Соғлом ҳаёт | 15:13 / 24.09.2025
9729
4 дақиқада ўқилади

“Муолажа учун водийдан Бухорога қатнаяпман” – ҳудудлардаги нур терапия ускуналари қачон ишга тушади?

Республикага келтирилган юзаки тери ўсмаларида қўлланадиган замонавий яқин фокусли рентген терапия ускуналари “чанг босиб тургани”, фақат Тошкент шаҳридагиси ишга туширилгани айтилмоқда. Ушбу тиббий аппаратга бўлган эҳтиёж туфайли беморлар минглаб километр йўл босишга мажбур бўлишяпти. “Тошкентда жуда қиммат, шу сабабли Бухородаги хусусий клиникага боряпман”, дейди андижонлик бемор.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда нур терапия ускунасига бўлган эҳтиёж жиддийлигича қолмоқда. Авваллари ушбу тиббий ускуна учун беморлар ойлаб навбат кутишган бўлса, энди минглаб километр йўл босишга мажбур бўлишяпти. Асосан юзаки тери ўсмаларида қўлланадиган ушбу аппаратнинг Ўзбекистонга замонавий тури келтирилган ва ҳудудларга тарқатилган. Аммо тиббий аппаратлар негадир ишга туширилмаган.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология маркази маълумотларига кўра, илгари республика бўйлаб бор-йўғи 5 дона нур терапия ускунаси мавжуд бўлган. Ҳозирда Ислом тараққиёт банки кредити ҳисобига онкология муассасалари замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Жараёнлар деярли якунланган.

“Натижада нур терапия ускуналарининг сони 51 донага етди. Ҳозирда уларнинг аксарияти ишга туширилган ва аввал 3–6 ойлаб навбат кутиладиган нур терапиясига бўлган эҳтиёж бутунлай бартараф этилди.

Яқин фокусли рентген терапия ускунаси асосан юзаки тери ўсмаларида қўллангани сабаб авваллари фақат 2 та ҳудудий филиалда мавжуд бўлган. Ҳозирда эса бундай ускуналарнинг энг замонавий 12 таси турли ҳудудлардаги онкология муассасаларига ўрнатилмоқда.

Қайд этилишича, ушбу жиҳозларни харид қилиш жараёни БМТ тизимидаги UNOPS ихтисослашган халқаро ташкилоти орқали амалга оширилган. Ускуналарни ўрнатиш икки босқичда олиб борилмоқда. Биринчи босқичда махсус бункерлар қурилган, ускуналар ўз вақтида етказилиб, муассасаларга ўрнатилган. Ҳозирда иккинчи босқич – дозиметр ускуналарини ўрнатиш ва ишга тушириш жараёни бошланган. Айни пайтда дозиметр республика марказига ўрнатилган бўлиб, 2025 йилнинг учинчи чораги якунига қадар барча филиалларга ўрнатилади. Шундан сўнг ускуналар тўлиқ фаолият бошлайди”, дейилади марказнинг Kun.uz’га тақдим қилинган маълумотида.

Қайд этилишича, ҳозирда 2 та ҳудудда ишлаётган ускуналар эски бўлиб, яқин кунларда уларнинг ўрнини замонавий, юқори технологик ва кам зарарли янги 12 та рентген терапия ускуналари эгаллайди.

Аммо мазкур тиббий ускуналарнинг ўз вақтида ишга туширилмаслиги беморлар учун сарсонгарчиликни юзага келтирмоқда.

Тошкентда жуда қиммат, шу сабабли ҳар муолажа пайтида Бухорога, хусусий клиникага бориб келишга мажбур бўляпман. Ҳатто йўл пули харажатларини қўшганда ҳам Бухорога қатнаш Тошкентдаги муолажа пулидан арзон тушяпти. Андижонда ҳам бор, лекин ишга тушмаган. Шу ишга тушса бунақа сарсон бўлиб юрмасдик”, дейди Kun.uz’га мурожаат қилган Андижон вилоятида яшовчи бемор.

Kun.uz’нинг аниқлашича, бу муаммо фақат Андижон вилояти билан боғлиқ эмас. Бошқа вилоятларга етказиб берилган ушбу турдаги ускуналар ҳам ишга туширилмасдан, “чанг босиб” турибди.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология марказининг изоҳлашича, бундай юқори технологик, қимматбаҳо ускуналарни барча халқаро талаблар ва ишлаб чиқарувчи шартлари асосида ўрнатиш, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ишга тушириш зарур.

“Агар бу ускуналар рухсатсиз, талабларга зид равишда ва дозиметриясиз ишга туширилса, ишлаб чиқарувчи сервис хизматларини тўхтатади, ускуна яроқсиз ҳолатга келиб қолади, давлат бюджетига катта зарар етказилади ва нур терапия ускуналарига яна эҳтиёж юзага келади.

Рентген терапияга муҳтож беморларга даволаш жараёнлари ҳозирнинг ўзида мамлакатимиздаги барча онкология муассасаларида мавжуд бўлган янада замонавий ва самарали дистанцион телегамма терапия ёки брахитерапия ускуналарида йўқотишларсиз амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун тегишли филиалларимиздаги радиолог мутахассисларга ёки муассаса раҳбариятига мурожаат қилиш кифоя”, дейилади марказ муносабатида.

Марказ яқин кунларда барча рентген терапия ускуналари ишга туширилишини, туғилаётган ноқулайликларга бутунлай барҳам берилишини маълум қилган.

Мавзуга оид