Зеленский Ню Йоркда Трамп билан учрашди
АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп Володимир Зеленский билан Ню Йоркда кечган учрашувдан кейин Украина раҳбари ҳам, Владимир Путин ҳам уруш тугашини исташи ҳақида гапирди. Трамп яна бир марта президентлик сайловларида ғалаба қозонадиган бўлса, урушни тезда тўхтатишини айтди, аммо бунга қандай эришмоқчи эканига ойдинлик киритмади.
Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод бўлган Доналд Трамп билан учрашди. Учрашув Ню Йоркда, АҚШ собиқ президентига тегишли бўлган «Трамп-тауэр» мажмуасида ташкиллаштирилди.
«Мен агар ғалаба қозонадиган бўлсам, биз жуда адолатли якунга эришамиз деб ўйлайман. Чиндан ҳам бу жуда тез келишув бўлади. Буни тўхтатиш керак. Президент [Зеленский] ҳам бу якунланишини истамоқда. Ва ишончим комилки, президент Путин ҳам бу якунланишини истайди. Ва бу яхши комбинация. Шундай экан, биз барча учун адолатли келишувга эришмоқчимиз», — деган Трамп музокаралардан кейин Украина президенти билан ёнма-ён туриб.
Учрашувдан олдин Зеленский журналистлар билан суҳбатда Трампга урушдаги «Ғалаба режаси» ҳақида айтиб бермоқчилигини билдирган, у аввалроқ бу ҳужжатни Жо Байден ҳамда демократларнинг президентликка номзоди, вице-президент Камала Ҳаррисга ҳам тақдим этганди.
Трамп Украинадаги урушга бир кун ичида барҳам беришини айтаётган бўлса-да, бунга айнан қандай эришмоқчилигига аниқлик киритмайди. Айрим сиёсатчилар ва экспертлар у Украинани Москвага ҳудудий ён беришга мажбур қилишидан ёки можарони музлатиб қўйишидан хавотир билдирган. Киевдагилар бир неча бор иккала вариантни ҳам қабул қилиб бўлмайдиган вариант деб атаган.
Жума куни журналистлар Трампдан Украина урушни тўхтатиш учун Россияга ўзининг айрим ҳудудларини беришга рози бўлиши керакми, дея сўрашди, Трамп эса шундай жавоб берди: «Кўрамиз, воқеалар ривожи қандай ривожланаркан».
Трамп учрашувни у Зеленский билан ҳам, Россия президенти Владимир Путин билан ҳам яхши алоқаларга эгалиги ҳақидаги гап билан бошлади. «Бизнинг [Зеленский билан] муносабатларимиз жуда яхши, ва биласизки, мен президент Путин билан ҳам яхши муносабатларга эгаман. Ва мен ўйлайманки, агар биз ғалаба қозонсак, унда барчасини жуда тез ҳал қиламиз.
Бу давлат ҳеч бир мамлакатда, ҳеч қаерда бўлмаган дўзахни бошидан ўтказди. Бунақасини ҳеч ким кўрмаган. Бу даҳшатли ҳолат», — деган Трамп.
Трамп Зеленский билан «аъло даражадаги муносабатда» эканлигига исбот сифатида у 2019 йилда демократлар томонидан бошланган ўзини импичментга бўлган уриниш Зеленский уларнинг йўлига юрмагани туфайли ҳам муваффақиятсиз якунланганини эслатди.
«Биз осонлик билан ғалаба қозонишимизнинг сабабларидан бири шундаки, Зеленскийдан сўралганда, у президент Трамп мутлақо нотўғри иш қилмаганини айтди. У буни баланд овозда ва аниқ айтди ва шу билан уйдирмага барҳам берилди. Бу жуда олижаноблик эди», деди Трамп.
BBC’нинг АҚШдаги мухбири хабар беришича, Трамп ҳам, Зеленский ҳам ўзаро муносабатлари яхшилиги тўғрисида тасаввур қолдиришга уринган. Аммо уларнинг юз ифодаси учрашув аслида кескин руҳда кечганини айтиб турарди.
«Зеленский ўзининг «Ғалаба режаси»ни муҳокама қилиш истаги ҳақида гапирди, аммо Трамп урғуни бошқача қўйди. У доимо Украина дўзахни бошдан кечиргани ва можарони якунлаш лозимлигини айтди. У Украина ғалабаси ҳақида бирор сўз демади», дея давом этади мухбир.
Трамп 5 ноябр куни ўтказиладиган президентлик сайловларида ғалаба қозониш учун яхши имконият сақлаб турибди.
Сўровларга кўра, вице-президент Камала Ҳаррис уни фақат икки-уч фоиз пунктга ортда қолдирмоқда, бу фарқ эса статистик хатолик бўлиши ҳам мумкин. Ғалаба учун 270 нафар сайловчи делегат овозини қўлга киритиши керак бўлган номзодларнинг иккиланувчи штатлардаги имкониятлари эса тенг баҳоланмоқда.
Шунинг учун, ўтган ҳафта охиридан буён АҚШда ташриф билан бўлиб турган Зеленский президентликка ҳар икки номзод билан ҳам учрашишдан манфаатдор эди.
Бундан олдинроқ Ҳаррис Зеленский билан ёнма-ён турган ҳолда Трампнинг номини келтирмасдан, унинг манзилига танқид ёғдирди: «Менинг мамлакатимдаги айримлар [...] Украинани ўз суверен ҳудудининг катта қисмини беришга мажбурламоқчи». Бу таклиф Владимир Путиннинг позициясига мос келади ва у тинчликка эмас, капитуляцияга олиб боради, дея қайд этган у.
Ўзаро муносабатларнинг мураккаб тарихи
Украина президенти АҚШнинг эҳтимолий бўлажак президенти билан мулоқот ўрнатиш осон бўлмаслигига кўплаб далиллар мавжуд.
У АҚШга ташрифи доирасида Пенсилвания штатининг Скрантон шаҳридаги қурол-яроғ заводига борди. Шундан сўнг Трамп Зеленскийга оммавий ҳужумлар кампаниясини бошлади.
Гап шундаки, Скрантон Жо Байденнинг она шаҳри ҳисобланади. Пенсилвания эса ҳозир АҚШ президентлик сайловида номзодлар ўртасида асосий кураш олиб бориладиган асосий штатлардан биридир. Зеленскийнинг заводга ташрифидан кейин Трамп у билан учрашишдан бош тортди. Кеча Зеленский Трампни учрашишга кўндириш учун унга хат ёзгани маълум бўлди.
Икки кун муқаддам Доналд Трамп Владимир Зеленскийга ҳужум қилишни бошлаб, киноя билан уни тез-тез АҚШга пул учун келувчи ва мақсадига эришувчи дунёдаги энг олғир савдогар деб атаганди.
Кейинги куни эса Трамп Украина энди мавжуд эмаслиги, чунки у жиддий даражада вайрон бўлганини, Зеленский эса келишишни истамаётгани ва фақат Америка бюджетидан миллионлаб доллар олиб кетаётганини айтди.
Камала Ҳаррис билан дебатда Трамп Украинанинг ғалабасини қанчалик хоҳлаши тўғрисидаги саволга жавоб беришдан қочганди.
Трампга Зеленскийнинг ўтган ҳафтада New Yorker журналида чиққан интервюда айтган гаплари ёқмагани тайин, ўшанда у республикачилар етакчиси «аслида урушни қандай тўхтатишни билмаслиги»ни айтганди.
Пайшанба куни, бу гапларга муносабатини сўрашганида, Трамп шундай жавоб қайтарди: «Мен чиндан ҳам у бунга рози эмас деб ўйлайман. У мени билмайди».
Трамп ва Зеленский жорий йил июлида телефон орқали мулоқот қилганди, аммо уларнинг ўзаро муносабатлари тарихи аввалдан силлиқ эмас. Уларнинг 2019 йилги телефон мулоқоти Трампга қарши илк импичмент ишини бошлаб берганди.
Ўшанда ҳали президент бўлган Трамп эндигина ҳокимиятга келган Зеленскийдан «ёрдам» сўраганди: унинг 2020 йилги сайловларда асосий рақиби бўлиши кутилаётган Жо Байденга нисбатан тергов эълон қилишни. У акс ҳолда Украина ваъда қилинган ҳарбий ёрдамни олмаслигини очиқ қилиб айтганди ва конгрессменларнинг суриштируви кўрсатдики, ўшанда ёрдам юбориш чиндан ҳам ортга сурилган.
Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этувчи демократлар импичмент учун овоз беришган, аммо республикачилар кўпроқ бўлган Сенат 2020 йил бошига келиб Трампни ҳокимиятдан четлатишдан бош тортганди. Ўша йил охиридаги сайловларда эса барибир Байден ғалаба қозонади (Трамп эса ҳалигача мағлубиятини тан олмаган).
Британиянинг янги бош вазири ҳам Трамп билан учрашди
26 сентябр куни кечқурун Трамп илк бор Буюк Британиянинг янги бош вазири Кир Стармер билан учрашганди. Ню Йоркда икки соат давом этган кечки овқат вақтида Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми ҳам ҳозир бўлганди.
Стармернинг ҳукумати Украинани фаол қўлламоқда ва қатор масалаларда, хусусан, Россия ҳудудига ғарбнинг узоқ масофали ракеталари билан зарба бериш масаласида АҚШдан кўра қатъийроқ позиция танламоқда.
Журналистларнинг Трампнинг эҳтимолий ғалабаси Британияни янада заифроқ ҳолатга солиб қўймайдими, дея берилган саволга Стармер шундай жавоб қайтарган: «Азалдан АҚШ билан алоҳида муносабатларимиз бор, бу муносабатлар энг оғир шароитларда шаклланган. Бу эса доимо АҚШ ёки Буюк Британияда у ёки бу лавозимни эгаллайдиганларнинг шахсиятидан юқорироқ туради».
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024