, яна бири «Ўзбекистон олган қарзлари бадалини шундай тўлаяпти», деган маънода пост қолдирган.
Мавзу Twitter фойдаланувчилари томонидан ҳам муҳокама қилинди. Фойдаланувчилардан бири модалар ҳафталиги Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилганини айтиб, твит ёзган. Унга жавобан агентлик раҳбари Алишер Саъдуллаев ҳафталикнинг ташкилотга алоқаси йўқлигини билдирган.
Бундан ташқари, агентлик матбуот хизмати воқеага расмий муносабат ҳам билдирди. Унда айтилишича, тадбир бир қатор ташаббускорлар ва хусусий сектор вакиллари томонидан ташкил этилган ва ижтимоий тармоқларда агентлик лойиҳаси сифатида хато кўрсатилган.
«Агентлик Uzbekistan Fashion Week доирасида намойиши бўлиб ўтган ва жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган миллий қадриятларимизга зид бўлган кўргазмали чиқишлар тўлиқ ташкилотчилар ташаббуси эканлигини ва ташкилотнинг бунга алоқаси йўқлигини маълум қилади», – дейилган изоҳда.
Жамоатчиликда бу тадбирни ўтказиш кимнинг ҳисобидан молиялаштирилган, либослар намойишдан олдин кўриб чиқилиб, маҳаллий аҳоли маданияти билан ҳисоблашилмаганми, каби саволлар туғиляпти. Буларга жавобни ташкилотчи Дилноза Умрзоқова тушунтириб берди.
У мода Ўзбекистонда охирги 10 йилда деярли тўхтаб қолган соҳа экани, шундай бўлса ҳам дизайнерлар ишлагани, лекин йиғилиб бир-бирининг ишини кўриб, фикр алмашиш жараёни бўлмаганини айтади.
«Етарлича мутахассис, соҳани тушунадиган режиссурада ишлайдиган одамлар ҳам йўқ Ўзбекистонда. Ўша хато ҳам айнан режиссура хатоси билан бўлган. Айнан эркакларнинг юбкада чиққан коллекцияси 20 ёшли талаба қизга тегишли.
Бизда ўзи кийимлар 3 босқичли кўрикдан ўтиб, кейин тасдиқланади. Ўшанда дизайнер қиз либосларини қиз болага кийдириб тасдиқлатган. Репетиция жараёнида ҳам либосларни қизлар кийганди. Лекин эътиборни тортмоқчи бўлиб, подиумга чиқиш олдидан кийимларни йигит моделларга кийдириб, импровизация қилмоқчи бўлган. Ғояси бунақа тарғиб қилинишини билмаган», – дейди Умрзоқова.
Жамоатчилик орасида модалар ҳафталиги қандайдир буюртма асосида бўлган деган фикрлар ҳам юрибди. Дизайнер бунга ҳам изоҳ берди.
«Ҳаммаси ўзимизнинг маблағдан бўлган. Нега у қизни олдик? Биринчидан, ёшлар текинга чиқади, иккинчидан, ҳафталикда турфа хилликни таъминлашни хоҳладик», – дейди ташкилотчи.
Умрзоқова жамиятда одамларнинг эътибори миллий намойиш қилинган либослардан четда қолаётганидан ранжиганини айтди. Чунки 300 га яқин либос миллий матолардан қилиб, ўзбекона характерда бўлган.
«Масалан, Абдулла Қодирий уй-музейида «Анор ва Нади» коллекциясини намойиш қилдик. У ерда бир-биридан чиройли ва миллий маданиятни акс эттирган либослар кўп эди. Лекин унга эътибор қаратишмади», – дейди у.
Абдулла Қодирий уй-музейида намойиш қилинган либослардан бирида собиқ иттифоқ байроғи тасвири ҳам бўлган. Умрзоқова бундан ҳеч қандай таг маъно қидирмаслик кераклиги, ташкилотчиларда ҳеч қандай иттифоқпарастлик ғоялари йўқлиги, бу фақат битта либосда акс этгани ва бу ҳам матони исроф қилмаслик мақсадида олинганини айтди.
«Битта йўналиш «Экология ва мода» деб номланганди ва эски матоларни исроф қилмаслик, табиатни асраш мақсадида дизайнерлар шу матодан фойдаланган. Менимча, бунақа таг маъно исталган бренд ёки дизайнер ишидан ҳам топилади», – дейди лойиҳа раҳбари.
У жамоатчиликнинг хато талқини ортидан дизайнерларнинг оила аъзолари уларнинг соҳасида ишлашга рухсат бермаслик ҳолати бўлганини ҳам айтиб ўтди.
«Ўша намойишда қатнашган дизайнерларнинг оила аъзолари ишлашга рухсат бермаслик ҳолати бўляпти. Лекин бунинг ортида бир ярим минг одам ишлайди. Шунча одам битта видео деб қорага чиқиб кетяпти», – дея афсус билан таъкидлайди ташкилотчи.
Ҳафталикда Марокашдан келган дизайнер Ифраҳ Артси либоси ҳам муҳокамага сабаб бўлди.
«Тўғри у бизнинг менталитетга тўғри келмас, лекин бу уларнинг маданияти. Хўп, ким ўрталиқдаги чегарани белгилаб беради, санъатда қаерда тугайди чегара?
Ҳар бир миллатнинг ўзига хослиги бор ва бундан юз ўгириб бўлмайди. Қолаверса, модаларимиз дунёга чиқиши учун биз ҳам йирик дизайнерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишимиз керак. Биз чақирган дизайнерлар Беёнcе, Шакира каби қўшиқчиларга кийим тикиб беради. Биз дунёвий давлатмиз деяётган бўлсак, уларга хам очиқ бўлишимиз керак”, – дейди у.