Ўзбекистон | 09:20 / 17.07.2024
4432
3 дақиқада ўқилади

Хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Хориждаги ватандошларга кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилмоқда.

Фото: Nova

Ўзбекистон Республикасининг “Хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Лойиҳада Ўзбекистон томонидан хориждаги ватандошларга кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилмоқда.

Лойиҳада хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадлари, асосий йўналишлари, рағбатлантириш усуллари белгиланмоқда.

Жумладан, Ўзбекистоннинг хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, истиқомат қилаётган мамлакатнинг қонунлари ва Ўзбекистон халқаро шартномалари асосида чет эллардаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;
  • Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, уни дунёда ўрганиш ва оммалаштириш, истиқомат қилаётган мамлакатларида ўзбек тилини, маданиятини ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган ватандошларимизнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ўзбекистонда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш;
  • Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ва унинг хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишни истаган ватандошлар ва улар томонидан тузилган ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;
  • Ўзбекистон ҳудудида ватандошларнинг касбий, шу жумладан, тадбиркорлик, сармоядорлик, илмий, маърифий ва маданий фаолиятини амалга ошириши учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;
  • Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон халқаро обрў-эътиборини янада мустаҳкамлашга ватандошлар салоҳиятини жалб қилиш.

Ўзбекистон маданият, илм-фан, таълим ва ахборот соҳаларида ҳамда иқтисодий соҳада хориждаги ватандошлар ва уларнинг ташкилотларини қўллаб-қувватлайди, улар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг бошқа хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган тадбирларни ташкил қилади.

Таклиф этилаётган лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадлари, асосий йўналишлари, рағбатлантириш усуллари белгиланади. Хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришга эришилади.

Мавзуга оид