Камбағалликни қисқартиришда янги дастур, заргарлик буюмлари импортида енгиллик ва чиқинди қарздорлиги учун “жазо” – 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Фото: Kun.uz
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилади
Ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилади. Дастурни амалга ошириш бўйича республика комиссияси ташкил этилади. Бу ҳақда “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги президент фармонида қайд этилган.
Дастур 2024 йил 1 ноябрдан қуйидагиларни назарда тутувчи “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида амалга оширилади:
- барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш — тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда ҳар бир маҳаллага етакчи тадбиркорларни жалб қилиш, томорқадан самарали фойдаланиш, ҳар бир туман ва шаҳарда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга туртки берувчи камида 5 тадан «драйвер» лойиҳаларни амалга ошириш, қўшимча 50 минг гектар экин майдонларини камбағал оилаларга ижарага бериш, уларга кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситаларни бўлиб тўлаш шарти билан бериш;
- таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш — 2024-2025 йилларда камбағал оилалар фарзандларининг мактабгача таълим билан қамров даражасини 80 фоизга етказиш, оиланинг камида битта фарзандини хорижий тилларга, касб-ҳунарга ёки мутахассисликка ўқитиш, битта фарзанди, хусусан, қиз фарзандининг олий маълумотга эга бўлиши учун шароит яратиш, болаларни компютер саводхонлигига ўргатиш, ахборот технологиялари ва дастурлаш бўйича ўқув курсларида ўқиши учун шароит яратиш, шу жумладан, мактабларда тўгараклар ташкил этиш;
- кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш — камбағал оилаларнинг ҳар бир аъзоси бир йилда бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиши, уларнинг ўз соғлиғи учун масъулиятини ошириши (кундалик турмуш тарзи ва овқатланишда зарарли одатлардан воз кечиши), ҳар бир фарзанди спорт тўгаракларига қатнашиши учун имкониятлар яратиш, оиланинг тиббий хизматларга ўз ҳисобидан сарфлайдиган харажатларини икки баробар қисқартириш;
- ижтимоий хизматлардан фойдаланиш — ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этиш, хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш, болаларни тарбиялаш ва кундузги парваришлаш хизматларини йўлга қўйиш;
- яшаш шароитларини яхшилаш — ипотека тизимидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, маҳаллаларда экологик тоза материаллар ва технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий «яшил» турар жойларни қуриш ёки реконструкция қилиш, тоза ичимлик сувни етказиш, хонадонларда энергия тежовчи инновацион ёритиш, иситиш ва иссиқ сув таъминоти ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш тизимларини жорий этиш;
- давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш — томорқаларни суғориш суви, маҳаллани электр энергияси ва интернет билан узлуксиз таъминлаш ҳамда унинг туман маркази билан транспорт жиҳатидан боғланганини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, ҳудудларни жадал комплекс ривожлантириш дастурларини босқичма-босқич амалга ошириш;
- давлат органлари ходимлари билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш — барча бўғиндаги давлат ҳокимияти органлари камбағал оилалар билан мунтазам тўғридан тўғри алоқа ўрнатиши, бирдамликда ҳаракат қилиши ҳамда раҳбарларни камбағал оилаларга бириктириш, уларнинг муаммоларини биргаликда ечишга кўмаклашиш.
Товар-хомашё биржалари учун янги талаблар
2024 йил 12 сентябр куни Вазирлар Маҳкамасининг “Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Унда товар-хомашё биржалари фаолиятини лицензиялаш учун янги талаблар белгиланган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб қуйидаги талаблар бажарилган тақдирда, товар-хомашё биржалари фаолиятини лицензиялашга йўл қўйилади:
- мулк ҳуқуқи асосида лицензияланган электрон биржа савдолари тизимининг мавжудлиги;
- умумий ҳисобда хотираси камида 100 ТВ бўлган сервер ускуналари ҳамда алоҳида маълумотларни қайта ишлаш марказига эга бўлиш;
- электрон биржа савдолари тизимининг узлуксиз ҳамда ташқи аралашувлардан ҳимояланган ҳолда фаолият кўрсатиши;
- тегишли хизмат кўрсатувчи тижорат банки ахборот тизими билан интеграциялашган савдо операциялари бўйича маблағлар кирим ва чиқим амалиётларини инсон омилисиз амалга оширувчи дастурий таъминотнинг мавжудлиги.
2024 йил 1 ноябрдан товар-хомашё биржалари устав капиталининг энг кам миқдори 100 млрд сўм ҳамда 2025 йил 1 июлдан бошлаб 200 млрд сўм этиб белгиланмоқда. Бунда, устав капитали фақат маблағлар кўринишида шакллантирилади, 2024 йил якуни ва келгусида ҳар йил якуни бўйича уларнинг молиявий фаолияти юзасидан катта тўртлик (Big four) аудиторлик ташкилотларидан бири томонидан мустақил аудитдан ўтказилиши керак.
Шунингдек, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб экспорт-импорт операциялари доирасида Республика биржаси орқали тузилаётган «форвард» битимлар бўйича маҳсулот нархларини етказиб бериш муддатидан келиб чиқиб, халқаро ахборот агентликларининг индекс ва республика товар-хомашё биржалари котировкалари асосида шаклланади. Юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари томонидан маҳсулотларни тўғридан тўғри сотишда маҳсулот нархи мазкур товар бўйича амалдаги Республика биржаси ўртача нархидан (котировка) паст бўлмаслиги таъминланади.
Заргарлик буюмларига импорт божхона божи камайтирилади
Жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумушдан ҳамда 65 граммгача бўлган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлардан ясалган тайёр заргарлик буюмларини божхона декларациясини тўлдирмасдан Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг тегишли фармонида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 ноябрдан:
- чет элда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини, башарти улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса сотувга қўйиш ва чакана савдода реализация қилиш ман этилади. Бунда ушбу тартиб бухгалтерия ҳисоби қонунчилигига мувофиқ 2024 йил 1 сентябргача расмийлаштирилган (кирим қилинган) заргарлик буюмларига нисбатан татбиқ этилмайди;
- қимматбаҳо металларнинг ҳамда қимматбаҳо металлар билан қопланган металларнинг чиқиндилари ва парчалари лицензия асосида экспорт қилинадиган махсус турдаги товарлар рўйхатига киритилади;
- Асиллик инспекциясининг хулосаси бўлмаган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш ман этилади;
- жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумушдан ҳамда 65 граммгача бўлган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлардан ясалган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, ушбу миқдорлардан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади;
- 2027 йил 1 январгача Ўзбекистонга олиб кириладиган тайёр заргарлик буюмларига нисбатан импорт божхона божлари 20 фоиздан 10 фоизгача камайтирилади.
Чиқинди қарздорлиги учун “жазо”
Эндиликда 3 ой давомида тўланмаган чиқинди пули учун “свет” ўчирилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида келтириб ўтилган.
Фармонга кўра, 2024 йилнинг 1 ноябр кунидан республиканинг барча ҳудудларида чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун (2025 йил 1 январдан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун) электр энергияга тўлов қабул қилинмайди.
Қарздорлик вужудга келгани тўғрисида олдиндан электрон тўлов тизимлари орқали огоҳлантирилгандан кейин тўловлар амалга оширилмаган тақдирда абонентлар чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни бартараф этмаганига қадар уларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилиш вақтинчалик чекланади. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланмаган ҳудудлар бундан мустасно.
Бошқа ўзгаришлар
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб:
- фойдаланиш майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини аниқлаш учун «A», «B», «C», «D», «E», «F» ва «G» белгилари жорий этилади. Бунда «A» тоифаси энергия самарадорлиги энг юқори бўлган бино ва иншоотларни белгилаш ва тегишли равишда «G» тоифаси энергия самарадорлиги энг кам бўлган бино ва иншоотларни белгилаш учун қўлланилади;
- хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
- барча учун очиқ ҳолатда юритиладиган Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестри жорий қилинади;
- Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувлар текширув бошланган пайтдан бошлаб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда ўтказилади;
- автобусларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган қисми Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
- вазирлик ва идоралар давлат космик мониторинги доирасида аниқлаган ҳуқуқбузарликлар бўйича ундирилган жарималарнинг 10 фоизи Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг бюджетдан ташқари Космик тармоқни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Мавзуга оид

19:33 / 25.02.2025
Ҳокимларга қўшимча ваколат, автоматик тайинланадиган пенсия ва скутер учун “права” – 1 мартдан нималар ўзгаради?

13:09 / 27.01.2025
Камбағал оилаларга ваучер, боғчаларда электрон давомат ва ривожлантириладиган электротехника саноати – 1 февралдан нималар ўзгаради?

13:12 / 26.12.2024
Электрон браслетли бўладиган маҳкумлар, маоши ошадиган маданиятчилар ва ёввойи ҳайвонларга “эркинлик” – 1 январдан нималар ўзгаради?

16:14 / 27.11.2024