Ереван майдони. Арманистон пойтахтида нималар бўлмоқда?
Арманистонда 13 апрель кунидан буён норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. 16 апрель, душанба куни тонгида Ереван шаҳрида намойишларнинг йирик тўлқини кузатилди. Намойишчилар мамлакатни 10 йил бошқаргач, ваколат муддати тугаши яқинлашгач, 2017 йили референдум орқали конституцияга ўзгартириш киритиб, президентлик республикасини парламентар республикага айлантирган ҳамда энди ўзи бош вазирга айланаётган Серж Саргсянга қарши норозилик чиқишлар ўтказишмоқда.
Намойишларга депутат Никол Пашинян бошчилик қилмоқда.
Душанба куни қўлларида Ереванда Арманистон байроқлари бўлган намойиш иштирокчилари Миллий Мажлисга элтувчи Маршал Баграмян кўчасини эгаллаб олишди ва бир вақтнинг ўзида шаҳар марказида ҳаракатни тўхтатиб қўйишди.
Мухолифат тарафдорларидан иборат намойишчилар парламент биноси ичига киришга уринишди, полиция бу уринишларни йўққа чиқарди.
Намойишчилар шу куни пойтахт марказидаги бир қанча кўчаларни ва чорраҳаларни эгаллаб, транспорт қатновини чеклашди. Улар «Еритасардакан» метро бекатини тўсиб қўйишга ҳаракат қилишганди, аммо полиция уларни бу ердан улоқтирди. Лекин намойишчилар Арманистон Конституцион суди биносига киришга муваффақ бўлишган.
Биринчи куни Баграмян авенюсида юз берган полиция билан дастлабки тўқнашувларда ўнлаб кишилар жароҳатланди, 46 киши шифокорларга мурожаат қилди, шундан 6 нафари полициячилар.
Тўқнашувлардан кейин Арманистонда «оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.
«Мазкур факт юзасидан «оммавий тартибсизликлар» ва «қонунни бузган ҳолда йиғилишларни ташкиллаштириш ва ўтказиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган», - дейилади Арманистон Бош прокуратураси хабарида. Ушбу моддалар бўйича максимал санкция саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутади.
Ҳукмрон Арманистон Республикачилар партияси (АРП) ва Арман Инқилобий федерацияси (Дашнакцутюн) фракцияси 16 апрель куни бир овоздан Саргсянни бош вазирликка номзод сифатида кўрсатган. Парламент бу масала юзасидан 17 апрель кунининг иккинчи ярмида овоз бериши кутилмоқда.
16 апрель куни кечқурун «Мой шаг» ҳаракати етакчиси ҳисобланмиш Никол Пашинян Ереван марказидаги Франция майдонида чиқиш қилиб, мамлакат фуқароларини кейинги куни ҳам кўчаларга чиқишга ва пойтахт кўчаларини тўсиб қўйиб, парламентда Арманистоннинг янги бош вазири сайланишига йўл қўймасликка, фуқаролар итоатсизлиги янада кенг қамровли бўлиши лозимлигига чақирди.
«Арманистон фуқароларини озод қилиш вақти келди. Мана шу кичик ноқулайликлар билан биз сизни Серж Саргсян томонидан бўладиган катта ноқулайликлардан қутқармоқчимиз», – дея бақирди Пашинян мегафон орқали оломонга қарата.
У агар парламент сайлов ўтказса, ўз тарафдорлари билан шаҳарни ўз қўлига олишини маълум қилган.
Сиёсатчи парламент биноси жойлашган кўчага олиб борувчи барча йўлларни - Баграмян проспекти, Сарян, Прошян кўчалари, шунингдек, Радзанский тоғ дарасидан келувчи кўчаларни ёпиб қўйишга чақирган. Кўчалар автомобиллар, чиқинди идишлари, палаткалар орқали тўсилиши режалаштирилган.
«Бу ишни ҳозирданоқ бошлаш керак, тундаёқ кўчаларни эгаллашимиз керак. Эртага бутун Арманистон кўчаларга чиқиши керак, биз бу лаънати бинога киришларига йўл қўймаслигимиз керак», дея қайд этган Пашинян.
Бугун ўн минглаб кишилар кўчага чиқиши кутилмоқда.
Арманистон полицияси эса бундай митингларнинг олдини олишга тайёрланмоқда.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларациясини энг катта муаммо ва фожиа деб атади
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
10:10 / 09.10.2024
РФ чегарачилари Арманистон ва Эрон чегарасини қўриқлашни тўхтатади
20:10 / 02.10.2024