Жамият | 14:09 / 26.04.2021
4987
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда аҳоли хонадонларига сабзавот кўчати ва уруғлари тарқатилди

Томорқадан унумли фойдаланиш ҳақда минбарда қилинган маърузадан кўра, энг яхши уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, соҳадан катта даромад олган деҳқонлар билан томорқанинг ўзида учрашувлар ташкил этиб, қай тартибда экиш ва парваришлашни муҳокама этиш, тажриба алмашиш минг чандон фойдалироқ албатта.

Шу мақсадда Самарқандга водийнинг уч вилоятидан энг тажрибали, бир парча ердан ҳам яхши даромад кўраётган деҳқонлар ва мутахассислар таклиф этилди. Меҳмонлар, “Томорқа хизмати” корхоналари, туманлардаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳамда O’zLiDeP партиясининг вакиллари иштирокида хонадонларда бўлишди.

Шу билан бирга вилоятдаги 14 та туманда Фарғона водийси вилоятлари ҳамда Самарқанд вилоятининг тажрибали деҳқонлари, “Томорқа хизмати” ва экспортёр корхоналари мутахассислари иштирокида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш масалалари бўйича кўргазмали амалий семинарлар ҳам ўтказилди.

Учрашув ва семинарлар давомида Кенгашнинг Фарғона, Андижон Наманган вилоятларидан келтирилган ҳамда Самарқанд вилоятида етиштирилган 107 минг 800 туп сабзавот кўкатлари (помидор, бақлажон, булғор қалампири ва бошқа турдаги сабзавот кўчатлари) ҳамда 67.3 кг сабзавот уруғлари семинарларда қатнашган “Темир” ва “Аёллар” дафтарларига киритилган фуқароларга бепул тарқатилди.

Уларга моҳир деҳқон ва мутахассислар бу уруғлардан қай тартибда юқори ҳосил олиш ва даромад қилиш бўйича тажрибаларини сўзлаб берди. Шунингдек, бу борадаги дунё ва юртимиздаги илғор тажрибалар ҳақда ҳам маълумот берилди. 

Кенгаш томонидан чоп этилган илғор томорқачилик тажрибаси жамланган 270 дона қўлланма китоблар тарқатилди.

Юқоридаги каби кўргазмали семинарлар вилоят миқёсида 63 марта ўтказилди.

Томорқадан яхши даромад олишнинг яна бир усули — иссиқхона. Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг барча туманларида хонадонма-хонадон юриб, томорқа ер эгаларига иссиқхона қуриш ва унда экинларни парваришлаш бўйича ҳам ўз тавсия ва маслаҳатларини бермоқда.

Бундан ташқари, Наманган вилоятидан Муродхон Саидаҳмедов ҳамда Бахтиёр Воҳидов бошчилигида ташриф буюрган бир гуруҳ деҳқонлар ўзларининг бой тажрибалари билан Каттақўрғон тумани деҳқон ва томорқачилар билан ўзаро тажриба алмашишди.

Кенгаш раисининг ўринбосари саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси Ҳусниддин Каримов бошчилигида Пахтачи, Нарпай, Иштихон, Нуробод, Самарқанд ҳамда Паст Дарғом туманлари кенгашлари раислари ва “Томорқа хизмати” МЧЖлари иштирокида Каттақўрғон тумани “Мундиён” маҳалласида 1-сотихли ихчам иссиқхона қуриш, экин экиш масалалари бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.

Шу билан бирга, уйма уй юриш орқали Кенгаш ишчи гуруҳлари, маҳалла фаоллари билан биргаликда 23 апрель куни 18 мингдан ортиқ хонадонга тарғибот ишлари олиб борилди.

Вилоятда баҳорги экиладиган 50 гектардан зиёд томорқа ерларидан жорий йил 21 апрель ҳолатига 91.7 фоизи экишга тайёрланди. Баҳорги экинлар экилган майдон 43 864 гектар бўлса, шундан сабзавотлар 23 509 га, картошка 11 829 га, дуккакли экинлар 2 344 га, полиз 1 108 га, бошқа экинлар 5 074 га.ни ташкил этади.

Мисол учун: Самарқанд вилоятида 631.4 минг аҳоли хонадонлари ва деҳқон хўжаликларидаги 69.6 гектарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Аҳоли томорқаларида 19.4 минг минг гектар майдонда кузги тўқсонбости экинлар экилган (саримсоқпиёз, пиёз, кўкатлар, карам, сабзи, ва бошқалар), бугунги кунда парваришланмоқда.

Булардан ташқари эрта баҳорда Кенгаш ҳузуридаги Қува томорқачилик марказидан 126 минг туп келтирилган мевали дарахт кўчатлари, вилоят аҳолисига арзон нархларда тарқатилди.

Мисол учун: Жомбой туманига 45 минг туп, Нарпай туманига 26 минг туп, Иштихон туманига 25 минг туп, Каттақўрғон туманига 10 минг туп, Ургут туманига 10 минг туп, Булунғур туманига 10 минг туп ҳар хил турдаги мевали дарахтлар кўчатлари арзонлаштирилган нархларда тарқатилди.

Яна бир маълумот, Кенгаш ҳузуридаги Жамғармадан жорий йилда 4 млрд. 888 млн, жумладан март ойида 2.8 млрд сўм имтиёзли кредит ресурслари аҳоли томорқаларига баҳорги экинлар, мевали боғ ва узум кўчатлари экиш, ихчам иссиқхоналар барпо қилиш, “Аёллар”, ”Ёшлар” дафтаридаги фуқароларга кўмаклашиш, Томорқа хизмати корхоналари фаолиятини кенгайтириш учун ажратилган ва расмийлаштириб берилмоқда.

Жумладан, Нарпай туманига 1 млрд. 212 млн, Булунғур туманига 298 млн,   Каттақўрғон туманига 956 млн, Нуробод туманига 306 млн, Паст Дарғом туманига 538 млн, Ургут туманига 387 млн сўм маблағлар ажратилган.

“Аёллар” дафтаридаги 1660 нафар хонадон эгаларига салоҳиятли фермерлар ва томорқа хизмати корхоналари бириктирилди, 417 нафар хотин-қизларнинг 17 гектар ер майдонлари “Томорқа хизмати” МЧЖлари томонидан тўлиқ шудгорланиб экишга тайёрлаб берилди ҳамда 8 минг 980 туп мевали дарахт кўчатлари, 7,6 тонна картошка уруғлиги ва 47 кг сабзавот уруғлари етказиб берилди.

Акбар Норқўзиев,
Самарқанд вилояти фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси.

Мавзуга оид