Исроил ҳукуматидаги бўлиниш, мудофаага тайёр эмас украин армияси ва Молдовада референдум санаси — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй бераётган муҳим воқеа ва ҳодисалар шарҳи билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ғазода фаластинликлар тўпланиб турган жойга зарба берган. Эксклав шимолидаги Ал-Жалаъа чорраҳасида мобил интернет сигналини тутиш учун тўпланиб турган фаластинликлар устига ташлаб юборилган бомба бир неча кишининг ўлими ва ўнлаб инсонларнинг яраланиши билан якун топган.
Исроил қўшинлари ҳужуми оқибатида Ғазода ҳалок бўлганлар сони 35 минг 272 кишига етган.
Ғазо секторида 7 ой давом этган жанглар яна қайтадан кучая бошлаган. Сўнгги икки ҳафта давомида ҳалок бўлганлар сони кескин ошган. Бугунга келиб ярадорларнинг умумий сони 79 минг 205 нафарга етган.
7 октябрдан буён давом этаётган вайронкор уруш натижасида 10 мингдан зиёд фаластинликлар бедарак йўқолган. Уларнинг кўпчилик қисмини болалар ташкил этади ва улар вайроналар остида қолиб кетган бўлиши эҳтимоли юқори.
Исроил Ғазодаги фаластинликларга қарши курашишда очликдан қурол сифатида фойдаланмоқда. Ҳуқуқбонлар очлик қамал қилинган Ғазода Исроил бомбаларидан ҳам кўпроқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Исроил армияси ва ҳукуматдаги расмийларни қўя туринг, оддий исроилликлар Ғазога йўл олган инсонпарварлик карвонларига ҳужум қилишмоқда. Бу ўринда Фаластин ерларига ноқонуний уй тиклаб яшаётган яҳудийлар айниқса жонбозлик кўрсатишмоқда. Аввалроқ БМТ инсонпарварлик юклари ортилган юк машиналарига ҳужум қилишдан қайтарган бўлса-да, исроилликлар бу чақириқларни назар-писанд қилмаяпти.
Ҳаттоки Исроилнинг БМТдаги вакили Гилад Эрдан ҳам ташкилотни «террорчилик ташкилоти», деб атаган.
«Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўзи террорчилик ташкилотига айланиб бўлган. Биз Ғазони тарк этганимиздан сўнг БМТ ҲАМАС билан ҳамкорлик қилиб, ҳимоя қилиб келади, БМТ бош котиби эса ҳар бир муаммода Исроилни айблайди», — деган Гилад Эрдан.
Ғазода олиб борилаётган адолатсиз уруш Исроил ҳукуматида ҳам бўлиниш юзага келтирмоқда.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг Ғазодаги вазият бўйича аниқ-равшан стратегияси йўқлигини танқид остига олди. Галант Ғазо секторида ҳарбий бошқарув жорий этилишига қарши чиқади ва вазирлар маҳкамасида бўлинишга сабаб бўлди.
Галантнинг позициясини ҳарбий кабинетдаги марказчилар — Бени Ганц ва Гади Эйзенкот қўллаб-қувватлаган, фаластинликларнинг бешикдаги чақалоқларигача қиришга чорлаб келадиган ултрамиллатчи фашистлар Бецалел Смотрич ва Итамар Бен-Гвир қарши чиққан.
Аввалроқ Нетаняҳу Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатини узил-кесил йўқ қилиш тўғрисида баёнотлар берган, бироқ уруш тугаганидан сўнг Ғазода бошқарувни ким ўз қўлига олишини тушунтирмаган.
Аксилисроил намойишлар
Америка ва Европанинг кўпгина давлатларидаги олийгоҳларда аксилисроил намойишлар давом этмоқда. Калифорниядаги Ирвайн университетида Фаластинни қўллаб-қувватлаб тикилган чодирлардан иборат лагерга полиция ҳужум қилган ва тарқатишга уринган. Қаршилик кўрсатган Ўнлаб инсонлар ҳибсга олинган.
Шунингдек, полиция фаластин тарафдорлари бўлган намойишчилар университет кампусларидан бирини эгаллаганидан сўнг олийгоҳ раҳбариятини чақирган.
Бир қатор Америка университетларининг ўқитувчилари Ню Йоркдаги бош вокзалга норозилик билдириб намойишга чиқишган. Улар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қилиб транспарантлар кўтариб чиқишган.
Бу орада Фаластинни расман давлат сифатида тан олишга тайёр мамлакатлар сони биттага кўпайган. Май ойининг охиригача Ирландия ҳам Фаластинни тан олади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Майкл Мартин эълон қилган.
Украинадаги вазият
Украина Россия армиясининг Харкив областига бостириб киришига умуман тайёр эмаслиги аён бўлди. Рус қўшинлари Россия-Украина чегарасидан 4 км масофадаги Вовчанск шаҳрига кирди ва бошқа йўналишда — област марказидан шимолда жойлашган Липци қишлоғи томон олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда Россия янги йўналишда Украинанинг 278 километр квадрат ҳудудларини босиб олган.
Белгород области орқали Харкив томон бошланган юриш давомида чегара ҳудудидаги ўндан ортиқ қишлоқ эгаллаб олинган, Украина қуролли кучлари чегарадан бир неча километр ортга чекинишга мажбур бўлган. Украина раҳбарияти вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлинганини айтмоқда.
Харкив областида вазият кескинлашгани муносабати билан Украина президенти Володимир Зеленский ўзи иштирокидаги барча халқаро тадбирларни кейинга қолдиришга топшириқ берган.
Вовчанскда вазият оғир, душман шаҳардаги кўчаларни эгалламоқда, фаол жанглар давом этмоқда, деб хабар берган украин телеграм-каналлари полицияга таяниб.
Украинанинг ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлингани, рақибнинг юриши эса секинлашганига ишонтирмоқда. Аммо россияликлар нима учун Украина қуролли кучларининг биринчи мудофаа чизиғини бу қадар тез ортда қолдиргани ва бу чизиқ рақиб ҳужумини тўхтатишга қанчалик тайёрлангани борасидаги саволлар жавобсиз қолмоқда.
Украинанинг ушбу йўналишда жанг қилаётган разведка ротаси командири Денис Ярославскийнинг сўзлари катта резонанс келтириб чиқарди, у Вовчанск атрофидаги биринчи мудофаа чизиғи «шунчаки бўлмагани» ва россияликлар «юриб кириб келгани» ҳақида айтганди.
Қайд этилишича, бу йўналишда миналанган майдонлар бор, аммо улар шундай жойлаштирилганки, душманнинг фақат зирҳли техникаларига тўсқинлик қилади, пиёда ҳаракатланадиган бўлинмаларига эса йўқ.
Аммо Россия армияси Харкив вилоятида стратегик муваффақиятга эришиш учун етарли кучга эга эмас, деган НАТО иттифоқдош қуролли кучларининг Европадаги бош қўмондони, генерал Кристофер Каволи. Бунга сабаб қўшинлар сони етарли эмас ва украиналиклар Ғарбнинг ҳарбий ёрдамини ҳисобга олган ҳолда Харкив областида мудофаа чизиғини ушлаб тура олади.
Украинага ёрдам
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Киевга ташрифи чоғида янги ҳарбий ёрдам пакетини ҳам эълон қилган. Блинкенга кўра, Украинага бериладиган 2 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакети Украинани зудлик билан қурол-яроғ билан таъминлаш, Киевга бошқа давлатлардан қурол сотиб олишга ёрдам бериш ва Украина инфратузилмасига сармоя киритиш учун мўлжалланган.
Шу билан бирга, давлат котиби Украинага келажакда ўз ҳудудидаги ҳужумларни қайтариш, Украина халқининг ўз келажагини мустақил белгилаш ҳуқуқини амалга ошириш имконини берадиган шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.
АҚШ Конгресси бир неча ойлик кечикишдан кейин Киевга 61 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратишни маъқуллаганидан сўнг, Блинкеннинг Украина пойтахтига биринчи ташрифи бўлди.
Бу орада Дания ҳам Украинага 750 млн евролик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Бу ҳақда Даниянинг ташқи ишлар вазири Ларс Лекке Расмуссен ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзган.
Молдовада референдум белгиланди
Молдова 20 октябр куни Европа иттифоқига қўшилиш бўйича референдум ўтказади. Референдум натижаларига кўра, Молдова конституцияси Европа интеграциясига оид бўлим билан тўлдирилади.
Умумхалқ овоз бериш жараёни президентлик сайлови билан бир кунда бўлиб ўтади. Давлат раҳбари лавозимини 2020 йил декабридан бери Майя Санду эгаллаб келмоқда. У иккинчи муддатга президентликка номзодини қўйиш ниятида.
Молдова президенти 2022 йилнинг март ойида мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасини имзолади. Бир неча ой ўтгач, республика ЕИ аъзолигига номзод мақомига эга бўлди. 2023 йил 14 декабрда икки кунлик саммитдан сўнг Европа кенгаши Кишинёв билан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилди.
Ўша ойда Санду Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича референдумни тан олинмаган Днестрбўйида ўтказиш мумкин эмаслигини айтди, чунки бу минтақа Молдова ҳукумати томонидан назорат қилинмайди. Санду Молдова 2030 йилгача Днестрбўйи билан бирга Европа Иттифоқига қўшилиши мумкинлигини тан олди, гарчи бу минтақа ҳозирда Кишинёв томонидан назорат қилинмаса ҳам. Брюссел аъзолик Днестрбўйисиз амалга ошиши мумкинлигини истисно этмаган.
Мавзуга оид
14:20
Байрутга берилган зарбалар, сионист вазирнинг истаги ва Қирғизистондаги ҳибсга олишлар — кун дайжести
13:35 / 12.11.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар, терговдаги Нетаняҳу ва сайловдан ютган Илон Маск — кун дайжести
13:47 / 11.11.2024
Ғазо шимолидаги сўнгги шифохона, Яманга авиаҳужум ва жиноятини тан олган Нетаняҳу — кун дайжести
14:13 / 09.11.2024