Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оширилаётган иш ҳақи, давлат харидларидаги шаффофлик ва овчилар учун янги тартиб – 1 октябрдан нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Иш ҳақи миқдори оширилади
Давлат раҳбарининг тегишли фармонига кўра, 1 октябрдан бюджет ташкилотлари ходимларининг маоши кўтарилади.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб:
- бюджет ташкилотларида ишловчи тиббиёт ходимлари, шунингдек, мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ташкилотлари, “Мурувват” интернат уйлари, болалар ва меҳрибонлик уйлари, болалар санаторийларида ишловчи педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдори 15 фоизга,
- бюджет ташкилотлари бошқа ходимларининг иш ҳақи миқдори 10 фоизга оширилади;
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 155 000 сўм;
- базавий ҳисоблаш миқдори – 375 000 сўм этиб белгиланади.
Овчилик гувоҳномаси беришнинг тартиби ўзгармоқда
Президентнинг «Республикада ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан овчилик гувоҳномасини беришда янги тартиб белгиланмоқда.
Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 октябрдан овчиларга овчилик йўлланмаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталар асосида электрон дастур орқали берилади.
2024 йил 1 октябрдан овчилик гувоҳномасини беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:
- овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш жорий этилади;
- овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга ЯИДХП орқали 2 йил муддатга берилади;
- овчилик гувоҳномаси берилганлиги тўғрисидаги маълумот жисмоний шахсларнинг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотларига интеграция қилинади;
- овчилик гувоҳномасини олиш учун ўқув курслари биохилма-хилликни асраш, ҳайвонларнинг турлари ва анатомияси, ов қилиш қоидалари, ов қилиш этикаси ва ов усуллари ҳамда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича махсус билимлар ўргатилишини назарда тутган ҳолда Департамент ёки таълим муассасалари томонидан ташкил этилади;
- овчилик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш учун ўқув курсларида қайта ўқиш талаб этилмайди;
- овчилик гувоҳномасини расмийлаштирганлик учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, нафақадаги ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланади;
- овчилик гувоҳномасини бериш тартиби ва овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни ўқув курсларида ўқитиш тартиби Экология вазирлиги томонидан белгиланади.
Давлат харидлари тизими такомиллаштирилади
Давлат харидларидаги тўғридан тўғри шартномалар жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарорида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 октябрдан давлат буюртмачилари томонидан тўғридан тўғри шартномалар улар тузилишидан олдин камида 1 иш куни, шунингдек, тендер савдолари натижаларига кўра расмийлаштирилган баённомалар давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали камида 2 иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Ягона етказиб берувчилар реестрига бозорда муқобиллари бўлмаган ва техник жиҳатдан мураккаб товарларни етказиб берувчилар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хулосаси асосида киритилади.
Шунингдек, давлат харидлари электрон тизимига ушбу тизимдан рўйхатдан ўтган юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини улар томонидан ишлаб чиқариладиган (етказиб бериладиган) товарларга (ишларга, хизматларга) мос келадиган давлат буюртмасининг тизимга жойлаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилиш функцияси киритилади. Давлат харидлари электрон тизими операторлари томонидан давлат буюртмачилари ва харид қилиш тартиб-таомиллари ижрочиларига шартномаларни бажариш вақтида келиб чиқадиган судгача бўлган низоларнинг белгиланган тартибда ҳал этилишида кўмаклашиш амалиёти йўлга қўйилади.
Қайд этилишича, тендер савдоларида битта тадбиркорлик субъекти иштирок этган тақдирда, давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини ҳамда товарларга (ишларга, хизматларга) оид мезонларни ўзгартирмаган ҳолда такроран эълон жойлаштирганда ва такрорий тендер савдоларининг ягона иштирокчиси илгари иштирок этган тадбиркорлик субъекти бўлганда, тендер савдолари ўтказилган деб ҳисобланади.
Бу давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ушбу тизимда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида амалга оширилмоқа.
Ногиронлар ҳимояси кучайтирилади
2024 йил 1 октябрдан шаҳар йўловчи транспортида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга бепул хизмат кўрсатилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг 2024 йил 18 июлда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида келтириб ўтилган.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:
- консолидациялашган бюджет маблағлари, давлат иштирокидаги корхоналар маблағлари ва бошқа марказлаштирилган манбалар ҳисобидан, 2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар маблағлари ҳисобидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади;
- ҳар йили «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.
Бунда тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари ҳар йили 1 ноябрга қадар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган чорраҳаларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш дастури асосида амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва халқаро автобусда йўловчи ташиш йўналишларини жойлаштириш учун тендерларда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитни таъминловчи ускуналар билан жиҳозланган автобусларга эга бўлган ташаббускорлар иштирок этади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг транспортда ҳаракатланиши учун қулай шароит яратиш мақсадида 2024 йил 1 октябрдан бошлаб шаҳар йўловчи транспортида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга бепул хизмат кўрсатилади. Шунингдек, I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсий автотранспорт воситаларини мослаштириш харажатларининг 50 фоизи (базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган миқдорда) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Заргарлик соҳаси учун имтиёзлар жорий этилмоқда
Президентнинг тегишли фармони билан заргарлик соҳасига қатор имтиёзлар берилмоқда.
Ҳужжатда келтирилишича, 2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотларини импорт қилишда махсус турдаги товарлар импорти учун лицензия олиш талаби бекор қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ва заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотлари божхона божидан озод этилади.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар;
- белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари божхона божидан озод этилади;
- «Uzbek Jewellery Fair» халқаро кўргазма савдоси доирасида Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан республика ҳудудига вақтинча олиб кириладиган ҳамда кейинчалик қайтариб олиб чиқиладиган заргарлик буюмларига нисбатан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришда божхона йиғимлари ундирилмайди.
Бошқа ўзгаришлар
2024 йил 1 октябрдан бошлаб:
- туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига 2028 йил 1 январга қадар ҳар ойнинг 25 санасигача бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 20 фоизини республика бюджетидан қайтариш тизими жорий этилади;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг соддалаштирилган ва кенгайтирилган тартиби жорий қилинади:
- маҳаллаларда фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ягона саволнома асосида бирламчи ўрганилади. Ягона саволнома асосида аниқланган муаммолар «Рақамли маҳалла» платформасида шакллантирилади ҳамда «маҳалла еттилиги»нинг тегишли электрон платформаларига фуқаро билан индивидуал тартибда ишлаш учун буюртма шаклида юборилади;
- мунтазам йўловчи ташиш йўналишларидаги автотранспорт воситаларини сунъий йўлдошли ҳаракатни кузатиш навигация қурилмалари билан жиҳозлаш ва Транспорт вазирлигининг автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига интеграция қилиш талаблари янгидан очиладиган йўналишларга амал қилишни бошлайди;
- республикадаги 7 та олий таълим муассасасида араб, япон, хитой, ҳинд, испан, италян, корейс, урду, индонез ва малай тилларида хизмат кўрсатувчи гид-таржимонларни тайёрлаш курсларини ташкил этиш харажатларининг 30 фоизи олий таълим муассасаларининг сўровига кўра Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан уч йил давомида қоплаб берилади;
- республика ҳудуди орқали ўтаётган хавфли юкларни «онлайн» (GPS) режимда масофадан кузатиб бориш амалиёти йўлга қўйилади ва идоралараро интеграция қилиниши таъминланади;
- истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади;
- ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКлар томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади;
- «Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг барча турдаги хизматлари бўйича даромад ва харажатларнинг алоҳида ҳисоби юритилади. Бунда йўловчи ташиш учун алоҳида даромад ва харажатлар ҳисобга олиниб, йўловчи ташиш хизмати нархларини ҳисоблаш базаси яратилиши инобатга олинади;
- янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлари (бутун гўшт, қанот, бел, бўйин, окорочок, голен, сон, қийма ва тери) Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда белгиланган божхона божи бўйича берилган имтиёз бекор қилинади;
- Ёшлар ишлари агентлиги ҳар йили хусусий ўқув марказларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимидаги рейтингини тузади ҳамда расмий веб-сайтида эълон қилиб боради. Рейтинг натижаларига кўра олис ва чекка ҳудудларда фаолият кўрсатувчи энг юқори кўрсаткичга эга 100 та хусусий ўқув марказининг таълим жараёнида фойдаланадиган бино ва иншоотлар учун ижара тўлови харажатларининг бир қисми Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади;
- босқичма-босқич 2025 йил 1 апрелгача республика ҳудудида темирйўл транспортида юк ташишда тақдим этилаётган чегирмалар бериш амалиёти бекор қилинади;
- жисмоний шахслар томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги махсус ахборот тизимига юборилган ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, уларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади;
- республиканинг барча ҳудудларида шошилинч қабул бўлимларида тун-у кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади. Ушбу хоналарда жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилаш учун тазйиқ ва зўравонликка учраган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари уч суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштирилади;
- қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформаси орқали расмийлаштирилади;
- ишлаб чиқарилган ва четдан олиб кириладиган хавфлилик даражаси юқори бўлган маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бунда, республика ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома божхона ҳудудига келишидан аввал «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига импорт қилувчи томонидан жойлаштирилиши шарт;
- ҳар йили 100 тагача имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ёрдамчи репродуктив технологиялар усуллари муваффақиятли қўлланганда ушбу амалиётни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали қоплаб берилади;
- Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг зарарсизлантириш (фумигация) бўлимларининг экспорт қилинадиган карантин остидаги маҳсулотларни зарарсизлантириш (фумигация) функцияси хусусий секторга ўтказилади;
- 2026 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш (реконструкция қилиш бундан мустасно) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан бир марталик субсидия ажратилади. Субсидия 2026 йил 1 ноябрга қадар бўлган муддатда мувофиқлик сертификати берилган янги ташкил этилган ҳамда камида 10 та модулдан иборат бўлган модулли меҳмонхонада яратилган ҳар бир жой учун 1 млн сўм миқдорида белгиланади.
Мавзуга оид
09:26 / 27.05.2026
Қурилишда экоталаблар, “Ичан қалъа”да электрокар тақиқи ва устамаси ошадиган солиқчилар: 1 июндан нималар ўзгаради?
15:41 / 28.04.2026
Қурилишда янги талаб, қоғоз сарфига чеклов ва электромобилни қувватлашда субсидия: 1 майдан нималар ўзгаради?
08:33 / 27.03.2026
“5 кунлик”ка ўтаётган тиббиётчилар ва нақдсиз савдодаги янги талаблар: 1 апрелдан нималар ўзгаради?
14:22 / 26.02.2026