Жаҳон | 09:30 / 05.11.2024
2479
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги «ватанпарварлик акциялари» 91 млрд рублга тушди

«Новая газета» сўнгги 2,5 йил ичида ватанпарварлик тадбирлари ва шоуларига минтақавий харажатларни ўрганди. Харидларнинг муҳим қисми «Юнармия» билан боғлиқ.

Фото: Konstanin Kokoshkin/Pivcario

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Россия Федерациясида турли ватанпарварлик тадбирлари ва шоуларига камида 91 миллиард рубл сарфланган. Бу «Новая газета»нинг 4 ноябр, душанба куни чоп этилган ҳисоб-китобларидан келиб чиқади.

Журналистларнинг маълум қилишича, сўнгги икки йил ичида Россияда болалар ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ташкилотлари талабаларни овқатлантириш, уй-рўзғор эҳтиёжлари, байроқлар ва бошқа жиҳозларни сотиб олиш учун камида 700 миллион рубл сарфлаган. Уларга кўра, харидларнинг салмоқли қисми «Юнармия» ижтимоий ҳаракати билан боғлиқ.

Санкт-Петербург «ватанпарварлик» харажатлари бўйича етакчилик қиляпти

Хусусан, болалар учун кийим-кечак ва беретлар Ненец ҳарбий-ватанпарварлик таълими марказига деярли 600 минг рублга тушган. Калининградда Калашников автоматининг 75 моделига 2,2 миллион, ўқув патронлари ва шовқинли гранаталарга икки миллион пул сарфланди. Қримда 2,7 миллион рублга отишмани симуляция қилиш учун тактик ўт очиш тизими сотиб олинди. Россияда ватанпарварлик тарбиясига сарфланадиган маблағлар бўйича Санкт-Петербург, Москва области, Воронеж области, Челябинск области, Ямало-Ненец автоном округи ва Ставропол ўлкаси етакчилик қилмоқда, деб ёзади «Новая газета».

Шу билан бирга, болаларни милитаристик тарзда тарбиялаш «ҳозирги ватанпарварлик сегментларидан бири», деб таъкидлайди журналистлар. Уларнинг сўзларига кўра, давлат органлари ва шаҳар расмийлари катталар учун турли ҳарбийлаштирилган тадбирларни фаол ўтказмоқда. Уруш бошланганидан бери журналистлар бундай воқеалар билан боғлиқ 904 та харидни аниқладилар, уларнинг умумий қиймати 1,3 миллиард рублга тенг.

Бу йил Россия фуқароларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича федерал лойиҳани молиялаштириш 46 миллиард рублга етади. Бир йил аввал бу мақсадлар учун 39,7 млрд, 2022 йилда эса 4,9 млрд ажратилган.

Мавзуга оид