Жамият | 10:50 / 08.07.2019
13822
5 дақиқада ўқилади

Пахтачида қовун-тарвузлар лаборатория текширувисиз сотилмоқда. Мутасадди ташкилотлар нега назорат олиб бормаяпти?

Озиқ-овқат хавфсизлиги доим долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Айни пишиқчилик вақтида бу масалага янада жиддий эътибор бериш талаб этилади. Сабаби, бу даврда мевалар, полиз экинлари пишиб етилади ва бозорларда бу маҳсулотларнинг савдоси янада авжига чиқади. Айниқса, қовун-тарвуз савдосини ёз кунларида бозорлардан ташқари, ҳар қадамда учратишимиз мумкин.

Хўш, айни шу даврда озиқ-овқат хавфсизлиги талабларига етарлича эътибор бериляптими? Бу маҳсулотлар тегишли тартибда лаборатория текширувидан ўтгандан кейин савдога чиқариляптими?

Мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида ўрганиш олиб бордик.

Ушбу тумандан М-37 автомагистраль йўли ўтган. Йўл четида тарвуз-қовунлар савдосини учратиш мумкин. Аммо бу маҳсулотлар савдосининг энг «иссиқ нуқтаси» Султонобод бозори ҳисобланади.

Бу ерда ҳафтанинг чоршанба ва якшанба кунлари бозор бўлади. Юк машиналарида тарвуз-қовунлар олиб келиниб сотилади. Қолган кунлари эса Султонобод бозори жойлашган М-37 йўли чети асосий савдо масканига айланади (Бозордаги тартибсизликлар, умумий овқатланиш масканларидаги антисанитар ҳолатлар алоҳида мавзу).

Бозор ичи ва йўл бўйидаги ушбу полиз маҳсулотларини кузатар эканмиз, бирорта ҳам лаборатория текширув хулосасини кўрмадик. Аслида бу маҳсулотлар танлаб олинган ҳолда махсус текширувдан ўтгандан кейин савдога қўйилиши керак. Афсуски, Пахтачи туманида ҳеч ким бу тартибга амал қилмаяпти. Султонобод бозорида бозорларда бўлиши лозим бўлган лабораторияни ҳам кўрмадик.

Маълумки, ушбу маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқарувини соғлиқни сақлаш, давлат санитария-эпидемиология назорат марказлари, ветеринария, ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Шунга мувофиқ, Пахтачи тумани ҳудудида тарвуз-қовун маҳсулотларини махсус лаборатория текширувисиз сотилаётган ҳолати юзасидан изоҳ олиш учун Самарқанд вилоят давлат сантария-эпидемиология назорат маркази бош врачи Манзура Отамуродова билан боғландик.

Мутасадди лаборатория текшируви ветеринария бошқармаси томонидан олиб борилишини билдириб, бу ҳақидаги саволларга улар жавоб бериши лозимлигини билдирди. Аммо озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва уни назорат қилишга ДСЭНМ ҳам масъул эканлигини эслатганимизда Отамуродова буни тасдиқлаб қўя қолди, холос.

Шундан сўнг, туманда бевосита шу масалага масъул бўлган Пахтачи ДСЭНМ бош врачи Шоира Бобоева билан суҳбатлашдик.

«Албатта, бу ҳолатни назоратга оламиз. Бизнинг лаборатория жорий йил 1 январдан ёпилган. Шу боис бу каби махсус текширувлар туман ветеринария бўлими томонидан амалга ошириляпти. Аммо тан олишимиз керак, бу каби ҳолатларга биз ҳам бевосита масъулмиз ва зарур чора тадбирларни амалга оширамиз», – дейди Бобоева.

Ёзнинг деярли ярми ўтди. Тарвуз-қовун маҳсулотлари савдога чиққанига ҳам анча вақт бўлди. Назорат қачон амалга оширилади? Султонобод бозорида сотилаётган нафақат тарвуз-қовун, балки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам лаборатория текширувисиз сотилаётганини масъул ташкилотлар қандай изоҳлайди?

Мазкур масала юзасидан Пахтачи тумани ветеринария бўлими бошлиғи Меҳриддин Мавлонов билан суҳбатлашганимизда масъул раҳбарнинг изоҳи ва важлари бизни янада ажаблантирди.

«Тарвуз-қовун савдосини амалга ошираётган сотувчилар лаборатория текшируви хулосаларини йўқотиб қўйган бўлса керак. Шунинг учун сизга кўрсата олмаган. Вазиятни назоратга оламиз, ходимларимиз ўрганиш олиб боради», – дейди Мавлонов.

Маълум бўлишича, ушбу маҳсулотлар текширувини туман ветеринария бўлими «Озиқ-овқат хавфсизлиги» лабораторияси амалга ошириши лозим. Қизиқ, барча сотувчилар лаборатория текшируви хулосаларини мутасадди таъкидлаганидек йўқотиб қўйдимикан?

Биз сотувчилар билан суҳбатлашганимизда айримлари бундай лаборатория текшируви ҳақида тушунчага ҳам эга эмаслигига гувоҳ бўлдик. «Мен фалончи ака ажратиб берган ерда савдо қиляпман, ўшалардан сўранг», қабилидаги жавобларни эшитдик.

Ўрганиш давомида маълум бўлдики, тарвуз-қовунлар савдоси ва уларнинг хавфсизлиги масъул ташкилотлар томонидан назорат қилинмаяпти. Бу эса ушбу маҳсулотлар билан боғлиқ оғир ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Зеро, «Кўза кунда эмас, кунида синади». Буни вилоят ва тумандаги масъул мутасаддилар унутган кўринади.

Kun.uz тумандаги ушбу ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар зарур чора-тадбирларни амалга оширишига ишонч билдиради ва лозим бўлса, бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид