Жаҳон | 08:02 / 14.06.2024
7668
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Си Жинпинг Россияга қурол сотмасликка ваъда берган

Хитой Халқ Республикаси раиси «Россияга қурол сотмаслигини айтди. Кўрамиз», деди Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Жо Байден билан матбуот анжуманида.

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский Хитой раҳбари Си Жинпинг унга Россияга қурол етказмасликка ваъда берганини айтди. «Мен Хитой раҳбари билан телефонда гаплашдим. У Россияга қурол сотмаслигини айтди. Кўрамиз. У менга сўз берди», - деди Зеленский 13 июн, пайшанба куни АҚШ президенти Жо Байден билан Италияда G7 саммити доирасидаги матбуот анжуманида.

Матбуот анжуманида Володимир Зеленский саммитда АҚШ ва Украина ўртасида тузилган хавфсизлик келишувини Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши йўлидаги муҳим қадам деб атади. Шартномада «АҚШ Украинанинг келажакдаги НАТО аъзолигини қўллаб-қувватлаши ва бизнинг хавфсизлик келишувимиз Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши учун кўприк эканлигини тан олиши айтилади», деди Зеленский. 

Лондон Хитойни Россияга қурол етказиб беришда айблади 

22 май куни Британия мудофаа вазири Грант Шэппс Хитойни Россияга қурол етказиб беришда айблади. «Бугун мен Россия ва Хитой ўртасида Украинада қўлланган қуроллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида далилларга эга эканлигимиз ҳақида хабар беришим мумкин», деди Шэппс. 

Шунингдек, Германия ва АҚШ ҳукумати Хитойни Россия Федерацияси билан санкцияларни четлаб ўтишда ҳамкорлик қилмаслик тўғрисида огоҳлантирди. Bloomberg маълумотларига кўра, Пекин Москвани ҳарбий мақсадлар учун геофазовий разведка маълумотлари, шунингдек, ҳарбий саноат учун зарур бўлган микроэлектроника, танклар ишлаб чиқариш учун ускуналар ва ракеталар учун ёнилғи билан таъминлайди. 

Мавзуга оид