Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гулнора Каримовадан мусодара қилинган маблағлар қишлоқ мактабларини янгилашга йўналтирилмоқда
Фото: UNICEF
Швейцарияда мусодара қилинган пулларни Ўзбекистонга қайтариш жараёнини назорат қилувчи «Ишонч» жамғармаси янги лойиҳани эълон қилди.
БМТ шафелигидаги «Ишонч» жамғармаси «Мактабларда иқлим ўзгаришига чидамлилик ҳамда сув таъминоти, санитария ва гигиенани (SSG) моделлаштириш» лойиҳасига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишини эълон қилди. Лойиҳа расман 2025 йил 1 октябрда ўз ишини бошлайди. Эслатиб ўтамиз, жамғарма Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган пулларини қайтариш (реституция) жараёнини назорат қилиш учун ташкил этилган.
Лойиҳада Ўзбекистон бўйича камида 45 та қишлоқ мактабини таъмирлаш, мактабларда энергия сарфини 30 фоизга ва димланган газлар чиқиндиларини 50 фоизга камайтириш учун хавфсиз сув, замонавий санитария, ишончли иситиш тизимлари ва экологик тоза энергия билан таъминлаш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, лойиҳа 31 мингдан ортиқ бола, айниқса, ўсмир қизлар учун кундалик таълим шароитларини бевосита яхшилайди. Улар гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда алоҳида қулайликлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, бу эса дарсларни қолдириш ҳолатларини камайтиради. Қолаверса, лойиҳа якунлангандан сўнг, унинг натижалари барқарорлигини таъминлаш мақсадида, 2700 нафар мактаб ўқитувчиси ва ходими иқлим ўзгаришига чидамлилик, гендер жиҳатлар ҳисобга олинган ёндашув ва жараёнларга жамоатчиликни жалб қилиш бўйича ўқитилади.
Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский лойиҳа ҳақида шундай фикр билдирди: «Швейцария ушбу реституция маблағлари Ўзбекистон халқига бевосита фойда келтирадиган, коррупциядан холи, сезиларли инвестицияларга айлантирилаётганидан фахрланади. Ушбу лойиҳа орқали биз 31 500 болага янада соғлом, хавфсиз ва муносиб муҳитда таълим олиш имкониятини яратмоқдамиз – бу ривожланишга хизмат қилувчи реституциянинг ҳақиқий тимсолидир».
Ўзбекистондаги БМТ доимий координатори Сабине Маҳл шундай деди: «Ушбу лойиҳа Ўзбекистондаги БМТ жамоаси мамлакатдаги болалар ва оилалар учун реституция маблағларини узоқ муддатли такомиллаштириш жараёнларига айлантириш бўйича собитқадамлигини кўрсатиб беради. Биз тоза сув, замонавий санитария ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни шаффофлик ва жамоатчилик назорати билан уйғунлаштириб, нафақат мактабларга, балки ҳар бир боланинг ишончи, тенглиги ва келажагини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқдамиз».
Шу йилнинг апрел ойида Гулнора Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган 131 млн долларлик активлари биринчи траншидан 95 миллион долларлик активлар Ўзбекистонга қайтарилган эди.
Мавзуга оид
12:15 / 19.12.2025
БМТ Бош Ассамблеяси Украинадаги РФ ҳаракатлари ҳақидаги резолюцияни янгилади
17:42 / 18.12.2025
Ўзбек мигрантлари: уларнинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни қай даражада катта?
15:26 / 18.12.2025
Аккредитация тўловлари қайтарилмайди: таълим ташкилотлари учун янги қоидалар
20:15 / 16.12.2025