Канадада яшаётган ўзбек инженери — Сардоба фожиаси ва қурилишдаги инқироз ҳақида
Канадада истиқомат қилаётган ватандошимиз, профессионал инженер Шарофиддин Қарабоев Сардоба воқеаси юзасидан ўз мулоҳазаларини Kun.uz`га тақдим этди.
«Сардоба» сув омборида 1 май куни рўй берган техноген фалокат, ундан аввалроқ Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол оқибатида уйларнинг вайрон бўлиши, Тошкент метроси қурилишидаги фожиа ва бошқа кўплаб қурилишда рўй бераётган турли даражадаги ҳалокатларга фикр билдиришни ўзимнинг инсоний, профессионал ва маънавий-аҳлоқий бурчим деб билдим.
Ҳозирда, бу фалокатлар қурилиш соҳасида чуқур илдиз отган коррупция туфайли рўй бергани ҳақида кўп гапирилмоқда. Масаланинг бу томонини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қолдирган ҳолда, мен бир профессионал инженер ва лойиҳаларни бошқарувчи мутахассис сифатида «Сардоба» сув омборидаги фалокат сабаблари, Ўзбекистонда қурилиш соҳаси, инженерлик соҳаси ва қурилиш жараёнида инженернинг иштироки хақида ўз фикр-мулоҳазаларимни билдиришни, ҳамда қурилиш соҳасини яхшилаш борасида баъзи бир тавсияларимни баён этишни истар эдим.
Сардоба сув омборидаги фалокат сабаблари бўйича менда иккита тахмин бор:
1. Лойиҳалаш жараёнидаги хатолар
2. Қурилиш жараёнида техник меъёрлар бузилиши
Келинг, уларни бирма-бир кўриб чиқайлик.
1. Лойиҳалаш жараёнидаги эҳтимолий хатолар
a) Сув омбори учун нотўғри жой танланган бўлиши мумкин. Қурилиш мўлжалланган ҳудудда тупроқнинг таркибий қисми ва хоссалари, хусусиятларини аниқлаш ва таҳлил қилиш керак эди. Қурилишнинг иқтисодга, одамлар ҳаётига, табиатга, иқлимга ва ҳайвонот оламига ижобий ва салбий таъсирини ўрганиш ва таҳлил қилиш зарур эди. Эҳтимолий ҳалокат оқибатлари олдиндан моделлаштирилиб, фалокат натижасида келтириладиган зарар тахминан ҳисоб-китоб этилиши ва агар зарар миқдори катта бўлса, сув омбори қурилишни бошқа жойга кўчиришлари лозим эди.
б) Тўғон деворларининг сув массаси босимига чидамлилик даражасини ва тўғон қурилишида ишлатиладиган материалларнинг сув таъсирида емирилиш даражаси тўғри аниқланмаган бўлиши мумкин.
Одатда, сув омборлари стратегик объектлар ҳисобланади, шунинг учун ҳам бундай объектни лойиҳалашга жиддий ёндашилади. Бу eрда асосий эътибор тўғон деворларининг сув массаси босимига чидамлилик даражасини ва тўғон қурилишида ишлатиладиган материалларнинг сув таъсирида емирилиш даражасини тўғри аниқлашга қаратилади. Яъни тўғон ҳам босимга, ҳам эрозияга чидамли бўлиши керак.
Агар қурилишда ишлатиладиган материаллар юқоридаги талабларга жавоб бермаса, у ҳолда деворлар мустаҳкамлигини ошириш учун бетон ва арматура ишлатиш шарт бўлади.
Ҳозирда ҳаммага маълум бўлдики, «Сардоба» сув омбори қурилишида бетон ва арматура ишлатилмаган. Худди мана шу лойиҳалашдаги эҳтимолий хато бўлиши мумкин.
2. Қурилиш жараёнида техник меъёрлар бузилиши
a) Қурилишда ишлатиладиган материаллар сифати лойиҳада кўрсатилган стандартлар ва меъёрларга мос келмаслиги мумкин.
Сув омбори қурилишда ишлатилган тупроқ ва шағал материаллар сифати лойиҳадагидан паст бўлган бўлса, шу туфайли тўғон деворлари босимга ёки эрозияга дош бера олмаган бўлиши эҳтимол.
б) Қурилиш меъёрларига риоя этилмаган бўлиши мумкин. Одатда сув омбори деворлари қатлам-қатлам бунёд этилади. Бунда ҳар бир қатлам қалинлиги 15–30 см.дан ошмаслиги керак, яъни ҳар бир қатлам оғир зичловчи техникалар ёрдамида лойиҳада кўрсатилган даражада зичланади ва тест синовидан ўтгандан сўнгра кейинги қатламни бунёд этишга киришилади.
Агарда бу қоидага риоя этилмаса, тупроқ ва шағалларда бўшлиқлар (ғовакликлар) қолиб кетади. Сув айнан шундай бўшлиқ-ғовакликлар орқали ўзига йўл топиб ва деворни тешиб, бунинг натижасида ўпирилиш юзага келишига сабабчи бўлган бўлиши мумкин.
Афсуски, Сардоба сув омборидаги фалокат Ўзбекистондаги қурилишлардаги биринчи ва охирги ҳалокат эмас. Шунинг учун ҳам мен бугун кўпроқ қурилишда сифатни яхшилашга ёрдам берувчи бошқа омиллар ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эдим.
Кўпчиликка маълумки, ҳар қандай қурилиш лойиҳасини амалга оширишда инженерларнинг роли беқиёс. Улар лойиҳаларнинг ҳар бир босқичида: янги иншоотларни лойиҳалашда, режалашда, қурилишни бошқаришда, сифатни назорат қилишда ва қурилган иншоотларни қабул қилиб олишда фаол қатнашадилар.
Қурилишни лойиҳа асосида барча техник стандартлар ва талабларга мос равишда муваффақиятли ва сифатли қилиб якунлаш инженерлар зиммасидаги асосий вазифалардан биридир. Инженерлар фаолияти фақат қурилиш соҳаси билан чекланиб қолмайди. Улар машинасозлик, ишлаб чиқариш саноати, энергетика, транспорт, кончилик, нефть ва газ саноати, қишлоқ хўжалиги каби кўплаб соҳаларда иштирок этадилар.
Ўзбекистонда мамлакат иқтисодиёти учун ўта муҳим бўлган инженерлик соҳаси ҳозиргача яхши ташкиллаштирилмаган, мувофиқлаштирилмаган, мониторинг ва назорат қилинмайди. Инженерлик соҳаси дунёнинг кўплаб давлатларида лицензияланган соҳа ҳисобланади. Фақат инженерлик соҳасидаги олий маълумотнинг ўзи инженерлик фаолияти билан шуғулланиш ва ўзини инженерман, деб аташга ҳуқуқ бермайди.
Мисол учун, Канадада инженерлик билан шуғулланиш учун сиз Канада инженерлик регуляторлари (Инженерлар ассоциацияси)дан бирининг лицензиясига эга бўлишингиз керак. Лицензиялаш учун аниқ талаблар регулятор томонидан белгиланади, одатда бажарилиши шарт бўлган бешта мезон мавжуд:
1. Академик талаблар: Канада инженерлик аккредитацияси кенгаши томонидан тасдиқланган инженерлик дастурида бакалавриат даражасига ёки шунга ўхшаш малакага (чет давлатларда олинган таълим) эга бўлиш;
2. Иш тажрибаси: Сиз лицензия олиш учун мурожаат қилган провинция ёки ҳудудда тўрт йиллик инженерлик тажрибасига эга бўлиш;
3. Касб ва этика: Профессионал амалиёт (аҳлоқ ва қонун) ва инженерлик асослари имтиҳонларини топшириш.
4. Яхши хулқ-атвор: Даъвогарлар яхши хулқ-атворни намойиш этишлари керак.
5. Тилни билиш: Аризачилар лицензия олиш учун мурожаат қилган провинция ёки ҳудудга қараб инглиз ёки француз тилларида ишлаш қобилиятини намойиш этишлари керак.
Ўзбекистонда ҳам инженерлик соҳасини лицензиялаш зарур, чунки инженерлик бу эксклюзив — ўзига хос соҳа. Ўзбекистонда инженерлик соҳасини лицензиялаш нафақат қурилиш, балки иқтисодиётнинг барча соҳаларига ижобий таъсир этади.
Биз теварак-атрофимизда ҳамма жойида инженерлик маҳсулини кўришимиз мумкин. Биз яшаётган ва ишлаётган бинолар, саёҳат қилаётган транспорт воситаларимиз, йўллар, кўприклар, фойдаланилаётган замонавий алоқа воситалари, турли ишлаб чиқариш ускуналари ва ҳоказолар — ҳаммаси айнан инженерлар томонидан яратилади.
Лицензияга эга профессионал инженер ўзи чизган дизайн ёки яратган маҳсулот сифатини кафолатлайди ва жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Мисол учун, мен Канадада инженерлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эгаман. Менда Канада Инженерлар ассоциацияси томонидан берилган, менинг номим ёзилган сертификат ва шахсий муҳрим бор.
Ўзим тайёрлаган лойиҳа ҳужжатларига муҳр босиб имзолайман, бу билан мен ўз меҳнатим сифатини кафолатлайман ва бунга тўлиқ масъулман. Мана шундай масъулият инженерларни ҳар доим ўзи устида ишлашга, тинимсиз билими ва малакасини оширишга ундайди. Бу эса ўз навбатида улар яратаётган маҳсулотлар сифатини яхшилайди ва хавфсизлик даражасини оширади.
Шахсан мен Канадада кўплаб саноат объектлари, инфраструктура иншоотлари, катта автомагистралларни лойиҳалашда, қурилиш сифатини назорат қилишда ва давлат аҳамиятига эга лойиҳаларни бошқаришда қимматли тажрибага эга бўлишимга қарамасдан, доимо билим ва малакамни ошириб боришга ҳаракат қиламан. Бу менинг профессионал ва маънавий-аҳлоқий бурчимдир.
Хўш, Ўзбекистонда бу соҳада аҳвол қандай? Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги қарорига (ПҚ-3939-сон «Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида») биноан ташкил этилган.
Уюшманинг мақсади – йирик, мураккаб ва стратегик муҳим инвестиция лойиҳалари учун муҳандислик ва консалтинг хизматларини босқичма-босқич импорт ўрнини босиш, деб белгиланган. Мана, салкам икки йилдирки бу ташкилот кенг жамоатчиликка ўзини танита олмади ва жамиятда ўз ўрнини топа олгани йўқ. Ўзбекистонда бундай ташкилот борлигини кўпчилик инженерлар ҳалигача билишмайди ҳам.
Мен Канадада ишласам хам, Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмасига аъзо бўлиш учун 2019 йилнинг августида уларга электрон почта орқали савол йўлладим, аммо шу вақтга қадар улардан жавоб олганим йўқ. Мана шунинг ўзи ҳам бу ташкилот фаолияти қандай даражада эканини яққол кўрсатиб турибди.
Ваҳоланки, бу уюшма Ўзбекистондаги барча инженерларни ва инжиниринг-консултант фирмаларни аъзоликка олиши, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириши ва тартибга солиши зарур эди.
Ўйлайманки, агар иш шундай давом этса, Ўзбекистонда бу соҳа яна анча вақтгача назоратсиз, ташкиллаштирилмаган ва мувофиқлаштирилмаган ҳолда қолаверади.
Ўзбекистонда шундай муҳим соҳа назорат қилинмаслиги ҳамда инженерларнинг малакаси ва билими текширилмаслиги – қурилишларда сифатнинг пастлигининг ва бунинг оқибатида турли ҳалокатлар содир бўлаётганининг сабабларидан бири, десак бўлади. Чунки назорат ва талаб бўлмаган жойда сифат ҳам бўлмайди.
Мана энди Ўзбекистондаги қурилиш сифатини яхшилаш учун нималар қилиниши лозим, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Мен қуйидаги ишларни амалга оширишни таклиф қилган бўлардим;
1. Олий ўқув юртларида инженер кадрларни тайёрлаш бўйича таълим сифатини яхшилаш. Ўқув дастурларини ривожланган давлатлар дастурларига яқинлаштириш.
2. Ўзбекистонда инженерлик соҳасини лицензиялаш. Лицензия — бу масъулиятдир. Ишда хатога йўл қўйиш эса лицензиядан маҳрум бўлишга ва инженерлик фаолиятининг тўхтатилишига олиб келади. Бундай ҳолатда ҳар бир инженер масъулиятни ўн чандон ортиқроқ ҳис этади, етти ўлчаб бир кесади. Сифатсиз материалларни ишлатишдан бош тортади, қурилиш стандартларига ва нормативларига жавоб бермайдиган объектларни қабул қилиб олмайди.
3. Қурилиш лойиҳаларини бошқаришни ҳақиқий профессионалларга топшириш. Катта лавозимда ишлаётган амалдорларнинг ҳаммаси ҳам лойиҳаларни бошқариш билим ва малакасига эга эмас, кўп ҳолатларда улар томонидан нотўғри қарорлар қабул қилинаётганига, ишлар режасиз ва мантиқсиз равишда олиб борилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Профессионал лойиҳа бошқарувчилари лойиҳани интеграциялашган ҳолда бошқариш, лойиҳа жадвали асосида бошқариш, лойиҳа харажатларини бошқариш, лойиҳа сифатини бошқариш, лойиҳа ресурсларини бошқариш, лойиҳаларда хавф-хатарларни бошқариш каби кўплаб билимларга эга бўлишлари зарур.
4. Қурилиш лойиҳаларини якунлаш муддатини қандайдир байрамларга тўғрилаш тажрибасидан воз кечиш лозим. Қурилиш жараёнининг ўз қонун-қоидалари бор ва уларнинг байрамларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
5. Қурилиш лойиҳалари бўйича шаффоф тендерлар ташкил этиш.
6. Қурилиш бўладиган жойни танлашга илмий нуқтайи назардан ёндашиш, тўлиқ геологик тадқиқотлар ўтказиш, қурилиш мўлжалланган худудда тупроқнинг таркибий қисми ва хоссалари, хусусиятларини аниқлаш ва таҳлил қилиш. Қурилишнинг иқтисодга, одамлар ҳаётига, табиатга, иқлимга ва ҳайвонот оламига ижобий ва салбий таъсирини ўрганиш ва таҳлил қилиш.
7. Қурилишда сифатни бошқаришни режалаштириш (Quality Control Management Plan). Ҳар қандай иншоотлар лойиҳалари, қурилиш материаллари, бажарилган ишлар сифатини назорат қилиш ва қурилиш жараёни тўғри ташкил қилиш профессонал инженерлар томонидан амалга оширилиши зарур.
Қурилиш сифатини яхши бошқариш хатолар сонини камайтиради, лойиҳаларнинг ўз вақтида, бюджет доирасида ва сифатли бажарилишига ёрдам беради.
8. Иншоотларни қуриш ва фойдаланишда хавф-хатарларни бошқаришни ўрганиш (Risk Management). Иншоотларни қуришдаги ва фойдаланишдаги хатарларни бошқариш хавфларни олдини олиш учун зарур бўлган тадбирларни режалаштириш, назорат қилиш ва бошқариш. Бунинг учун хавфни аниқлаш ва таҳлил қилиш, хавф даражасини аниқлаш, хавфни бошқариш бўйича чоралар кўриш, мавжуд хавфларни бошқариш ва минималлаштириш зарур.
9. Лойиҳаларни бошқариш (Project Management) бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ва малакали мутахассисларни тайёрлаш. Лойиҳаларни бошқариш бу – алоҳида фан ва жиддий соҳадир.
Албатта, битта мақолада қурилиш соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ҳамма ишларни санаб бериш имконсиз. Лекин шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистонда қурилиш соҳаси тубдан ислоҳ қилиниши лозим. Бу жараёнда ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланиш жуда фойдали бўлади.
Эслатма: Юқоридагилар менинг шахсий фикрларим, ҳеч қандай ташкилот ёки уюшмаларга алоқаси йўқ.
Шарофиддин Қарабоев,
Канада
Муаллиф ҳақида: Шарофиддин Қарабоев Канада шимолий-ғарбий ҳудудлари ҳукуматининг Инфраструктура департаментида лойиҳаларнинг катта бошқарувчиси бўлиб ишлайди.
Канада Инженерлар уюшмаси аъзоси, профессионал инженер. Канада Қурилиш уюшмасининг қурилиш лойиҳаларини бошқариш бўйича олтин муҳрли сертификатига эга.
Мавзуга оид
21:01 / 02.03.2021
Сардоба сув омборини қайта қурувчи компания тендер орқали аниқланади
14:27 / 16.02.2021
«Сардоба сув омборини қайта қуриш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди» – Қурилиш вазирлиги расмийси
00:47 / 29.01.2021
«Сув тошқинидан зарар кўриб, кўчада қолган фуқаромиз қолмади» — Сирдарё ҳокими ўринбосари
07:53 / 30.10.2020