Ўзбекистон | 12:03 / 26.05.2022
10996
3 дақиқада ўқилади

Конституцияни ўзгартириш бўйича фуқаролардан таклиф йиғиш бошланди

Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштириш жараёнида фуқаролардан Meningkonstitutsiyam.uz портали, Telegram-бот ва колл-марказ орқали таклифлар йиғилади. Порталда ягона ID тизими орқали рўйхатдан ўтилади. Билдирилган таклифлар модератор маъқуллаганидан кейин эълон қилинади.

"Mening konstitutsiyam" платформаси

Ўзбекистонда Конституциявий комиссия фаолияти янгиликлари ва фуқаролардан таклиф қабул қилиш платформаси – meningkonstitutsiyam.uz портали ишга туширилди.

Порталда Конституцияни такомиллаштириш бўйича таклиф қолдириш мумкин. Бунинг учун порталга электрон ҳукуматнинг ягона авторизация тизими – id.egov.uz орқали кириш зарур бўлади.

Юборилган таклиф порталда эълон қилиниши учун тизим модератори – Ишчи гуруҳ томонидан экспертизадан ўтиши керак. Сайтнинг “Тез-тез бериладиган саволлар” қисмида таклифлар қанча муддатда эълон қилиниши ҳақидаги саволга жавоб берилмаган.

"Mening konstitutsiyam" порталидан скриншот

Қайд этилишича, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича Ўзбекистоннинг 18 ёшга тўлган барча фуқаролари, яшаш жойидан қатъи назар, таклиф бериши мумкин. Бир фуқаро бир нечта таклиф юбориш имкониятига эга.

Порталдан фойдаланиш имконияти бўлмаганда таклифларни Telegram'даги “meningkonstitutsiyam_bot” боти орқали йўллаш мумкин. Шунингдек, 1344 рақамига телефон қилиш орқали ҳам таклиф қолдириш мумкинлиги қайд этилган (Kun.uz колл-марказга қўнғироқ қилди – у ҳозирда ишламаяпти). Telegram-бот ва колл-марказ орқали юборилган таклифлар порталда эълон қилинмайди, лекин таклифлар статистикасига қўшилади.

Қуйидаги таклифлар инобатга олинмайди ва кўриб чиқилмайди:

  • Конституцион ишчи гуруҳи ваколатларига кирмайдиган;
  • шахсий эҳтиёж ёки шикоятдан иборат бўлган;
  • туҳмат ёки бўҳтондан иборат бўлган;
  • жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга доир фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар тўғрисидаги;
  • Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш тўғрисидаги;
  • мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъватлар;
  • жамиятнинг ахлоқий қадриятларига путур етказадиган, фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини поймол қиладиган;
  • уруш, зўравонлик, шафқатсизликни тарғиб қилиш, элатлараро, ирқий, диний адоват, экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни қўзғатиш тўғрисидаги;
  • террорчилик ҳаракатларини содир этишга, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга даъват қилиш тўғрисидаги.

Мавзуга оид