Давлат раҳбари “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, қонунга иш қидираётган шахсларнинг меҳнат органларига ортиқча ҳужжатлар тақдим этишига йўл қўйилмаслигини, бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун субсидиялар тақдим этиш механизми такомиллаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, иш берувчилар томонидан маҳаллий меҳнат органларига бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни, ходимларнинг ишдан бўлғуси озод этилиши ҳақидаги ахборотни ҳар ойда электрон тарзда тақдим этиш шартлари белгиланяпти.
Қонун билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг номланиши аниқлаштириляпти. Бундан ташқари, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифасига киритилмоқда.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланган.










