Ўзбекистон | 20:29 / 24.05.2021
33893
4 дақиқада ўқилади

«Ҳукумат сўз эркинлигини чеклаб қўйган» — АҚШ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига доир вазият ҳақида

2020 йил давомида Ўзбекистон ҳукумати ОАВ материалларини назорат қилиб турди, шу сабабли улар эркин фаолият юритмади, дейилади АҚШ Давлат департаментининг йиллик ҳисоботида.

АҚШ Давлат департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси 2020 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан ҳисобот эълон қилди.

Ҳисоботда мамлакатдаги сўз эркинлигига доир вазият ҳақида тўхталиб ўтилган.

«Конституция ва қонунчиликда сўз эркинлиги, шу жумладан матбуот эркинлиги учун ҳам ҳуқуқ мавжуд, лекин ҳукумат онлайн ва офлайн ОАВ учун ушбу ҳуқуқларни чеклади.

Ҳукумат одамларнинг ҳукуматни танқид қилиш ёки умумий ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни муҳокама қилиш имкониятига нисбатан расмий ва норасмий чекловлар қўллади», – дейилади бюро ҳисоботида.

Таъкидланишича, 2020 йил давомида ҳам ҳукумат ОАВ материалларини назорат қилиб турган, шу сабабли улар эркин фаолият юритмаган.

Ҳисоботда, чет эллик журналистлар Ўзбекистонда аккредитациясиз ишлаши тақиқлангани, ҳукумат эса баъзи хорижий журналистлар ва ОАВни мамлакатга киритмаслик учун аккредитация қоидаларидан фойдалангани айтилади.

АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирусга оид статистикасига шубҳа билдирган ОАВлар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан огоҳлантириш олганига эътибор қаратган.

«Ички ишлар ва хавфсизлик хизмати органлари босма ва эшиттиришлар олиб борадиган журналистларга қарши ҳибсга олиш, таъқиб қилиш ва қўрқитиш чораларини кучайтирди», – дейилади АҚШ Давлат департаменти докладида.

Шу билан бирга, президент Шавкат Мирзиёев ОАВни қўллаб-қувватлаётгани, журналистлар «кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бир қаторда ҳукумат ва жамоатчилик эътиборини жойлардаги долзарб муаммоларга жалб қилаётгани»ни таъкидлагани эслаб ўтилган.

Ҳисоботда бир неча блогер ва журналистларнинг Telegram-аккаунтларига ҳужум қилингани, «Сардоба» фожиаси давлат телевидениесида қандай ёритилганини танқид қилган икки спорт журналисти – Жамолиддин Бобожонов ва Бобур Акмалов ишдан бўшатилгани, Қорақалпоғистоннинг собиқ раҳбари, марҳум Муса Ерниязовнинг вафоти ҳақида тасдиқланмаган хабар тарқатгани учун қорақалпоқ нашрлари бош муҳаррирлари сўроқ қилингани ҳақида ҳам сўз боради.

Бундан ташқари, биргина Фарғона вилоятига оид бир нечта воқеликлар санаб ўтилган. «Маърифат» газетасининг Фарғонадаги мухбири бозор ярмаркасидаги ҳолатни телефонига видеога олгани учун ИИБга олиб кетилгани, блогер Отабек Нуритдинов 15 суткага, сўхлик блогер Дадахон Ҳайдаров 10 суткага қамалгани, Effect.uz нашри операторига ҳужум қилингани шулар жумласидан.

Ўзбекистонда 2018 ва 2019 йилларда рўй берган Facebook ижтимоий тармоғига кириш билан боғлиқ муаммолар 2020 йилда ҳам такрорланди. Июль ойи бошида дастлаб Facebook, кўп ўтмай унинг эгалигидаги Instagram'га кириш ҳам қийин бўлиб қолганди. АҚШ Давлат департаменти бюроси бу ҳолатни ҳам эътибордан четда қолдирмаган ва ижтимоий тармоқ блокланишига карантин шароитида аҳолининг интернет орқали қилган танқидлари сабаб бўлганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz ўз фаолиятига хавфсизлик идоралари томонидан мунтазам равишда босимлар бўлиб келгани ҳақида бундан бир ой олдин баёнот эълон қилган эди.

Шу билан бирга, таъкидлаш лозим, вақти-вақти билан сўз эркинлигига оид нохуш ҳолатлар кузатилаётган бўлса-да, шахсан давлат раҳбари ўз чиқишларида тез-тез журналистларни қўллаб-қувватлаб турибди. Сўнгги вақтларда президент иштирокидаги тадбирларга хусусий ОАВ вакиллари ҳам жалб этилиб, Шавкат Мирзиёев улар билан бевосита мулоқот қилаётганини ижобий тенденция сифатида баҳолаш мумкин.

Мавзуга оид