Спорт | 08:23 / 29.09.2025
12291
13 дақиқада ўқилади

«Арсенал» ва «Барселона»да камбэк, Шомуродовда яна гол. Кун ўйинлари

«Арсенал» сўнгги дақиқаларда ғалаба голини урди, Ямал қайтиши билан ҳал қилди, «Милан» «Наполи»ни тахтдан туширди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Reuters

Англия: «канонирлар»нинг корнерлари — пеналти каби

«Нюкасл Юнайтед» – «Арсенал» 1:2
Голлар:
Волтемаде, 34 (1:0). Мерино, 84 (1:1). Габриэл Магаляйнс, 90+6 (1:2)
«Нюкасл Юнайтед»: Поуп, Ботман, Тшау, Берн, Ливраменто (Ласкеллес, 77), Тонали, Жоэлинтон (Барнс, 90+4), Гимарайнс, Гордон (Триппиер, 67), Мёрфи (Осула, 67), Волтемаде (Эланга, 67)
«Арсенал»: Райя, Москера (Салиба, 46), Габриэл Магальяйнс, Калафиори (Мерино, 70), Тимбер, Субименди (Эдегор, 82), Райс, Эзе, Троссар (Люис-Скелли, 88), Сака (Мартинелли, 70), Йокереш
Огоҳлантиришлар: Жоэлинтон, 83. Берн, 88 – Калафиори, 56

АПЛнинг 6-тури марказий учрашуви «Нюкасл» ва «Арсенал» ўртасида бўлиб ўтди. Меҳмонлар ўйинни кучли бошлашди ва кўплаб голли вазиятларга эга бўлишди, аммо «канонирлар»га омад кулиб боқмади. Аввалига видеотакрордан кейин пеналти бекор қилинди. Ҳакамлар хулосасига кўра, бу вазиятда Поуп биринчи бўлиб тўпга улгургани учун Йокерешга ишлатган қўполлиги инобатга олинмади.

Кейин Троссар ўта қулай вазиятдан фойдалана олмади, намунали ҳужум якунида унинг зарбаси устунга тегди. Биргина Эзенинг ўзи дастлабки 45 дақиқаликда рақибларнинг дарвоза соҳасига тўғри борган жами зарбаларидан кўпроқ зарба берди (2 га қарши 3). Унинг ўта хавфли зарбаларини мезбонлар дарвозабони Ник Поуп қаҳрамонлик кўрсатиб қайтариб қолди. Биринчи бўлим эса «қарғалар» фойдасига 1:0 кўринишида якунланди.

Барчаси шу куни бошланғич таркибда туширилган Москера оддий вазиятда рақибга бурчак тўпи совға қилиши билан бошланди. Сандро Тонали аввалига ўзига яқин турган Гордонга пас берди ва ундан қайтган тўпни дарвозабон ҳудудига оширди. У ерда 198 сантиметрлик Волтемаде барчадан баланд сакраб, Давид Райяга имкон қолдирмади. «Арсенал» футболчилари эътироз билдириб, у сакрашдан олдин Габриэлга қўполлик ишлатганига эътибор қаратишди. Аммо бу сафар ҳам ҳакамлар меҳмонлар зарарига қарор чиқарди. Танаффусда Артета Москерани ўйиндан олиб, Салибани таркибга қайтарди.

Воқеаларнинг бундай ривожи «Арсенал» учун ёмон сигнал эди, жамоа қаторасига беш марта биринчи бўлиб гол ўтказиб юборган ўйинларида ғалаба қозона олмаётганди. Аммо «канонирлар»да бу мавсум захира ўриндиғидан тушган ўйинчилар ўзгариш қилиш анъанаси ҳам пайдо бўлган. Бу сафар Артета катта таваккалчиликка қўл уриб, ҳимоя вакиллари ўрнига ҳужум вакилларини туширди. Калафиори ўрнини эгаллаган Мерино Райснинг узатмасидан кейин бошда гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Таянч яримҳимоячиси ўрнига тушган Эдегор эса ўйинни буткул жонлантирди ва иккинчи голга ассистентлик қилди, 90+6-дақиқада у бурчакдан оширган тўпни Габриэл ҳам бош билан дарвозага йўллади. Ёмон сценарийда пешқадам «Ливерпул»дан саккиз очкога ортда қолиб кетиши мумкин бўлган «Арсенал» амалда фарқни икки очкогача қисқартира олди.

Испания: каталонча камбэк

«Барселона» – «Реал Соседад» 2:1
Голлар:
Одриосола, 31 (0:1). Кунде, 43 (1:1). Левандовски, 59 (2:1)
«Барселона»: Шенсни, Араухо, Кристенсен, Мартин (Гарсия, 78), Кунде, Педри (Касадо, 90+5), де Йонг, Фернандес (Олмо, 46), Рэшфорд (Торрес, 78), Барджи (Ямал, 58), Левандовски
«Реал Соседад»: Ремиро, Субелдия, Чалета-Цар, Айен Мунос, Одриосола (Гомес, 57), Горротчатеги, Туррентес (Солер, 67), Марин (Мендес, 67), Барренечеа (Содиқ, 81), Гонсалу Гедеш (Кубо, 57), Ойярсабал
Огоҳлантиришлар: Кунде, 82 – Субелдия, 17. Чалета-Цар, 90

Йохан Кройф номидаги митти стадионида «Барселона» икки ўйинда тўққиз гол урганди, Олимпийский стадионига қайтиб эса муаммоларга учради. Аниқроғи, каталонияликлар учун асосий муаммоларни «Реал Соседад» дарвозабони Ремиро туғдирди. Дастлабки 45 дақиқаликда унинг камида иккита сейви (Рэшфорднинг зарбасини қайтариши ва ўз ҳимоячилари орқали келган тўпга улгуриши) мўъжизага тенг ҳаракатлар эди. Ўз навбатида, меҳмонларнинг ҳужумда ҳам омади келди. Ҳисобни очган Одриосола шу куни майдонга тушмаслиги ҳам мумкин эди, аммо Арамбурунинг жароҳати унга имконият яратди. Қолаверса, ушбу латерал қадрдон клубидаги илк голини 29 ёшига келиб урди.

Аммо танаффус арафасида Рэшфорд навбатдаги марта голли ҳаракат амалга ошириб (қаторасига тўртинчи ўйинда ўз ҳисобига ассист ёзиб қўймоқда), бурчакдан оширган тўпи билан Кунде ҳисобни тенглаштиришига ёрдам берди. Бу билан клубнинг ўтган аср 40-йилларидаги рекорди такрорланди, «Барса» ўшанда ҳам қаторасига 44 та расмий учрашувда майдонни голсиз тарк этмаганди. Бу рекордни янги ҳафта ўртасида ЕЧЛ доирасида «ПСЖ»га қарши ўйинда янгилаш ҳам мумкин, бу ўйин арафасида Ямал соғайиб сафга қайтгани эса айни муддао бўлди. У 58-дақиқада захира ўриндиғидан кўтарилганида стадиондагилар шовқин кўтаришди, бир дақиқа ўтиб эса уни чинакамига олқишлашди. Ямал яна бир бор ўз услубида юриш амалга ошириб, Левандовскининг ғалаба голига ассистентлик қилди.

Ўйин тақдирини ҳал қилган каталонияликлар юлдузига 1 дақиқаю 1 сония етарли бўлди. У ўз ҳисобига гол ёзиб қўйиши ҳам мумкин эди, аммо унинг голи офсайд ҳолати туфайли ишғол этилди. Қолган вақт давомида икки жамоада ҳам яна гол уриш учун етарлича имкониятлар бўлди, аммо меҳмонлар сафида Ойярсабал қарор қабул қилишда кечикди ва зарбаси тўсин юқорисидан ўтиб кетди, Кубонинг зарбаларидан кейин эса тўп тўсинга борди. Ўз навбатида, Левандовски дарвозабон ҳудудида туриб тўпни дарвоза тўрига тўғри йўналтира олмади. Якунда минимал ҳисоб сақланиб қолди ва «Барса» турнир жадвалида «Реал»ни қувиб ўтиб, биринчи ўринга кўтарилди.

Италия: Гасперини эффекти

«Рома» – «Верона» 2:0
Голлар:
Довбик, 7 (1:0). Соуле, 79 (2:0)
«Рома»: Свилар, Манчини, Н`Дика (Циолковски, 71), Зеки Челик, Кристанте, Коне, Анхелинио (Цимикас, 59), Уэсли Винисиус (Эрмосо, 59), Пеллегрини, Довбик (Фергюсон, 59), Соуле (Ал-Шаъровий, 82)
«Верона»: Монтипо, Нелссон, Фресе, Нунес (Белла-Котчап, 84), Сердар, Акпа-Акпро (Галярдини, 46), Бернед (Кастанос, 90), Брадарич (Чам, 84), Белгали, Орбан, Жоване (Сарр, 74)
Огоҳлантиришлар: Акпа-Акпро, 12. Нунес, 45. Галярдини, 53. Белгали, 90

«Рома» «Ювентус» очко йўқотишидан фойдаланди ва турнир жадвалида туринликларни қувиб ўтди. Жан Пиеро Гасперини жамоаси ўтган турда бяконерилардан очко тортиб олган «Верона»га (1:1) имкон қолдирмади. Жорий мавсумда чемпионат ўйинида илк бор бошланғич таркибда тушган Довбик Челикнинг узатмасидан тезкор гол билан ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса Соуле ҳисобни мустаҳкамлади. Жан Пиеро Гасперини эффекти яққол кўринмоқда — римликлар мавсум стартидаги беш турда атиги бир гол ўтказишди. «Рома» тарихида бунақаси фақат уч марта (1992, 2013 ва 2014 йилларда) кузатилган.

«Милан» – «Наполи» 2:1
Голлар:
Салемакерс, 3 (1:0). Пулишич, 31 (2:0). Де Брейне, 60 - пеналти (2:1)
«Милан»: Менян, Габбиа, Павлович, Томори (де Винтер, 80), Рабьо, Модрич, Фофана (Лофтус-Чик, 80), Эступинян, Салемакерс (Атекаме, 68), Хименес (Леау, 69), Пулишич (Бартесаги, 59)
«Наполи»: Мерет, Жуан Жезус, Мариануччи, Гутьеррес, Ди Лоренцо, Лоботка (Гилмор, 90+3), Де Брейне (Эльмас, 72), Замбо Ангисса, Мактоминай (Нерес, 73), Политано (Ланг, 77), Ҳойлунд (Лукка, 73)
Огоҳлантириш: Рабио, 90
Четлатиш: Эступинян, 57

Массимилиано Аллегри бошқарувидаги «Милан» учун биринчи жиддий синов муваффақиятли ўтди. Шу билан бирга, ҳозирги «Наполи» мудофаасида жиддий муаммолар мавжудлигини ҳам рад этиб бўлмайди. Шу куни Ррахмани, Буонджорно ва Спинаццола майдонга туша олмади, уларнинг ўринбосарлари эса мавсумни ўта кучли бошлаган Пулишичга қаршилик кўрсата олмади. Америкалик футболчи аввалига Салемакерсни голли узатма билан таъминлади. Кейин эса майдоннинг иккинчи қисмидан туриб Фофанани яккама-якка вазиятга чиқарди. Француз футболчисининг зарбаси юқоридан ўтиб кетди, аммо у кейинроқ Пулишичга қарзини қайтариб, иккинчи голга ассистентлик қилди.

Кристиан 2023 йилда А серияда дебют қилганидан буён 46 (27+19) самарали балл ишлаган, бу эса шу оралиқда турнирдаги энг яхши кўрсаткичдир. Аммо, амалдаги чемпионларга қарши ўйинда 2:0 ҳисоби ҳам ҳеч нарсани кафолатлай олмасди. Иккинчи бўлимда «Милан» бир киши кам бўлиб қолганида, Пулишични қурбон қилишга тўғри келди. Бу эпизодда арбитр нафақат мезбонлар дарвозасига пеналти қўйди, балки жарима майдони ичида Ди Лоренцони йиқитган Эступинянга қизил карточка ҳам кўрсатди. 11 метрдан Де Брюйне аниқ зарба берди ва ўйинга интрига қайтди.

Аллегри минимал устунликни сақлаб қолишга ўйнамади. «Сан-Сиро»га йиғилганлар олқишлари остида майдонда Рафаэл Леау пайдо бўлди, у мавсум аввалида «Бари»га қарши ўйинда олган жароҳати туфайли бир ярим ойдан буён ўйнай олмаётганди.

Россонерилар шу куни 40 ёшли Модричнинг ҳаракатлари эвазига ғалабани сақлаб қолишди, у икки марта дарвоза тўрига кириб кетаётган тўпни тўсиб қолди. Бу натижадан кейин Аллегри жамоаси очколари сонини 12 тага етказиб, тўплар нисбатига кўра биринчи ўринда жойлашди, ҳисобида шунчадан очко бўлган «Рома» ва «Наполи» кейинги ўринларда жойлашган, «Ювентус» (11) ва «Интер» (9) ҳам узоқда эмас, А сериянинг янги мавсумида ҳам чемпионлик учун шиддатли баҳс кетиши тайин. Кейинги турда россонерилар «Юве» меҳмони бўлади.

Франция: «Лион» «ПСЖ»га етиб олди

«Лилл» – «Лион» 0:1
Гол:
Мортон, 13 (0:1)
«Лилл»: Бодар, Нгой, Тиагу Сантуш (Мбаппе, 90+2), Вердонк, Манди, Мукау (Бенталеб, 74), Буадди (Игаман, 79), Ҳаралдссон, Коррея (Сахрауи, 74), Фернандес, Жиру
«Лион»: Грейф, Ниакате, Мата, Таляфико, Мэйтланд-Найлс, Тессманн, Мортон, Мера (Шулц, 75), Фофана, Карабец (Морейра, 75), Толиссо
Огоҳлантиришлар: Буадди, 43. Манди, 69. Фернандес, 86. Игаман, 87 – Таляфико, 46. Фофана, 72. Морейра, 76. Шулц, 83

Турнинг асосий ўйинида «Лилл» ва «Лион» кучли учликдаги ўрин учун кураш олиб борди. Ўйиндаги икки вазият ўйиннинг мақомидан далолат беради. Биринчидан, мезбонлар устози Брюно Женезио қизил карточка олди. Иккинчидан, ўйинда 44 бор қоида бузилди, бу эса «Пиер Моруа»даги ўйинни чемпионатнинг 2020 йил февралидан буён энг қўпол ўйинига айлантирди, ўшанда «Ним» ва «Дижон» жамоалари ўйинида шундай кўрсаткич қайд этилган. Аммо аутсайдерлар иштирокидаги ўйин бошқа, Франция чемпионатида совринлар учун курашувчи жамоалар ўйини бошқа. Бу ўйин тақдирини Таляфиконинг узатмаси ва Мортоннинг бошда қарама-қарши бурчакка йўллаган зарбаси ҳал қилди. Қолаверса, «тўқувчилар» дарвозабони Грейфнинг сейвларини эътироф этиш керак. Бу ғалабадан кейин Паулу Фонсека шогирдлари фақат қўшимча кўрсаткичлар туфайли «ПСЖ»дан кейинги иккинчи ўринда жойлашган.

Туркия суперлигаси: Шомуродовда навбатдаги гол

«Коняспор» — «Башакшеҳир» 2:1
Голлар:
Ндао (16), Опоку (45+1, автогол) — Шомуродов (57).
«Коняспор» — Эртош, Язгили, Евтович, Демирбаг, Анзуана, Иброҳимўғли (Чалушич, 82), Барди, Гиллерме, Ндао (Бёрло, 68), Мулека (Педро, 65), Найир.
«Башакшеҳир» — Муҳаммад, Эбоселе (Шаҳинер, 46), Ба, Опоку, Опери, Берат (Калужински, 64), Юсуф (Файзуллаев, 64), Ҳарит (Туруч, 77), Креспо, Брнич (Да Кошта, 46), Шомуродов.
Огоҳлантиришлар: Барди (60), Язгили (62).
Четлатиш: Барди (65).

Туркия чемпионати 7-турида «Башакшеҳир» сафарда «Коняспор» билан баҳс юритиб, мағлубиятга учради. Мезбонлар сафида Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов асосий таркибда тушиб, жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди. Бу Шомуродовнинг Туркия чемпионатидаги учинчи голи бўлди, лекин унинг голлари жамоага ёрдам бермаяпти - истанбулликлар 6 ўйинда 1 ғалаба, 3 дуранг ва 2 мағлубият қайд этиб, 6 очко 12-ўринда қолди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид