Жаҳон | 20:48 / 24.02.2026
17829
5 дақиқада ўқилади

Москвадаги вокзалда портлаш: Бир полициячи ҳалок бўлиб, яна 2 нафари жароҳатланган

Путин портлаш ижрочиси интернет орқали ёллангани ҳақида гапирди.

Алексей Майшев / РИА Новости / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA

24 февралга ўтар кечаси Москвадаги Савёловский вокзалида рўй берган портлаш оқибатида бир полициячи ҳалок бўлиб, яна икки нафари жароҳатланди.

ИИВ хабарига кўра, соат 00:05 атрофида Йўл-патрул хизматининг вокзал майдонида турган хизмат автомобили олдига бир киши келган ва номаълум қурилмани портлатган.

Дастлабки хабарларда «жиноятчи воқеа жойидан яширингани» айтилганди. Кейинроқ Тергов қўмитаси у воқеа жойида портлаш оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилди.

Тергов қўмитаси ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг ҳаётига тажовуз қилиш (РФ Жиноят кодекси 317-моддаси) ва портловчи қурилмаларнинг ноқонуний муомаласи (222.1-модда 1-қисми) бўйича жиноят иши қўзғатган. 

ИИВ ҳалок бўлган полициячининг шахсини очиқлаган – бу полиция катта лейтенанти Денис Братушченко эди. Вазирлик у ва яраланган полициячиларнинг оилаларига ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган.

Кейинроқ Тергов қўмитаси «ўзини портлатган» шахс – Удмуртияда яшовчи 22 ёшли шахс бўлиб, 22 феврал куни Петербургдан Москвага келганини хабар қилди. Идора унинг исмини очиқламаган.

Кучишлатар тузилмаларга яқин бўлган «112» ва Mash телеграм-каналлари ёзишича, вокзал атрофида портлаш уюштирган Сергей М. бўлиб, у Можга шаҳрида туғилган ва сўнгги вақтларда Петербургда пайвандчиликни ўрганиб, маҳаллий мебел фабрикасида ишлаган. У муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмаган. «112» манбаси Сергей М. мунтазам равишда микромолия ташкилотларидан қарз олгани ва Resident Evil ўйинларига муккасидан кетгани ҳақида маълум қилган.

Тергов версияларидан бирига кўра, Сергей М. курьер бўлган ва Москвага олиб бориши буюртма қилинган жўнатмада нима борлигидан бехабар бўлган. «База»нинг ёзишича, уни манзилга Украина махсус хизмати ходимлари бўлган «буюртмачилар» телефон орқали йўналтириб турган.

Владимир Путин 24 феврал куни кечқурун ФХХ коллегиясида сўзлаган нутқида портлашни амалга оширган шахс катта эҳтимол билан интернет орқали ёлланганини айтди.

«Кеча Савёловский вокзалида бўлган иш, афтидан, бу албатта, сиз томонингиздан қўшимча ишларни талаб қилади, аммо ҳозирдан аниқки… катта эҳтимол билан, бугунги кунда одатий бўлган интернет орқали ёллаш бўлган. Бу одамга портловчи боғлашган, кейин эса масофадан уни ҳам, ҳужум объектини ҳам портлатишган. Катта эҳтимол билан у [ижрочи] ҳеч нарсани билмаган ҳам», – деган РФ президенти.

Кейинроқ ИИВ ташқи кузатув камераларидан монтаж қилинган кадрларни эълон қилди, унда Савёлевский вокзали майдонидаги портлаш пайти акс этган. Кадрларда портлашнинг эҳтимолий ижрочиси кўринмайди.

2025 йил декабр ойи охирида Москванинг Елецкая кўчасида уч киши, жумладан, ЙПХнинг икки ходими ўлимига сабаб бўлган яна бир портлаш содир этилганди. Портлашни амалга оширгани гумон қилинган учинчи қурбоннинг шахси аниқланмаган. Тергов версиясига кўра, у полициячилар ўзини қўлга олиш учун яқинлашганида портловчи қурилмани ишга туширган.

Шунга ўхшаш ҳолат шу кунларда Украинада ҳам кузатилди. 22 феврал куни Лвив шаҳри марказидаги савдо маркази ёнида портлаш рўй берди – натижада полиция ходими бўлган бир аёл ҳалок бўлиб, яна 25 киши жароҳатланди. Украина полицияси маълумотларига кўра, портловчи қурилма Ровенская областида яшовчи аёл томонидан ўрнатилган, у Россия махсус хизматлари кўрсатмалари бўйича ҳаракатланган. Украина президенти Володимир Зеленский Лвивдаги портлашни теракт деб атади.

23 феврал куни Миколайивдаги ишламай турган ёнилғи қуйиш шохобчаси ҳудудида портлаш рўй берди. Украина Миллий полицияси раҳбари Иван Виговскийнинг сўзларига кўра, патрул полициясининг «навбатчиликка чиқиб, ўз автомобилларида шу ерда турган» етти нафар ходими жароҳатланган. У Миколайивдаги воқеани Лвивдаги теракт билан боғлади: «Бу тасодиф эмас. Душман ҳар куни одамлар ва давлат ҳимоясида турган украин полициячиларини нишонга олишга ҳаракат қилмоқда».

Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко 23 феврал куни мамлакатда Россия махсус хизматлари буюртмаси асосида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши уюштирилган терактларнинг «фаол фазаси» давом этаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Киевда тўртта, Днипропетровск ва Житомир областларида учтадан, Харкивда иккита, Лвивда битта шундай ҳолат содир бўлган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид