Ўзбекистон | 22:02 / 04.08.2020
12253
5 дақиқада ўқилади

Божхона қўмитаси кислород концентраторлари импорти жараёни тўғрисида ахборот берди

Сўнги вақтларда кислород концентраторларининг импорти билан боғлиқ муаммолар кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси мазкур масалада ахборот берди.

«Коронавирус пандемияси даврида дунё бўйлаб сунъий нафас олдириш ускуналарига бўлган эҳтиёж тобора ортмоқда. Айниқса аҳволи оғирлашган беморлар учун кислород концентраторлари жуда муҳим аҳамиятга эга.

Шу сабабли, бу турдаги маҳсулотларни тадбиркорлар томонидан республикамизга ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб кирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5978-сон Фармони билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ озон, кислород ва аэрозол терапияси учун сунъий нафас олиш ёки бошқа терапевтик нафас олдириш аппаратларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғидан озод қилинган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2020 йил 22 июлдаги 449-сон қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар бўлган муддатда кислород концентраторлар импорт қилинганда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва мажбурий сертификатлаштирилмасдан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ва реализация қилиш белгиланди.

Мазкур имтиёзлардан самарали фойдаланган ҳолда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан сўнгги 1 ҳафта давомида республикамизга қиймати 4,3 млн АҚШ долларига тенг 394 дона ўпкани сунъий шамоллатиш ускуналари ҳамда қиймати салкам 2,9 млн. долларга тенг 5899 дона кислород концентраторлари келтирилган бўлиб, мазкур тиббий жиҳозлар келтирилган куннинг ўзидаёқ соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилган.

Мазкур товарлар божхона органлари фаолиятига жорий қилинган «Хавфни бошқариш тизими» орқали асосан «яшил» йўлакларда расмийлаштирилган бўлиб, божхона расмийлаштирувига ўртача 1 – 1,5 соатгача вақт сарфланган.

Турли тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида тадбиркорлар эътиборига шуни етказиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги «2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5707-сон Фармони талабларига мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан бошлаб импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштиришда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилиши ва ушбу йиғим Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасини шакллантириш манбааси сифатида белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 1 апрелдаги ПҚ-2863-сонли қарорига мувофиқ, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан озод этилган.

Ҳозирда тадбиркорлар мазкур имтиёзлардан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасининг info@expertcenter.uz электрон почта манзилига тегишли ҳужжатларни юбориб, қисқа фурсатларда Марказнинг ижобий хулосасини олишмоқда.

Шунингдек, тақдим этиладиган ҳужжатлар ва тегишли хулосани тезкорлик билан олиш бўйича қўшимча саволлар юзасидан Марказнинг 71-207-02-65 (64) телефон рақамларига ҳамда Давлат божхона қўмитасининг 1108 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.

Бу турдаги тиббий ускуналарнинг асосий қисми республикамизга ҳаво транспорти орқали олиб келинаётгани сабабли, тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексининг (78) 120-86-30 телефон рақамига куннинг исталган пайтида қўнғироқ қилиб, жавоб олишлари учун барча имкониятлар яратилган.

Бугунги кунда божхона идораларида товарларни республика ҳудудига олиб кирилгунга қадар дастлабки декларация асосида расмийлаштириш имкониятлари ҳам яратилган бўлиб, тадбиркорларимиз ушбу имкониятлардан онлайн равишда фойдаланишлари мумкин.

Коронавирусга қарши кучайтирилган тартиб даврида аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишдаги аҳамиятидан келиб чиқиб, давлат божхона хизмати органлари томонидан дори-дармонлар ва тиббий буюмлари, хусусан озон, кислород ва аэрозол терапияси учун сунъий нафас олиш ёки бошқа терапевтик нафас олдириш аппаратларининг божхона расмийлаштируви кеча-ю кундуз, узлуксиз ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси кислород концентраторлари импорти жараёнига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканини маълум қилади», – дейилади Давлат божхона қўмитасининг Kun.uzга тақдим этган ахборотида.

Мавзуга оид