Ўзбекистон | 11:41 / 23.07.2021
55614
3 дақиқада ўқилади

Айрим битирувчиларга тестсиз ва қўшимча имтиҳонсиз ўқишга кириш ҳуқуқи берилмоқда

Президент “Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги – Президент таълим муассасалари агентлиги этиб қайта номланди.

2021–2025 йилларда Агентлик тизимида 13та янги ихтисослаштирилган мактаб қурилиб, мавжуд 5та ижод мактаби таъмирланади. 

2021 йил 1 сентябргача:

  • халқаро (International Advanced Levels) дастурлар талабларига мувофиқ ўқувчи ва педагог кадрларнинг STEAM фанлари бўйича билим ва кўникмаларни баҳолаш ҳамда уларга халқаро даражадаги AS ва A-LEVEL сертификатларини бериш амалиёти йўлга қўйилади;
  • Президент мактабларида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларга кейинчалик ўқишини давом эттириш учун ОТМларни танлашда кўмаклашишга қаратилган “Мактаб маслаҳатчиси” (School Councillor) дастури жорий этилади;
  • Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларда алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун инклюзив IT таълим жорий қилинади.

2021/2022 ўқув йилидан Ўзбекистондаги хорижий ОТМ ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган Президент мактаблари битирувчиларига тўлов-контракт суммасини қоплаш учун субсидия тўланади. 

Қуйидагиларга тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз ўқишга кириш ҳуқуқи берилади:

  • Президент мактаблари битирувчиларига давлат олий таълим ташкилотларига умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча давлат гранти асосида;
  • Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг битирувчиларига ихтисослик йўналишидан келиб чиқиб давлат олий таълим ташкилотларининг кимё, биология, физика ва ахборот технологиялари соҳалари учун кадрлар тайёрлайдиган бакалавриат таълим йўналишларига умумий белгиланган қабул параметрларидан ташқари базавий тўлов-контракт асосида;
  • Агентлик тизимидаги ижод мактабларининг битирувчиларига ихтисослик йўналишидан келиб чиқиб давлат олий таълим ташкилотларининг тилшунослик, адабиёт, педагогика, таржимонлик, журналистика соҳалари учун кадрлар тайёрлайдиган бакалавриат таълим йўналишларига умумий белгиланган қабул параметрларидан ташқари базавий тўлов-контракт асосида.

Халқаро (International Advanced Levels) дастурларнинг A ва B даражадаги A-LEVEL сертификатларига эга абитуриентлар давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга киришда сертификат берилган фан бўйича кириш имтиҳонидан озод этилади ҳамда уларга мазкур фандан максимал балл берилади.

Қарор билан Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомидаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ташкил этилди.  

Мавзуга оид