Ўзбекистон | 12:05 / 27.09.2021
88762
8 дақиқада ўқилади

“Тонировка” учун рухсатнома, пастлайдиган цемент нархи. 1 октябрдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар кучга киради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Цемент ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғининг ставкаси пасайтирилади

Президент қарорига мувофиқ, цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилади.

Автомобил ойналарининг тусини ўзгартиришга рухсатнома бериш ЯИДХП орқали амалга оширилади

Ҳукумат қарорига асосан 2021 йил 1 октябрдан автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтириш)га рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Электромобиллар учун алоҳида давлат рақами белгилари бериш бошланади

Ҳукумат қарорига асосан 2021 йил 1 октябрдан бошлаб электромобиллар учун алоҳида фарқловчи рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари бериш бошланади.

Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади

Президент қарорига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари республиканинг барча туман (шаҳар)ларида ташкил этилади. Шу муносабат билан туман (шаҳар) миқёсидаги бир қатор давлат ташкилотларидаги юридик хизмат штатлари тугатилади.

Аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқланганидан сўнггина пул маблағлари буюртмачига ўтказиб берилади

Президент қарори билан иштирокчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида электрон онлайн-аукцион натижалари бўйича пул маблағлари «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУКнинг махсус ҳисоб рақамида йиғилади ва аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг, улар буюртмачи ҳисоб рақамига ўтказилади.

Энг нуфузли 500талик рўйхатдаги хорижий ОТМларни битирган давлат ташкилотларидаги ёш ходимларга устама тўлаб борилади

Президент фармонига асосан давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий ОТМларни тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб борилади.

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бир қатор назорат функциялари бекор қилинади

Президент фармонига асосан қуйидагилар бекор қилинади:

  • қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;
  • алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ.

Шунингдек, рўйхатга мувофиқ, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим назорат функциялари бекор қилинади.

«Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари ташкил этилади

Президент фармони билан Давлат божхона қўмитасининг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари ташкил этилади.

«Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон божхона юк декларацияларининг масофавий божхона расмийлаштирувини амалга оширади.

Фармонга биноан чегара божхона постларидаги инспекцион кўрик мажмуалари (рентген) билан ишлаш гуруҳлари ходимларига зарарли меҳнат шароитлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама берилади.

Қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади

Президент қарорига кўра, инвесторнинг қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

Фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади

Президент қарорига асосан қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади ҳамда мазкур муддатга кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади.

Бунда, қурувчи томонидан мазкур вазифани амалга ошириш учун шартномага асосан бошқарувчи ташкилот жалб қилиниши мумкин. Шунингдек, биринчи икки йил ичида кўп квартирали уй-жойдаги қурувчидан ташқари мулкдорларнинг сони эллик фоиздан ошган тақдирда, мулкдорлар томонидан белгиланган тартибда умумий йиғилишнинг қарорига мувофиқ кўп квартирали уй-жойни бошқариш усули танланади.

Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар фоизи камаяди

Президент қарорига кўра, Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига:

  • жиноий, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича давлат божлари ва жарималар тўлашдан Давлат бюджетига тушаётган суммаларнинг 5 фоизи;
  • ижро иши бўйича Давлат бюджетига ундирилган суммаларнинг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалар (қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарздорлигини ундириш бундан мустасно) Жамғарма даромадларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди.

Бунгача Жамғармага ажратмалар миқдори 40 фоизни ташкил этиб келган.

Суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» орқали бепул хабар берилади

Президент қарорига асосан 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш тартиби жорий этилади.

Жисмоний шахсларнинг малака оширишга йўналтирган даромадлари даромад солиғидан озод қилинади

Президент қарорига мувофиқ, солиқ тўловчи томонидан тегишли халқаро уюшмага аъзо бўлиш учун аъзолик бадалларига ҳамда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига йўналтириладиган ўзининг иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Бунда, мазкур солиқ имтиёзлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баробаригача бўлган суммага, шунингдек, ўқув курсидан муваффақиятли ўтган ҳамда тегишли халқаро уюшма аъзоси сифатида аъзолик бадаллари тўловини ва кўрсатилган хизматлар учун тўловни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда қўлланилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади

Президент қарорига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ИИВ ва Бош прокуратура билан биргаликда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этади.

Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва ички аудит хизматлари ҳар чоракда ўз фаолиятига оид ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиб боради

Президент фармонига асосан Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва ички аудит хизматлари ҳар чоракда камида бир маротаба оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўз фаолиятига оид ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиб боради.

Барча давлат ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилади

Президент қарорига кўра, барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади.

Мазкур тузилмалар коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш учун масъул ҳисобланади.

Мавзуга оид