Ўзбекистон | 14:27 / 16.02.2021
26984
3 дақиқада ўқилади

«Сардоба сув омборини қайта қуриш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди» – Қурилиш вазирлиги расмийси

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори қайта тикланади. Қурилиш вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га тасдиқлашича, бу масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори қабул қилинган.

Қурилиш вазирлиги Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Насрулло Бобоев Daryo.uz мухбири билан суҳбатда қарор асосида жуда катта ҳажмдаги муҳандислик-қидирув ишлари амалга оширилаётгани, хусусан, лаборатория таҳлиллари олиниб, илмий-техник асослаш мақсадида изланишлар давом этаётганини тасдиқлаган.

«Объектнинг амалдаги ҳолати дастлабки лойиҳа ечимларига қанчалик мувофиқлиги ҳам текширилмоқда. Бу ўрганишлар эртага шундай нохуш ҳолат яна такрорланмаслиги учун, шу каби фалокатларнинг олдини олиш учун қилинмоқда», деган вазирлик масъули.

Сув омборини қайта қуриш бўйича лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра объектда тиклаш ишлари икки босқичда амалга оширилади. Бироқ қурилиш муддатлари маълум қилинмаган.

«Сабаби — бу хизмат доирасида фойдаланиш учун белгиланган ҳукумат қарори. Ҳукумат томонидан график қилинган ва масъул ходимлар белгиланган. Режа бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг бириктирилган ташкилотлари ўз ишини қилмоқда», деган Бобоев.

Биринчи босқичда тўғон ён-бағирларида ҳосил бўлган ёриқларни техник нуқтайи назардан бартараф этиш ва қайта ишга тушириш кўзда тутилган. Бунда уларнинг сувни қабул қила олиш қобилияти ва бошқа илмий-техник изланиш натижалари ўрганиб чиқилади.

Хулосалар қабул қилиниб, илмий-техник изланишлар якунлангач, тўғонни тиклаш ишлари икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган. Бобоевнинг қўшимча қилишича, ҳозирда Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари бошчилигида омборнинг сув босимига бардошлилик қобилияти, унга аслида қанча миқдорда сув тўлдириш мумкинлиги илмий ўрганилмоқда.

«Ҳолат қўшни давлатларга ҳам тааллуқли бўлгани боис илмий ўрганишларга нафақат маҳаллий мутахассислар, балки чет эл илмий-тадқиқот марказлари ҳам жалб қилинган. Бунда бир неча мустақил экспертлар гуруҳи қилинган ишлар натижаларини таҳлил қилади ва ўз хулосаларини беради. Шундан келиб чиқиб, кейинги босқич ишлари давом эттирилади», деган Бобоев.

Kun.uz ушбу лойиҳанинг моддий тарафига (қиймати) ҳамда қайси компания томонидан қурилишига аниқлик киритиш учун вазирлик бошқарма бошлиғи Насрулло Бобоев билан боғланди. Лекин Бобоев ҳозир бу ҳақда гаплаша олмаслигини, кейинроқ батафсил изоҳ берилишини маълум қилди. 

Мавзуга оид