Жаҳон | 15:57 / 03.12.2025
13354
11 дақиқада ўқилади

Мадуронинг имкониятлари тугади. Унинг Трамп билан телефон мулоқоти ҳақида нималар маълум?

Журналистлар маълумотига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэла раҳбари Николас Мадуро билан унинг истеъфога чиқиши ва мамлакатда режим алмашинувига рози бўлган тақдирда хавфсизлик кафолатлари масаласини муҳокама қилган.

Фото: Shutterstock / FOTODOM / miss.cabul

Венесуэла президенти Николас Мадуро 21 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп билан қисқа телефон суҳбатидан сўнг истеъфога чиқиш ва АҚШ хавфсизлиги кафолати остида мамлакатни тарк этиш учун барча имкониятларини ишлатиб бўлди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги Трамп маъмуриятидаги манбаларга таяниб. Мулоқот пайтида Трамп Венесуэла президентининг бир қатор илтимосларини рад этган.

Трамп президент Мадуро билан қисқа телефон суҳбати ўтказгани ва ундан истеъфога чиқиш ҳамда Венесуэлани оиласи билан тарк этишини талаб қилганини тасдиқлади.

«Суҳбат яхши ёки ёмон ўтди, демайман, бу шунчаки телефон орқали мулоқот бўлди», деган АҚШ президенти.

Мазкур мулоқот АҚШ ва Венесуэла муносабатлари кескинлашуви фонида, АҚШ Давлат департаменти Cartel de los Soles гуруҳини (уни Мадуро бошқариши иддао қилинади) террорчилик ташкилоти деб эълон қилганидан бир неча кундан кейин бўлиб ўтди.

Шу билан бирга Cartel de los Soles чиндан ҳам мавжудлиги аниқ эмас ва Венесуэла ташқи ишлар вазирлиги буни «қатъиян, узил-кесил ва мутлақо рад этиб», бу маълумотни «навбатдаги бемаъни ёлғон» деб атайди.

Мадуро ва унинг ҳукумати мунтазам равишда барча жиноий айбловларни рад этиб келади ва АҚШ Венесуэланинг улкан табиий ресурслари, биринчи навбатда, нефт устидан назоратни қўлга киритиш учун режимни ўзгартиришга интилаётганини таъкидлайди.

Мадуро ОПЕКга йўллаган мактубида (якшанба куни унинг матни Венесуэладаги давлат нашрларида эълон қилинди) АҚШни «Венесуэланинг сайёрадаги энг йирик нефт захираларини ажалвор ҳарбий куч ишлатиш орқали қўлга киритиш»га уринишда айблаган.

Душанба куни Венесуэла бош прокурори Тарек Уилям Сааб BBC’га берган интервюсида Трампнинг айбловлари мамлакатнинг табиий ресурсларига нисбатан «катта ҳасад»дан келиб чиққанини айтди.

У, шунингдек, АҚШ ва Венесуэла ҳукуматларини «ўтган йилнинг июлидан бери кузатилаётган токсик муҳитни тарқатиш учун» тўғридан тўғри мулоқотга чақирди.

Октябр ойида New York Times нашри Мадуро Вашингтонга мамлакатдаги нефт конларида улуш ва агар у ҳокимиятда қоладиган бўлса, Америка бизнеси учун имкониятлар таклиф қилгани, аммо АҚШ бу музокараларни тўхтатгани ҳақида хабар берганди.

Трамп ва Мадуро нима ҳақида гаплашган?

Телефон мулоқоти ўтказилгани тўғрисида биринчи бўлиб хабар берган Miami Herald нашри ёзишича, Вашингтон ва Каракас ўртасидаги музокаралар учта масала туфайли боши берк кўчага кириб қолган.

«Биринчидан, Мадуро ўзи ва гуруҳи томонидан содир этилган барча жиноятлар учун ялпи амнистия сўраган, аммо бу рад этилган», – деб хабар беради Miami Herald манбаси.

«Иккинчидан, улар қуролли кучлар устидан назоратни сақлаб қолишни сўраган – 1991 йилда Никарагуада Виолета Чаморро билан бўлгани каби. Бунинг эвазига улар эркин сайловлар ўтказилишига рухсат берган бўларди», – дейди манба ва Вашингтон бу таклифни ҳам рад қилганини қайд этган.

Учинчи масала демократия тикланиши учун Мадуро барча яқин кишилари билан биргаликда зудлик билан истеъфога чиқиши талаби бўлган. Унга ўзи, рафиқаси Силия Флорес ҳамда уларнинг ўғли Венесуэлани хавфсиз тарк этишига кафолат берилиши айтилган, аммо у бу таклифни рад этган.

«Сиз ўзингизни ва энг яқин кишиларингизни сақлаб қолишингиз мумкин, аммо бунинг учун мамлакатни ҳозироқ тарк этиш керак», – деган Трамп Мадурога унинг рафиқаси ва ўғли фақатгина «у зудлик билан истеъфо берсагина» хавфсиз кетиш имконига эга бўлишини айтган, деб ёзади Miami Herald.

Трамп Мадуронинг таклифларини рад этган ва унга АҚШ хавфсизлиги кафолати остида Венесуэлани тарк этиш учун бир ҳафта вақт берган. Фото: Bloomberg via Getty Images

Учта манба Reuters агентлигига Мадуро мулоқот чоғида Трампга у ва унинг оиласи аъзолари тўлиқ юридик амнистияга эга бўлиши, яъни АҚШ қўллаган барча санкциялар ечилиши ҳамда унинг иши Халқаро жиноий судда кўрсатилиши тўхтатилиши эвазига Венесуэлани тарк этишга тайёрлигини айтган.

Манбаларга кўра, у Венесуэла ҳукуматининг 100 дан ортиқ мулозимларига қарши киритилган санкциялар ҳам бекор қилинишини сўраган, улардан кўпчилиги АҚШда инсон ҳуқуқлари бузилиши, гиёҳвандлик моддалари савдоси ва коррупцияда айбланган.

Агентликнинг икки манбаси тасдиқлашича, Мадуро Венесуэла вице-президенти Делси Родригесдан янги сайловларга қадар ҳукуматни вақтинча бошқариб туришни сўраган.

Трамп 15 дақиқадан камроқ давом этган суҳбат давомида Мадуронинг аксарият илтимосларини рад этган, бироқ унга оила аъзолари билан Венесуэлани тарк этиб, ўзи танлаган жойга бориши учун бир ҳафта вақти борлигини айтган, деб хабар берди Reuters манбалари.

Жума куни Трамп томонидан белгиланган муддат тугади, шанба куни эса АҚШ президенти Венесуэла ҳаво ҳудуди ёпилишини эълон қилди.

Венесуэла осмони ёпилиши

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашишда давом этмоқда. Трамп маъмурияти 2013 йилдан бери ҳокимият тепасида ўтирган Мадурони Венесуэланинг қонуний президенти сифатида тан олмаслигини маълум қилган. Ўтган йили у навбатдаги марта миллий сайловларда ғалаба қозонганини эълон қилди, мустақил кузатувчилар эса сайловларда мухолифатнинг қўли баланд келганини айтишган, АҚШ ва ғарбнинг бошқа давлатлари ҳукуматлари сайлов натижалари сохталаштирилган деб ҳисоблайди.

Трамп маъмурияти шу йил ноябр ойида Мадурони гиёҳванд моддалар етказиб бериш ва АҚШга ноқонуний муҳожирларни жўнатиш учун масъул бўлган хорижий террорчилик ташкилотининг аъзоси деб эълон қилди.

АҚШ Мадуронинг ҳибсга олинишига олиб келадиган маълумот учун мукофотни 50 миллион долларгача оширди, шунингдек, Венесуэла ҳукуматининг гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа жиноятларда айбланаётган бошқа юқори мартабали амалдорлари, жумладан, ички ишлар вазири Диосдадо Кабелога 25 миллион доллар мукофот белгилади. Уларнинг барчаси айбловларни рад этмоқда.

Шукроналик куни муносабати билан бутун дунё бўйлаб жойлаштирилган базаларда хизмат ўтаётган америкалик ҳарбийларга қилган мурожаатида Трамп венесуэлалик наркосавдогарларга қарши ҳужумлар кенгайишини айтди – энди бундай ҳужумлар қуруқликда ҳам амалга оширилиши маълум қилинди. Баъзи таҳлилчилар бу баёнот ортидан Венесуэла ҳудудига зарбалар берилишини тахмин қилмоқда, бироқ бошқа кузатувчилар АҚШ президенти ўз таҳдидларини кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар билан мустаҳкамламоқчи эканига шубҳа билан қарайди.

Трамп бошқа давлат осмонини ёпишга ҳақли эмас, аммо хорижий авиакомпаниялар унинг баёнотини инобатга олиши аниқ.
Фото: ​​​​Anadolu via Getty Images

Шунга қарамай, шанба куни АҚШ президенти Венесуэла ҳаво кенгликлари «тўлиқ ёпилиши»ни эълон қилди.

«Барча авиакомпаниялар, учувчилар, гиёҳванд моддалар савдогарлари ва одам савдогарларига мурожаат қиламан, шуни ёдда тутингки, ВЕНЕСУЭЛА ВА УНИНГ АТРОФИДАГИ ҲАВО МАКОНИ ЁПИЛДИ. Эътиборингиз учун раҳмат!», – дея ёзди шанба куни АҚШ президенти Truth Social ижтимоий тармоғида.

АҚШ бошқа давлатнинг ҳаво ҳудудини ёпишга ҳақли эмас, бироқ бу таҳдид авиакомпаниялар орасида ваҳима уйғотиши, Венесуэлага сафарлар борасида ноаниқликка олиб келиши ва Мадурони хавотирга солиши мумкин, дея қайд этади Daily Telegraph.

Шанба куни эълон қилинган баёнотда Венесуэла Трампнинг баёнотини ўз суверенитетига «мустамлакачилик таҳдиди» сифатида қоралади.

Бу пост «халқаро ҳуқуқнинг энг асосий тамойилларига мос келмайдиган душманона, бир томонлама ва ўзбошимча ҳаракатдир», деди мамлакат ташқи ишлар вазири Иван Гил.

Трампнинг постидан кейин Мадуро Оқ уйга қайта қўнғироқ қилиш бўйича сўров юборган, бироқ унга жавоб қайтарилмаган.

Буёғига нима бўлади?

Мадуро энди ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам АҚШ кафолатидан фойдаланган ҳолда мамлакатни хавфсиз тарк этиши мумкинми ёки йўқми, буниси номаълум. Америкалик юқори мартабали мулозимнинг сўзларига кўра, душанба куни Трамп ўз маслаҳатчилари билан Венесуэлага босим ўтказиш кампаниясини муҳокама қилиш учун музокаралар ўтказган.

Якшанба куни Wall Street Journal таҳририяти Трамп маъмуриятини Венесуэлага босимни янада кучайтиришга чақирди. Нашрдагилар фикрича, Мадуронинг ҳокимиятдан четлатилиши АҚШнинг миллий манфаатларига мос келади. Газета таҳририяти шундай баёнот берган: «Агар Мадуро кетишдан бош тортса, Трамп эса уни ишдан бўшатиш бўйича ҳаракатларга журъат этмаса, бундан Трамп ва АҚШ нуфузи ютқазади».

Колумбия президенти Густаво Петро ўз мамлакатидаги Картахен шаҳрини Мадуро режими ва Венесуэла мухолифати ўртасида музокаралар ўтказиш мумкин бўлган жой сифатида таклиф қилмоқда.

АҚШ Кариб ҳавзасида гиёҳванд моддаларни ташишда гумон қилинган кемаларга зарба беришда давом этмоқда

Шу билан бирга, Қўшма Штатларнинг ўзида президент Трампнинг гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилинган кемаларга зарба бериш қарори оқибатлари Конгрессдаги суриштирув мавзусига айланди. Америкалик ҳарбийлар аллақачон гиёҳванд моддаларни ташишда гумон қилинган 20 дан ортиқ кичик кемаларга зарба берган ва 80 дан ортиқ одамни ўлдирган.

Вакиллар палатасидаги республикачилар ва демократлар бу зарбаларнинг қонунийлигини шубҳа остига олишди ва уларнинг баъзилари бу уруш жиноятлари ёки қотилликларга тенглаштирилиши мумкинлигини тахмин қилишди.

Оқ уй ушбу кемалар гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган деган хулосага келиш учун асос бўлган разведка маълумотларини тақдим этмаган ва ҳалок бўлганларнинг шахсини ошкор қилмаган.

Бу вақтда АҚШ наркотрафикка қарши операция доирасида Кариб ҳавзасидаги ҳарбий мавжудлигини кенгайтиришда давом этмоқда. Мамлакатнинг энг йирик ҳарбий кемаси USS Gerald R Ford авиаташувчиси ўнлаб самолётлар ва эсминецлардан иборат зарбдор кучлар билан бирга ноябр ойи бошида Кариб денгизига етиб келганди.

Ўтган ҳафта пайшанба куни Трамп АҚШ «жуда тез орада» Венесуэланинг «қуруқликдаги» наркотрафигини тўхтатишга ўтиши ҳақида огоҳлантирганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид