Соғлом ҳаёт | 11:40 / 26.11.2025
1529
16 дақиқада ўқилади

Нарциссизм, шизотипия, антисоциаллик: шахсият бузилишлари қандай пайдо бўлади?

Инсон характери тасодифий шаклланмайди, у болаликдаги кечинмалар, оилавий муҳит, генетик омиллар ва стрессларга берилган жавоблар натижаси сифатида ривожланади. Айрим хулқ моделларининг ҳаддан ташқари кучайиши шахсият типларини, баъзан эса унинг бузилишларини юзага келтиради. Ушбу мақолада шахсият бузилиши шакллари ва ҳолатни даволаш усуллари ҳақида ёритилади.

Шахсият бузилиши инсоннинг ўйлаш, ҳис қилиш ва бошқалар билан муносабат қуриш усулини издан чиқарадиган, узоқ йиллар давомида шаклланадиган руҳий ҳолатдир. Оддий кайфият ўзгаришларидан фарқли равишда мазкур бузилиш индивиднинг феъл-атворига чуқур сингиб кетади ва деярли доимий бўлади. Оқибатда одам вазиятга мослашишда қийналади, стрессни бошқара олмай қолади, атрофдагилар билан муносабатларида тез-тез келишмовчиликлар юзага келади.

Энг эътиборлиси, бундай бузилишга эга одам кўпинча ўзида муаммо борлигини сезмайди: у буни “оддий характер” деб ўйлайди. Аслида эса шахсият бузилиши иш фаолиятидан тортиб оилавий ҳаётгача бўлган кўплаб соҳаларда барқарорликни издан чиқаради ва инсоннинг сифатли турмуш кечиришига тўсқинлик қилади.

Бу ҳолат вақтинчалик эмоционал тушкунлик ёки стресс таъсирида эмас, кўпинча ёшлик даврдан ёки ўсиш жараёнида шаклланади ва йиллар давомида сақланади.

Асосий белгилари:

Шахсият бузилишида одамнинг хулқи ва ҳиссиётлари одатдагидан фарқ қилади. Бундай одам:

  • ҳиссиётлари ўта кучли бўлади ёки аксинча, деярли ҳеч нарса ҳис қилмагандек кўринади;
  • кўпинча ўйламасдан иш қилади, шошқалоқлик устун бўлади;
  • вазиятга мослашишга қийналади;
  • муносабатларида жанжал, тушунмовчилик ва беқарорлик тез-тез такрорланади;
  • одамга тез ишонмайди ёки ҳаддан ташқари кучли ёпишиб қолади;
  • ўзини баҳолашида барқарорлик етишмайди: бир куни ўзини энг зўр деб билса, эртаси куни шахсиятидан нафратланиши мумкин.

Кўпчилик бу каби ҳолатларни “феълим шунақа”, “характерим оғир” деб қабул қилади. Шу сабабли аслида руҳий ёрдамга муҳтож бўлса ҳам, мутахассисларга мурожаат қилмай, муаммони йиллар давомида ўзи билан олиб юради.

Муаммо қандай пайдо бўлади?

Ўзбекистон контекстида шахсият бузилишига доир расмий статистикаларни деярли топиб бўлмайди, мамлакатда руҳий саломатликка оид масалалар ҳали ҳам кучли стигма остида. Психолог ёки психиатрга мурожаат қилиш кўпчилик учун “уят”, “шармандалик” деб қаралади. Шу боис шахсият бузилишига учраган кўплаб одамлар ҳолати йиллар давомида нотўғри талқин қилинади. Жамиятда бундай одамлар кўпинча”характери ёмон”, “ўзи шунақа”,“тарбияси бузуқ бўлган-да” деган айбловларга дуч келади. Аслида эса шахсият бузилиши тарбия билан боғлиқ муаммо эмас. Илмий изланишлар шахсият тузилмаси ва эмоционал тартибга солиш механизмларининг генетика, болаликдаги травма, тарбия сифати, ижтимоий шароит ва мия фаолиятидаги ўзгаришлар уйғунлигида шаклланишини кўрсатади. Демак, бунда инсоннинг “ёмон характери” эмас, унинг руҳий тизими муайян босқичда нотўғри йўналишда шаклланган бўлади:

  • Болаликдаги травмалар ва тарбия. Шахсият бузилишининг энг кенг тарқалган сабаби болаликда олинган руҳий жароҳатлардир. Узоқ давом этган эътиборсизлик, ота-онанинг бир-бирига зид талаблари, қўполлик, жисмоний ёки эмоционал зўравонлик боланинг дунёни “хавфли жой” сифатида қабул қилишига олиб келади. Бундай тажриба шахсда ўзига бўлган ишончни пасайтиради, бошқалар билан соғлом муносабат ўрнатиш қобилиятини издан чиқаради. Улғайганда одамларни ишончсизлик билан қабул қилиши, муносабатларда ҳаддан ташқари боғланиб қолиши ёки аксинча, ҳиссий жиҳатдан ёпиқликка мойиллашиши мумкин. Яъни болаликдаги беқарорлик шахсиятнинг етилмаган “асос”ини шакллантириб, кейинчалик руҳий мувозанат бузилишига олиб келади.
  • Генетика ва темперамент. Баъзан инсоннинг туғма хусусиятлари унинг характерига йўналиш беради: кимдир ўта сезгир, кимдир тез ҳаяжонга тушадиган, яна кимдир ўйламасдан кескин ҳаракат қиладиган бўлади. Бу хусусиятлар кўпинча генетика ва темпераментнинг таъсири натижасида юзага келади. Аммо мазкур жиҳатлар ўз-ўзидан муаммо туғдирмайди: уларни шахсият бузилишининг “тайёр рецепти” деб бўлмайди. Аслида ушбу воситалар вазият учун “пойдевор”ни яратади. Қолганини эса инсон улғайган муҳит белгилайди. Агар бундай туғма жиҳатлар беқарор, қўполлик кўп бўлган ёки эътибор етишмайдиган оилада шаклланса, улар салбий йўналишга бурилиб кетиши мумкин. Аммо аксинча: меҳрли, қўллаб-қувватловчи, боланинг ҳис-туйғулари қадрланадиган муҳит бўлса, ҳатто импулсив ёки ўта сезгир темперамент ҳам соғлом характерга айланади. Яъни генетика йўлнинг фақат бошланишини белгилайди. Қайси томонга юриш эса муҳит, тарбия ва ҳаётий тажрибаларга боғлиқ.
  • Жамият ва ижтимоий тажриба. Шахсиятнинг шаклланиши фақат оилага боғлиқ эмас, ушбу жараёнда жамиятдаги тажриба ҳам катта рол ўйнайди. Оилавий қадриятлар, дўстлар муҳити, ижтимоий босим, ёлғизлик ёки кўпчилик орасида ҳам ўзини бегона ҳис қилиш ҳислари инсоннинг ўзига ва бошқаларга бўлган муносабатини ўзгартиради. Масалан, одам доим танқид қилинадиган ёки қадри билинмайдиган муҳитда яшаса, ўзини паст баҳолаш, ҳимоявий тажовузкорлик ёки бошқаларга ҳаддан ташқари кучли боғланиб қолиш сингари хулқлар шаклланиши мумкин.
  • Нейробиологик омиллар. Мия фаолиятидаги айрим биологик фарқлар ҳам шахсият бузилиши ривожланишига таъсир этади. Эмоцияларни назорат қилиш, импулсни бошқариш, хавфни баҳолаш ёки стрессга жавоб бериш учун масъул бўлган мия қисмларининг фаолияти ҳар бир инсонда турлича. Ушбу механизмлар стресс, жароҳат ёки касаллик сабаб ўзгариши мумкин. Оқибатда одам ҳиссиётларини бошқаришда қийинчиликка дуч келади, қарорларни тез-тез ўйламасдан қабул қилади ёки вазиятга мос реакция бера олмайди. Бу эса муносабатлар ва кундалик ҳаётда муаммоларнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

Турлари

Психиатрияда шахсият бузилишлари учта катта кластерга ажратилади. Ҳар бир кластер ўзига хос хатти-ҳаракатлар, фикрлаш шакллари ва эмоционал реакция билан тавсифланади.

А кластер: “Ғайриоддий ва шубҳали хулқ” гуруҳи

Бу гуруҳдаги шахсият типлари билан яшайдиган инсонлар атрофдагиларга ишонмайди, уларнинг фикрлаши ноодатий ва ҳатто бошқаларга бироз “ғалати” туюлади. Уларнинг ижтимоий мослашуви қийин, суҳбатларида ноқулайлик сезилади, дунёни бошқача кўриши эса кўп ҳолларда жамиятдан узоқлаштиради. Ушбу кластерга қуйидаги бузилишлар киради:

  • Параноид шахсият типи. Бу турдаги одамлар атрофдагиларга доимий шубҳа билан қарайди. Улар учун ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракатнинг “яширин маъноси” бордек туюлади. Оддий танқидни ҳам ҳужум сифатида қабул қилиши, одамларнинг ниятидан шубҳаланиши ва ҳатто яқинларига ҳам тўлиқ ишонмаслиги мумкин. Доимий эҳтиёткорлик, ички таранглик ва “мендан фойдаланишяпти” деган фикрлар уларнинг ҳаётини мураккаблаштиради. Мазкур типдагилар муносабатларда совуққон бўлиш, одамлардан узоқ туришни афзал кўради.
  • Шизоид шахсият типи. Шизоидлар кўпинча ёлғизликни танлайди. Улар учун одамлар билан яқин бўлиш, кучли эмоционал муносабатлар ёки дўстлик чуқур қизиқиш уйғотмайди. Эмоцияларини очиқ ифода қилмайди, шунинг учун кўпчилик уларни бефарқ ёки ҳиссиз деб ўйлайди. Аслида эса бундайлар шунчаки ички дунёсида фаолроқ, ташқи алоқага эҳтиёж сезмайди. Шахсий ҳудуди, мустақиллиги ва тинчлиги улар учун энг муҳим қадрият ҳисобланади.
  • Шизотипал шахсият типи. Бу турдаги инсонлар ноодатий фикрлаши, ғайриоддий эътиқодлари ёки ўзига хос қарашлари билан ажралиб туради. Улар баъзан вазиятларни нотўғри талқин қилиши, тасодифий воқеаларда алоҳида маъно кўриши ёки мистик қарашларга берилиши мумкин.

Б кластер: “Эмоционал беқарор ва импулсив хулқ” гуруҳи

Мазкур кластер вакилларида ҳис-туйғулар жуда кескин ўзгаради. Улар тез жаҳли чиқиши, ҳиссиёт таъсирида қарорлар қабул қилиши, муносабатларида ўзгаришлар кўп бўлиши билан ажралиб туради. Ушбу кластерга қуйидагилар киради:

Антисоциал шахсият бузилиши. Бу турдаги одамлар жамият қоидасини “мажбурий тартиб” деб эмас, балки “тўсиқ” сифатида қабул қилади. Улар кўпинча қонунларни бузиши, ёлғон гапириши ёки бошқалардан фойдаланиши мумкин. Манипуляция улар учун оддий восита бўлиб қолади: керак бўлса одамларни алдаб, ачиниш ҳиссини уйғотиб ёки тажовузкор йўл билан мақсадига эришади. Энг хавотирли жиҳати шундаки, улар кўпинча қилган ишидан пушаймон бўлмайди. Жамият меъёрларига бўйсунмаслик, агрессивлик, хавфли хатти-ҳаракатлар уларнинг ён дафтарчасидаги одатий хулқ шаклидир. Бундай инсонлар ишда, оилада, дўстликда барқарорликни ушлаб туролмайди, чунки улар учун масъулият, жавобгарлик ва эмпатия деярли мавжуд эмас.

Чегарадош шахсият бузилиши. Мазкур типдаги одамларда ҳис-туйғулар шу қадар тез ва кескин ўзгарадики, улар ўзларини ҳам бошқариб улгурмайди. Бир лаҳзада меҳрибон, илиқ, самимий бўлиши мумкин, кейинги дақиқада эса кескин жаҳли чиқади, қўрқади ёки ўзини кераксиз ҳис қилади. Уларнинг ички оламида энг катта қўрқув – ташлаб кетилиш. Бир киши уларга эътибор бермай қўйса ёки қисқа масофа сақласа, буни “мени тарк этяпти” деб қабул қилади. Бу эса импулсив ҳаракатлар, яъни ўйламай қилинган қарорлар, кескин жанжаллар, ҳатто ўзига зарар етказишгача олиб келиши мумкин. Муносабатлар ҳам шунга яраша: бир одамни бир кун “мукаммал”, эртасига эса “умуман ярамайдиган” деб баҳолайди. Бу тўлқинланиш чегарадош шахсиятнинг энг характерли белгиси ҳисобланади.

Гистероид (ҳистрионик) шахсият бузилиши. Гистероидлар учун саҳна ҳеч қачон ёпилмайди: улар қаерга борса, ўша ерда “асосий рол”ни эгаллашга интилади. Эътибор марказида бўлиш, мақтов эшитиш, ўз жозибасини намойиш қилиш уларнинг ички эҳтиёжига айланади. Улар кўпинча ҳаддан ташқари драматик гапиради, ҳиссиётларини бўрттириб ифодалайди, кийиниш услубида ҳам эътибор тортиш муҳим ўрин тутади. Бошқалар уларни қувноқ, очиқ, дўстона деб қабул қилиши мумкин, аммо кўп ҳолларда бундай инсонларнинг муносабатлари саёз бўлади: улар бошқаларнинг чуқур ҳис-туйғуларини англашда қийналади.

  • Нарциссистик шахсият бузилиши. Мазкур кластерга кирувчи одамларда ўзига бўлган муҳаббат меъёри ошиб кетади. Улар ўзини бошқалардан устун деб билиши, мақтов ва тасдиқни доимий излаб юриши билан ажралиб туради. Улар учун обрў, қиёфа, муваффақият ички таянч эмас, бошқалар орқали мустаҳкамланадиган қадрият саналади. Энг кичик танқид ҳам уларни ларзага солади, ташқи олқиш бўлмаса, ички ишонч таянчсиз қолади. Кўпинча улар бошқаларнинг ҳис-туйғусини ҳисобга олмайди, эмпатия паст бўлади, суҳбатларда ўзини марказга қўяди. Бироқ ташқи ишончнинг ортида кўпинча ноаниқлик, ўз-ўзини шубҳа остига қўйиш ва ички мўртлик яширинади.

C кластер:“Ташвишли ва қўрқоқ шахсият” гуруҳи

Бу гуруҳга кирувчи одамлар учун ҳаётнинг асосий фонида доимий хавотир, эҳтиёткорлик ва ўзидан шубҳаланиш ҳукм суради. Улар ижтимоий алоқаларда ўзини эркин тутолмайди, қарор қабул қилишда иккиланади, танқид ёки рад этилишдан ҳаддан ташқари қўрқади.

Қочувчан шахсият бузилиши. Ушбу типдаги одамлар ўз ичида бўрттирилган катта қўрқув билан яшайди: “Мени рад этишса-чи?”, “Кулгига қолмасмиканман?”, “Ёмон кўрсалар-чи?” ва ҳакозолар. Улар учун ижтимоий вазиятлар кичик синов эмас, ҳақиқий хавотир манбаи. Шу сабаб улар янги жойлар, нотаниш одамлар ёки ҳатто кичик суҳбатлардан ҳам қочишга ҳаракат қилади. Ўзини паст баҳолаш одатга айланади: кўпинча шахсини жозибадор, қобилиятли ёки арзигулик деб ҳис қилмайди. Энг қийин томони, улар аслида ижтимоий алоқани жуда хоҳлайди, аммо рад этилишдан ҳаддан ташқари кучли қўрқиб, бу истакни яширишга мажбур бўлади. Натижада ёлғизликни танлайди, ўзини жамиятдан четлаштиради.

Боғлиқ шахсият бузилиши. Боғлиқ шахсият типидаги одамлар учун энг катта қўрқув – ёлғиз қолиш. Улар ҳаётдаги энг оддий қарорларни ҳам кимдир тасдиқламасидан қабул қилолмайди: нима кийиш, қаерга бориш, ҳатто нимани танлаш масаласида ҳам. Бундай инсонлар доимо ёнида бўладиган, йўл кўрсатадиган, бошпана берадиган кимнидир излайди. Муносабат тугаса, ички хавотир шу қадар кучаядики, ёлғизлик ҳиссидан қутулиш учун улар дарҳол янги муносабатга киришиб кетиши мумкин. Бундай инсонлар кўпинча ўз ҳуқуқини талаб қилишдан қўрқади, ҳатто зарар кўраётган бўлса ҳам муносабатни тарк этмайди. Бу эса уларни манипуляция ва суиистеъмоллик учун энг осон нишонга айлантиради.

Тартибпараст шахсият бузилиши. Мазкур шахсият типи кўпинча “тартибни севиш” дея тавсифланади, лекин аслида бу назорат қилиш эҳтиёжи ҳисобланади. Улар учун мукаммаллик шунчаки хоҳиш эмас, мажбурият: ҳар бир детал, ҳар бир қадам, ҳар бир қоиданинг энг кичик нуқтаси ҳам идеал бўлиши керак. Бу мукаммалликни излаш ишни чўзиб юборади, одамни чарчатади, бошқаларни эса сиқиб қўяди. Улар вазифаларни ўзига олишни яхши кўради, чунки “бошқалар барибир тўғри қила олмайди” деб ўйлайди. Бироқ шу қатъиятнинг нархи бор: мослашувчанлик паст, дам олиш қийин, яқинлар билан муносабат эса кўпинча ҳаддан ташқари талабчанлик сабаб таранг ҳолга тушади.

Қачон мутахассисга мурожаат қилиш керак?

Агар одамда:

  • ҳис-туйғуларни бошқара олмаслик
  • ўзига зарар етказиш хоҳиши
  • тез-тез можароларга киришиш
  • одамлар билан барқарор муносабат қила олмаслик
  • ҳаёт сифатининг пасайиши кузатилса, бу психиатрия ёки психолог кўригидан ўтиш зарурлигини билдиради.

Даволаш имкони борми?

Шахсият бузилишини бартараф этиш бир кунлик жараён эмас, босқичма-босқич олиб бориладиган, одамнинг ҳаёт тарзини тубдан яхшилашга қаратилган узоқ муддатли терапиядир.

Муолажалар, одатда, психотерапиядан бошланади. Ушбу жараёнда мутахассис одамнинг фикрлаши, ҳис қилиши ва турли вазиятларда қандай реакция беришини таҳлил қилади. Энг кўп қўлланадиган ёндашувлардан бири диалектик-ҳулқ-атвор терапияси (DBT) ҳисобланади. У инсоннинг кескин ҳиссиётлар билан курашиш, ўзини тинчлантириш ва вазиятни бошқариш кўникмаларини ўрганишига ёрдам беради. Айниқса, тез хафа бўлиб қоладиган, муносабатлари беқарор бўлган ёки импулсив ҳаракат қиладиган одамларга яхши самара беради.

Когнитив-ҳулқ-атвор терапияси (KBT) эса одамнинг ўзига зарар келтирадиган фикрлари ва хатти-ҳаракатларини таниб олиш, уларга янада соғлом алтернативалар топишга ёрдам беради. Баъзан болаликдаги руҳий жароҳатлар, нотўғри шаклланган шахсий схемалар ёки такрорланадиган ҳаётий хатолар билан ишлаш учун махсус схема терапияси ҳам қўлланади.

Дорилар шахсият бузилишини бутунлай йўқотмайди, бироқ ёрдамчи восита сифатида тавсия қилинади. Агар инсонда кучли хавотир, депрессия, уйқусизлик ёки агрессия кузатилса, психиатр антидепрессантлар, стабилизаторлар, енгил антипсихотик дорилар ёзиб бериши мумкин. Бу дорилар белгиларнинг кескинлашувини камайтиради ва терапиянинг самарали ўтишига шароит яратади. Дорилар фақат шифокор назоратида қабул қилиниши шарт.

Энг муҳим омиллардан бири – ҳаёт тарзини соғломлаштириш. Барқарор уйқу, мунтазам жисмоний фаоллик, зарарли одатлардан воз кечиш, шахсий чегараларни ўрганиш, тўғри мулоқот ва стрессни бошқариш кўникмалари терапия натижасини мустаҳкамлайди. Тўғри ёндашув, мутахассисга мурожаат ва ўз устида ишлаш орқали шахсият бузилишлари билан яшаётган инсонлар ҳам барқарор, соғлом ва мазмунли ҳаёт қуриши мумкин.