Жаҳон | 23:23 / 12.02.2026
6443
18 дақиқада ўқилади

Туркия ва ядро қуроли: геосиёсий таҳлил

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан унинг мамлакати ядровий пойгага қўшилиши мумкинлигини истисно қилмади. Туркиядек улкан амбицияларга эга давлатнинг бу баёноти нимани англатади? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар бу мавзуда атрофлича фикр юритди.

Дастур меҳмонлари – сиёсий таҳлилчилар Ҳикматулла Казакбаев, Исломхон Гафаров ва Камолиддин Раббимов бўлишди.

Ҳикматилла Казакбаев: Туркиянинг ядро қуролига эга бўлиш масаласи биринчи навбатда Исроил томонидан қаршиликка учрайди. Минтақадаги исталган бошқа давлатнинг ядро қуролига интилиши ҳам шундай. Бу Эрон бўладими, бир пайтлар Ироқми... Ҳатто Мисрда ҳам 2000-йиллар бошида, Ҳусни Муборак даврида ядро қуроли масаласи муҳокама қилинган, лекин Исроил туфайли Миср бу ғоядан умуман воз кечган.

Туркияда ҳам ядровий қуролнинг пайдо бўлишига Исроил йўл қўймайди. Чунки бу Исроилга тўғридан тўғри таҳдид сифатида қаралади.

Умуман, Яқин Шарқда Туркия учта рақиб давлатнинг орасида қолиб кетган, булар – Греция, Кипр ва Исроил. Бу уч давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик бор, улар Шарқий Ўрта ер денгизи саммитларини ўтказишади. Бу саммитлардан ўнинчиси 2025 йил декабрда ўтказилди. Мана шу учта давлат айнан Туркияга қарши. Грецияни биласиз, ороллар масаласида Туркия билан ҳудудий муаммолари бор. Кипрда Шимолий Кипр масаласи бор.

Туркияда АЭСлар ишга тушиши керак, биринчиси – Аккую. Россия билан ҳамкорликда, 2018 йилдан бери қуриляпти. 2024 йилда ишга тушиши керак эди, лекин санкциялар сабаб муддат кечикди. Адашмасам, охирги ускуналарни Siemens компанияси ўрнатиши керак эди, лекин санкциялар туфайли бу ишни қила олмади. Кейинчалик Россия Siemens'нинг ўрнига, Хитойдан керакли жиҳозларни сотиб олди ва АЭСнинг биринчи блокини ишга тушириш 2025 йилга кўчди. Лекин 2025 йилда ҳам бу нарса амалга ошмади. Ҳозир кутилаётгани – 2026 йил охиригача Аккую АЭС ишга тушиши керак. АЭСга эга бўлгандан кейин, ўз-ўзидан, ядровий қурол яратиш ғояси ҳам пайдо бўлади-да.

Яна битта масала бор: сентябрь ойида Туркиянинг саноат ва технология вазири Меҳмет Фотиҳ Каcир “биз ўзимизнинг миллий ядровий реакторларни яратиш лойиҳасини ишга туширдик”. Яъни 2025 йилда Туркия ўзининг миллий реакторларини яратиш лойиҳасини ишга тушириб бўлди.

Энди, агар Эронда ядро қуроли пайдо бўладиган бўлса... Исроилда ўзи шундоқ ҳам бор, адашмасам 90 та ядровий каллаклари бор дейишади (Исроил ҳеч қачон тан олмайди). Эроннинг ядро қуролига интилиши Исроил ва АҚШ билан ўртасида қанчалик катта тўқнашувни келтириб чиқарган бўлса, Туркиянинг ядро қуролига интилишига ҳам шунчалик катта тўсқинлик бўлади.

Мана, ҳозир АҚШ билан Туркия ўртасидаги асосий масалалардан биттаси – бу F-35 самолётлари. АҚШ уларни етказиб беришни 2019 йилда тўхтатиб қўйган эди. Туркия Россиядан С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олди, натижада АҚШ F-35 етказиб бериш лойиҳасидан Туркияни чиқариб юборди. Аслида улар 100 та сотиб олиши керак эди, ҳатто пуллари тўланган Туркия томонидан. Лекин бу лойиҳа тўхтатиб қўйилди.

Туркия жуда яхши билади: Исроил Туркиянинг ядровий қуролга эга бўлишига умуман йўл қўймайди. Чунки Эрон билан боғлиқ мана бу ҳодисани ҳам кўрди, Ироқда 1980-йилларда бўлган қарама-қаршиликларни ҳам унутмаган (Ироқда ҳам маълум маънода ядровий лойиҳа бор эди).

Туркиянинг ядро қуролига интилиши Исроил билан катта низони келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам Туркия тезроқ F-35га қайтишни хоҳлаб ётибди. Эрдоған Трамп билан сентябрдаги учрашувда шу нарсани кўтарди: “Лойиҳага тезроқ қайтайлик, пулини ҳам тўлаб қўйганмиз, нимага берилмаяпти?” Улар қаттиқ талаб қўйишяпти: С-400дан воз кечасан.

Шу кунларда Саудияда ҳарбий кўргазма бўляпти. Унда Саудия F-35га эга бўлганини кўрсатди. Кўргазмага қўйилган F-35 самолётида Саудия Арабистони байроқлари турганди. Бин Салмон Вашинтонга борганида шу масалани кўтаргани аниқ. Лекин етказиб бериш ҳали бошланмаган, АҚШ чўзяпти. Ҳозир Яқин Шарқда фақатгина Исроилда F-35 самолётлари бор. Эртага Саудияда пайдо бўлса, бу ўз-ўзидан бу Исроилга ҳам таҳдид ҳисобланади. Чунки Исроилдаги ҳозирги устунлик бу ҳаводаги устунлик-да. Биз буни Эрон билан можарода кўрдик. Шунинг учун ҳам Туркиянинг АЭС ҳақидаги фикрлари Исроилда жуда жиддий қабул қилинган бўлиши керак.

Исломхон Гафаров: Туркия ташқи ишлар вазири томонидан мана шунақа фикрлар, имо-ишоралар пайдо бўлишини йирик геосиёсий жараёнлар билан боғлаган бўлар эдим. Мана, Америка Қўшма Штатлари томонидан бугунги кунда НАТОга ҳамда Ғарбий Европа мамлакатларига қанақа муносабат билдириляпти? Қўшма Штатлар иложи борича НАТО бўйича юкни Европага ташлаяпти, бунга нисбатан Европа раҳбарлари кескин фикрлар билдиряпти. Аммо НАТОнинг аъзоси фақат Европа мамлакатлари эмас, Туркия – НАТОнинг иккинчи даражали мамлакати ҳисобланади.

Ўйлашимча, АҚШда НАТОга нисбатан шаклланаётган янги муносабат Туркияни АЭС масаласида фикрлашга ундаяпти. Агар НАТО борган сари мўртлашиб, сустлашиб бошласа, Қўшма Штатлар унга иккиламчи ташкилот сифатида қарай бошласа, унда Туркиянинг аҳволи нима бўлади, деган савол пайдо бўляпти. Европа мамлакатлари бу ҳақда қайғуряпти, аммо Европанинг, хусусан Франция ва Британиянинг ядро қуроллари бор. Лекин Туркияда бу қурол йўқ. Яъни бунақа фикрларнинг пайдо бўлишига катта эҳтимол билан мана шу НАТОга бўлган муносабат ўзгариши сабаб бўляпти. Чунки Туркия ўзининг хавфсизлигига ўзи қайғуриши керак бўляпти.

Минтақада Исроил кучайиб боряпти. Унинг Эронга ва ҳатто Қатарга зарба беришларидан кейин, Саудия Арабистони Покистон билан яқинлашиб кетди. Иккаласи мудофаа пактини имзолади. Нега? Чунки Саудия Арабистони ҳам Покистоннинг ядро қуролига таяна бошлади. Иккаласи ҳам мусулмон давлати. Лекин бу фонда Туркия кимга борсин? Францияга бора олмайди, Буюк Британияга, Россияга, Хитойга ёки Покистонга ҳам қўл узата олмайди.

Камолиддин Раббимов: Лекин Покистон–Саудия иттифоқига Туркия ҳам яқинда қўшилди-ку.

Исломхон Гафаров: Ҳа, яқинда Туркия ҳам қўшилди. Лекин Туркия – Покистонга боғлиқ бўлиб, ҳарбий жиҳатдан қарам бўлиш ниятидаги давлат эмас. У ўзида хулосани кўряптики, Туркия ўзи яратиши керак шу нарсани. Иқтисодиёти кўтаради, геосиёсий вазни ҳам бор.

Минтақада қайсидир давлат, Эронми ёки Саудия Арабистоними, ядро қуролига эга бўлмасдан туриб ҳам Туркия бунга интилади, демоқчимисиз?

Исломхон Гафаров: Шундай. Ҳозир сўзимнинг иккинчи қисмига келяпман. Эроннинг ҳолатини кўрдик, Ҳоқон Фиданнинг ўзи ҳам айтиб ўтди, Эрон ядро қуролига эга бўлишдан бироз йироқроқ ҳозир деб айтди. “Минтақадаги бошқа давлатлар” деганда, катта эҳтимол билан гап Исроил ҳақида кетяпти.

Ҳозир Туркия ҳарбий жиҳатдан диверсификацияга интиляпти. Мана, Ҳикматулла ака ҳам айтди, Россия Федерациясидан C-400ни сотиб олиши – бу НАТОга боғлиқ эмас, балки ўзининг ҳарбий-мудофаа комплексини иложи борича диверсификация қилишга интилаётганини кўрсатади.

Ва кейингиси – бу лидерлик масаласи. Мана, сўнгги йилда геосиёсий жиҳатдан Туркия катта ютуқларга эришди. Сурияда ҳокимият алмашиб, Россиянинг бу ердан чиқиб кетиши ёки яқинда Ироқдан Америка қўшинлари чиқиб кетиши – бу ҳудудларда Туркиянинг вазни ошишига олиб келди. Эроннинг кучи камайиши, бу шунақа бир тарихий вазиятни яратяптики, Туркиянинг вазни Яқин Шарқда ва нафақат Яқин Шарқда, бутун дунёда ҳам ошишига олиб келиши мумкин.

Эсингизда бўлса, 2022 йилда Эрдўған бир нутқ сўзлаган эди. “Туркия бундан буёғига минтақавий эмас, балки жаҳон, глобал куч маркази бўлишга интилади” деган бир фикрлар айтган эди. Мен эслайман, ўшанда рус ОАВда жуда катта акс-садо берганди. Россиянинг Украина ва бошқа қўшниларидан ташқари, турклар билан ҳам алоҳида қарама-қаршилиги бор. Тарихда 7 марта рус-турк урушлари бўлиб ўтган. Шу сабаб ҳар гал Туркияда бирор катта амбиция пайдо бўлиб қолса, Россия қўрқа бошлайди. Эрдўғаннинг ўша нутқидан кейин, рус матбуотида “Турция стремится стать мировой державой” деган мазмунда жуда кщп мақолалар чиққан эди. Аммо кейин орадан бироз вақт ўтиб, Туркияда зилзила бўлиб кетгандан бу нарсалар иккинчи планга ўтиб қолди.

Ҳоқон Фиданнинг бу гаплари – яна мана шу глобал етакчи давлатлар қаторига қўшилиш ва шу даражада ўзини кўришга бир имо-ишора бўлиши мумкин. Чунки ҳарбий жиҳатдан Туркия кучли мамлакат, ўзининг дронлари, замонавий ҳарбий технологиялари бор. Бу қуролларни бошқа мамлакатларга ҳам, хусусан Озарбойжонга етказиб беряпти. Бўлажак пайдо бўлиши мумкин бўлган ядро қуроли Туркияга ҳарбий эмас, балки сиёсий, дипломатик восита беради. Яъни ядро қуролига эгалик қилиш – минтақада ва дунё ҳамжамиятида ўзини кўрсатиш, бошқа мамлакатларни ортидан эргаштириб кетиш имкони демакдир.

Бу худди Покистон ҳақида: “Ислом оламининг атом бомбаси Покистонда” дейишларига ўхшайди. Туркия ўзини “турк оламининг атом бомбаси Туркиянинг қўлида” ёки “мусулмон оламининг ядро қуроли ҳам Туркияда” деган позицияни эгаллаб, бошқа мамлакатлар, араб мамлакатлари ҳам унга эргашадиган давлат сифатида гавдалантиришни исташи мумкин.

Европа билан Туркияни бирлаштириб турган нарса бу – НАТО, албатта. Агар унинг илдизлари қурийверса, ўз-ўзидан Туркия Европа билан рақобатни кучайтиради. Туркия–Европа рақобати Европадаги алоҳида бир давлатга боғлиқ эмас. Мисол учун, Туркия–Германия, Туркия–Франция эмас. Туркия ҳамиша “Туркия ва Европа” деган контекстда рақобат қилади. Яъни бир ўзи бутун Европага қарши тургиси келади. Тарихдан буни кўрсатган. Ядро қуролига келажакда эга бўлиши унинг статусини, халқаро статусини оширади. Бу катта эҳтимол билан мудофаа эмас, статус масаласига боғлиқ.

Раҳмат. Камолиддин ака, энди Туркияга имкон берилармикан, яъни бунга эриша олармикан деган савол бор.

Камолиддин Раббимов: Қаранг, сиз бераётган саволингиз бироз спекулятив. Биринчидан, Туркия шу кунларда, умуман, бу яқин йилларда ядровий қуролга интилаётгани йўқ. Туркия Эрон йўлидан бормайди. Туркиянинг асосий интилиши нимада? Энергетикада.

Кўпчилик Ғарб давлатлари, авваламбор Америка ёки Исроил ҳам Эронга айтадики: “Сенда нефт ва газ кўп бўлса, сенга ядровий технологиялар нимага керак?” дейди. Лекин Туркияда вазият бутунлай бошқача. Туркия аҳолиси 90 миллиондан ошиқ бўлиши билан биргаликда, нефт ва газни тўлиқ сотиб олади. Шунинг учун Туркиянинг ядро энергетикасига интилиши, Россия билан юқорида айтилганидек Аккую АЭСни қуриши – бу энергетик хавфсизлик масаласи.

Хўп, келажакда вазият ўзгариши мумкинми? Ўзгариш эҳтимоли ҳар доим бор. Атом энергетикаси икки мақсадли технология ҳисобланади. Чунки уранни маълум бир даражада бойитгандан кейин, уни яна қўшимча бойитиш ва ядро қуролини ясаш анча осонлашиб қолади. Шунинг учун ҳамки, дунёда бир давлат иккинчи давлатга атом энергетикасини беришда айнан хавфсизлик призмаси орқали қаралади.

Хўп, энди минтақада асосий ўзгараётган вазият нима? Айнан 2025 йилда минтақанинг барча давлатлари тафаккури кардинал ўзгарди. Айнан Исроилга муносабат ўзгарди. Чунки Америка, мана Трамп ҳокимиятга келганидан кейин, босқичма-босқич Яқин Шарқдан чиқиб кетмоқчи. Хўп, унда бу ерда ким қолади, деган савол бор. Америка Яқин Шарқ минтақасини айнан Исроилга топшириб чиқиб кетмоқчи. Бу ерда мен чиқиб кетаман, лекин бу ердаги асосий ўринбосарим бу Исроил бўлади, деган проект бор, холос.

Шунинг учун Исматулла ака айтган гап 100 фоиз тўғри: Исроил бу ерда кучли, барқарор, қудратли давлат бўлишини истамайди. У Саудия бўладими, Туркиями, аҳамиятсиз. Мана, бугунги кунда Исроил билан Араб Амирликлари ўртасида муносабатлар анча яхши. Лекин Араб Амирликлари Исроил билан яхши бўлиб, қўлига агар ядровий технология оламан деса, Исроил шу заҳоти тўполон кўтаради. “Ҳа, сен бугун индамасдан мен билан яхши бўлиб олиб оласан, ундан кейин сенда амбиция пайдо бўлади”, дейди. “Сенга мумкин эмас, ҳеч бирингга мумкин эмас!” дейди.

Мана, Исроил Сомалиленд деган жойни тан олди, битта ўзи. Араб Амирлиги орқали Яманда маълум бир сиёсий лойиҳаларни қиляпти. Қизил денгизни тўлиқ назоратга олмоқчи. Ўрта Ер денгизида юқорида айтилганидек Кипр ва Греция билан бирга учликни ташкил қилган. Ва уларнинг биринчи нишони, табиийки, Туркия. Туркияни ўраш.

Туркиянинг ташқи сиёсат марказида Греция турмайди, лекин Грециянинг ташқи сиёсат марказида Туркия туради. Туркия “А” деса, Греция доим айтади: “Демак, мен Б дейман”, дейди. “А”ни такрорламайди у. Улар иккаласи ҳам НАТОнинг аъзоси бўлса-да, рақобат жуда кучли, тарихан шаклланган рақобат бор.

Исроил Яқин Шарқ минтақасини тўлиқ қайта форматламоқчи. Шу сабаб, мана, ҳали 10 кун бўлмади, Саудия Арабистони билан Покистон ўртасидаги мудофаа пактига Туркия қўшилди. Бу жуда ҳам катта ўзгариш. Учаласида учта ресурс бор. Покистоннинг ҳарбий қудрати жуда катта, ва бу фақат атом бомба эмас. У ерда авиация жуда ҳам кучли, ҳарбий салоҳиятнинг бошқа параметрлари ҳам юқори. Саудия Арабистонида нефт ва катта пуллар бор. Туркияда эса ҳарбий технологиялар, ҳарбий малака ва НАТО стандартлари бор. Мана шу учаласи бирлашяпти, фокусда – табиийки, Исроилга қарши туриш. Америка ва Исроилга қарши туриш.

Чунки 2025 йилда Исроил ҳатто Американинг минтақадаги асосий, беқиёс иттифоқчиси бўлган Қатарга ҳам ҳужум қилди. Американинг энг катта ҳарбий базаси – Қатарда. Мана, Саудия йиллардан бери F-35ни сўрайди. Америка “бераман” дейди, лекин бугун Саудия ҳам, Туркия ҳам, бошқа давлатлар ҳам яхши биладики, Американинг Patriot тизимини сотиб оладиган бўлса ва Исроилнинг F-35лари келадиган бўлса, Patrior жойидан қўзғалмайди. Яъни Америка берган технологияларнинг ҳаммасида Исроилнинг чипи бўлади. Исроил бемалол келиб Саудиянинг устида учиши мумкин, Саудия у кнопкани босгани билан ишламайди, Исроилга қарши металлоломга айланади.

Шунинг учун ҳам минтақада имкон қадар Исроилга қарши туриш учун Америкадан мустақил бўлишимиз керак, деган тафаккур пишиб етилди. Ва ўйлайманки, вақт-соати билан, Туркия ўзига ҳозирги пайтдаги энг муҳим тийиб туриш институти бўлмиш ядровий технологияларни қўлга киритишга ҳаракат қилиши мумкин. Лекин бугунги кунда ундай масала қўйилмаяпти, деб ўйлайман.

Греция билан боғлиқ яна битта масала бор-да. Боя Исломхон айтди-ку, НАТОдаги парчаланиш масаласи. Агар НАТОда шунақа парчаланиш бўладиган бўлса ва ўз-ўзидан Франция ёки маълум бир давлатлар НАТОдан чиқиб кетса, АҚШ иштирокини тўхтатса, ўз-ўзидан Туркия учун бу имконият бўлади – тарихий ҳудудларни қайтариш. Греция билан жуда кўп ороллар масаласида муаммолари бор.

Туркиянинг шундоққина ёнидаги ороллар ҳам ҳозирги кунда Грецияга тегишли. Туркияни ҳозирги кунгача тўхтатиб турган нарса бу – айнан НАТОга аъзолиги. НАТОга аъзолиги туфайлигина Греция билан ҳарбий конфликтга бормаяпти. Лекин Туркия келажакда глобал давлатга айланмоқчи экан, унинг денгиздаги эркинлигига ҳеч қанақанги чекловлар бўлиши керак эмас. Унинг дунё океанига ёки умуман денгизга чиқиши маълум маънода Грециянинг ҳудудлари орқали ўтади. Яъни ёнгинасида, жуда-жуда яқин жойлашган Грецияга тегишли ороллар мавжуд. Тарихий нуқтайи назардан ҳам, асрлар давомида бу ороллар Туркияга, яъни Усмонийларга тегишли бўлган.

Туркия ҳозирги кунда денгиз қудрати бўлишга интилиб ётибди. Мана, Исроил Сомалиланд билан қилган бўлса, Туркия Сомали атрофида ҳозирги кунда ҳарбий базалар қурмоқчи, денгиз тарафда. Яъни Сомалида нефт чиққан, денгиз ҳудудларидан, ўшани қазиб олмоқчи. Ундан ташқари, ҳозирги кунда у айнан мана шу ҳудуд орқали ўзининг Африкадаги ҳарбий иштирокини ҳам оширмоқчи.

Иккинчи тарафдан, Туркиянинг Ливиядаги ҳозирги фуқаролар уруши пайтидаги иштироки масаласи бор. Туркиянинг барибир глобал давлатга айланиши бу денгиз билан боғлиқ. Туркия глобал давлатга айланмоқчи экан, ўз-ўзидан мана шу оролларни қайтариши керак. Яъни уни ҳеч қанақанги чеклаб қўядиган бир тўсиқлар бўлмаслиги керак. Шунинг учун ҳам ўзининг навбатини кутиб ётибди Туркия. “Қачон шунақа воқеа юз берса, биз тарихий ерларимизни қайтарсак”, деган амбиция бор.

Раҳмат. Маълумот ўрнида айтиб ўтаман: Global Firepower 2026 йилги рейтингига кўра, ҳарбий қудрат жиҳатдан Туркия дунёда 9-ўринда, Греция эса 30-ўринни эгаллаб турибди.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид