Ўзбекистон | 08:03 / 25.08.2023
12555
2 дақиқада ўқилади

Олий суд қатағон қурбонларининг яна бир гуруҳини оқлади

Совет ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР фуқаролари бўлган 240 нафар шахсга оид жиноят иши Олий суд томонидан кўриб чиқилди.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Тарихий адолатни тиклаш, мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, сургун ва қатағонга дучор бўлган ватандошларни аниқлаш, уларнинг номини оқлаш йўлида изчил ишлар давом этмоқда.

24 август куни Олий судда совет давридаги «Учлик Кенгаши»нинг махсус йиғилиш қарорларига кўра, 1929-1931 йилларда ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида «босмачилик ҳаракати»да, қуролли тўда тузиб, совет ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР фуқаролари бўлган 240 нафар шахсга оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Бош прокурор ўринбосари томонидан бу иш юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилди.

Очиқ суд мажлисида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан 240 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.

Олий суднинг ҳукми билан реабилитация қилиниб, оқланган қатағон қурбонлари рўйхати хабарда келтирилган.

Мавзуга оид