Жаҳон | 09:35
2782
2 дақиқада ўқилади

Москвага дронлар билан оммавий ҳужумлар давом этмоқда

Москва томон йўналган ўттиздан ортиқ учувчисиз аппарат 16 март кечқурун ва 17 мартга ўтар кечаси ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан уриб туширилди, деб хабар қилди пойтахт мэри Сергей Собянин.

Фото: Александр Щербак / ТАСС

17 март, сешанбага ўтар кечаси Сергей Собянин Telegram’да эълон қилган хабарларга кўра, 16 март куни Москва вақти билан соат 22:00 дан 17 март куни 6:20 гача ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари жами 39 та дроннинг Москвага қараб учган ҳужумларини бартараф этган.

Дронлар қайси объектларни нишонга олган бўлиши мумкинлиги ва улар Москва вилоятининг қайси туманлари устида уриб туширилгани постларда кўрсатилмаган. Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв эса хабар чоп этилган вақтга қадар бу ҳужумларга ҳеч қандай изоҳ бермаган.

16 март эрталаб Сергей Собянин ўтган икки сутка мобайнида «ҲҲМ кучлари тўғридан тўғри Москвага яқинлашишда ва Москва томон йўналишдаги иккинчи чегарада тахминан 250 та душман дронини йўқ қилди», деб ҳисобот берган эди. Россиянинг давлат ахборот агентлиги ТАСС таъкидлашича, 14–16 март кунлари Москвага қилинган ҳужум сўнгги бир йил ичидаги энг оммавий ҳужум бўлган.

17 мартга ўтар кечаси Белгород вилоятидаги Короча шаҳри дронлардан зарар кўрди, деб хабар қилди минтақа губернатори Вячеслав Гладков. Унинг тушунтиришича, ижтимоий объект яқинида дрон портлаши натижасида беш киши жабрланган, аммо у гап айнан қайси бино ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган. Амалдорнинг сўзларига кўра, жабрланган беш кишининг барчаси касалхонага ётқизилишдан бош тортган.

Брянск вилоятида эса тундаги дронлар ҳужуми оқибатида уч киши яраланган, деб ёзди минтақа губернатори Александр Богомаз ўзининг Telegram-каналида. Унинг сўзларига кўра, учта турар жой уйи ва битта автомобил шикастланган.

Ленинград вилоятининг жануби-ғарби устида 17 март эрта тонгда тўртта дрон уриб туширилган, деб маълум қилди минтақа губернатори Александр Дрозденко. У дронларни йўқ қилиш оқибатлари ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид