Ўзбекистон | 21:08 / 27.03.2020
15827
4 дақиқада ўқилади

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги нима билан шуғулланади?

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига айлантирилганди. Айни пайтда унинг вазифа ва мақсадлари белгиланди. 

Таъкидланишича, вазирликнинг ўзгартирилиши қарори бир қатор омилларга боғлиқ, хусусан иқтисодиётни бошқаришнинг аниқ ва шаффоф механизмини яратиш зарурати, эркинлаштириш ва бозор муносабаталарини кенг қабул қилиш шароитида натижаларга эътиборни қаратиш зарур. Мавжуд муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал қилиш учун барча тегишли тузилмалар фаолиятида бирликни таъминлайдиган замонавий институционал тизимни шакллантириш талаб этилади.

Вазирлик ахборот хизмат тарқатган хабарга кўра, янги тузилманинг асосий вазифалари 10 асосий йўналишни қамраб олади:

  •  макроиқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва амалга ошириш;
  •  қашшоқликни камайтириш;
  •  ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши;
  •  тадбиркорликни ривожлантириш;
  •  устувор тармоқларни ривожлантириш ва ягона саноат сиёсатини юритиш;
  •  давлат иштирокидаги корхоналарни ўзгартириш;
  •  давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш;
  •  инфратузилмани ривожлантириш ва урбанизация сиёсатини амалга ошириш;
  •  ишбилармонлик муҳити ва мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги мавқеини яхшилаш;
  •  жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш.

Билдирилишича, кейинги ой давомида, вазирлик томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда барча ватандошларнинг яшаш шароити ва ижтимоий ҳолатини ўрганишади. Шундан келиб чиққан ҳолда, улар аҳолининг ижтимоий заиф қатлами вакилларининг бошланғич рўйхатлари ва фуқаролар йиғинларининг паспортларини шакллантиришади. 

Жорий йилда вазирлик камбағалликни камайтириш чора-тадбирларини молиялаштириш учун 100 миллиард сўм ажратади. Ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар кейинчалик бюджетда акс эттирилади.

Камбағал ва ишсизларни, айниқса аёллар ва ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллиги ва касбий тайёргарлигини ошириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш учун бир ой вақт берилди.

Икки ой ичида давлат захираларини бошқариш тизими ва нархларнинг кескин кўтарилишининг олдини олиш механизмларини тубдан такомиллаштириш тўғрисида Президент қарори лойиҳаси тақдим этилиши керак.

Шунигдек, 1 октабргача, вазирлик бошқа идоралар билан биргаликда муҳокама учун тўртта муҳим ҳужжатни тақдим этади: ижтимоий-иқтисодий ривожланиш концепцияси ва Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача саноатни ривожлантириш стратегияси, қашшоқликни камайтириш дастури, шунингдек, давлат раҳбарининг энг кам истеъмол савати ва энг кам иш ҳақи миқдорини жорий этиш тўғрисидаги фармони лойиҳаси. 

Энди саноат ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича барча ўрта ва узоқ муддатли концепциялар, стратегиялар ва дастурлар янги вазирлик билан келишилган бўлиши керак. У қабул қилинган ижтимоий-иқтисодий ҳужжатларни камбағалликка таъсири нуқтаи назаридан таҳлил қилиши керак. 

Вазирлик рақобатни қўллаб-қувватлаш ва монополиядан чиқариш, ер муносабатларини тартибга солиш, техник регламентларни қабул қилиш, геологик ишларни олиб бориш, давлат активларини бошқариш ва давлат-хусусий шериклик механизмини такомиллаштириш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Адлия вазирлиги билан биргаликда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш учун жавобгар бўлади.

Вазирлик бир қатор мавжуд ва янги муассасаларни бошқаради:

  • Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги барча вилоятлар, шаҳарлар ва вилоятлардаги филиаллари билан Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги сифатида қайта ташкил этилмоқда.
  •  Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги ва Савдо палатаси қошидаги Республика тадбиркорлик таълими маркази қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Республика Олий бизнес ва менежмент мактаби базасида Олий бизнес ва тадбиркорлик мактаби ташкил этилмоқда.
  •  Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ва Саноат бозорлари ва ишлаб чиқаришдаги меҳнат самарадорлигини ўрганиш маркази тузилмаси янгиланмоқда. Институт қошидаги «Иқтисодиёт: Таҳиллар ва прогнозлар» журналининг таҳририяти давлат унитар корхонаси тугатилмоқда ва институт ўзи нашрни чиқаришда давом этади.
  •  Урбанизация агентлиги ўз вазифаларини вазирликнинг ўзига топшириш билан тугатилмоқда.
Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид