Ўзбекистон | 18:26 / 02.06.2023
16402
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги таркибига қатор ташкилотлар ўтказилади

Ўзбекистонда аҳолига комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий қилиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.

Агентликнинг асосий вазифаларидан бири оғир ижтимоий ҳолатга тушган ва тушиш хавфи бўлган аҳоли билан манзилли ишлашни ташкил қилишдан иборат бўлиб, аҳолининг 31 та тоифасига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этади.

Хусусан:

  • кекса ёшдаги шахслар ва қариялар;
  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар;
  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • кам таъминланган оилалар;
  • зўравонликка учраган шахслар;
  • ногирон фарзандлари бўлган оилаларга ва ота-онасининг бири ногирон бўлган болалар;
  • васийликка олинган оилалар;
  • етим ва чин етим болалар;
  • алоҳида таълим-тарбияга муҳтож шахслар ижтимоий ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинади.

Агентлик томонидан аҳолига қуйидаги асосий ижтимоий хизматлар  ва ёрдамлар кўрсатилади:

  • кам таъминланган оилаларга ҳамда меҳнатга лаёқатсиз аҳолига нафақалар ва моддий ёрдамлар бериш;
  • кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда меҳнат фахрийлари учун санаторийлар ҳамда пансионатларда ижтимоий хизматларни ташкил этиш;
  • аҳолини протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг имтиёзли ҳамда бепул стационар даволанишини таъминлаш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг якка тартибдаги реабилитация дастурларини ишлаб чиқиш;
  • оғир ижтимоий оилалар билан ишлаш;
  • руҳий-ижтимоий хизматларни кўрсатиш;
  • тазйиқ ва вояга етмаган болаларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;
  • етим ва чин етимлар билан манзилли ишлаш;
  • эҳтиёжманд аҳоли қатламига тиббий, психологик ва бошқа хизматларини кўрсатиш.

2023 йил 15 июндан бошлаб агентлик таркибига қуйидаги ташкилотлар босқичма-босқич ўтказилади:

  • Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
  • Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари;
  • Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
  • Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази;
  • ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун “Мурувват” ва “Саховат” интернат-уйлари;
  • Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати;
  • кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар.

Мавзуга оид