Ўзбекистон | 13:14 / 11.06.2020
4788
4 дақиқада ўқилади

Смарт кассалар ўрнатишда тадбиркорларга имтиёзлар берилади

Фото: tehpos.ru

Жорий йилда онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари учун уни харид қилиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар суммасини кейинги солиқ тўлови ҳисобидан камайтириш ҳуқуқи берилди. Бунда камайтириш миқдори (суммаси) базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаслиги керак. Мазкур имтиёз фақат 2021 йил 1 январгача амал қилади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази хабар бермоқда.

Онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассалар, яъни смарт кассалар хизмати туфайли назорат-касса дафтарини юритишга, иш куни охирида ҳар бир назорат касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш зарурат қолмайди. Нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар уни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали тадбиркорлик субъектлари ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлади. Сотувлар тарихини яратиш, кассир-ходимларни назорат қилиш каби вазифаларни ҳам онлайн-НКМ ва виртуал кассалар бажаради.

Смарт кассаларда нақд пул ёки пластик карталар орқали амалга оширилган ҳар бир ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотлар солиқ тўловчининг “шахсий кабинет”ида шаклланади. Бу билан тадбиркорлик субъекти ҳар бир шохобчаларнинг кассалари кесимида кунлик, ойлик ва йиллик реализация маълумотларини шакллантира олиши мумкин.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасининг “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Виртуал касса” дастурий маҳсулоти тадбиркорлик субъектларига бепул тақдим этилади. Унга эга бўлиш учун тадбиркорлик субъектлари виртуал касса дастурий маҳсулотига техник хизмат кўрсатувчи “Soliq Servis” ДУК билан ўзаро шартнома имзолайди. Бунда фискал модул ва унга кўрсатиладиган хизматлар учун амалга оширилган бир йиллик тўлов (базавий ҳисоблаш миқдорнинг бир баробари – 223 минг сўм) тўланади. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (ижара шартномаси ёки кадастр ҳужжати) тақдим этилиши лозим.

2020 йил 1 августгача 20 000та тадбиркорлик субъекти онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тизимига ўтиши кутилмоқда. Айни вақтда республика бўйича 20,950дан ортиқ тадбиркорлик субъекти онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич асосан алкоголь, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, автомобилларга бензин, дизель ва газ ёқилғиси қуйиш савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тааллуқли. Чунки қонунчиликка кўра, жорий йил бошидан айнан мана шу йўналишлардаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятига онлайн-НКМ ёки виртуал кассалар татбиқ этилмоқда. 

Ўтган йил якунлари бўйича йиллик тушуми беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари шу йилнинг 1 августидан мазкур янги тизимга ўтади. Йил якунлари бўйича йиллик тушуми юз миллион сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига эса 2021 йил 1 январдан жорий этилади. Қолган барча тадбиркорлик субъектлари учун бу муддат 2022 йил 1 январь этиб қатъий белгиланган. 

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид