Ўзбекистон | 09:35 / 09.03.2021
4807
2 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги қўшинларида «Амир Темур жанговар байроғи учун» мусобақаси ташкил этилади 

Президентнинг “Мудофаа вазирлиги қўшинларида “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, қарор лойиҳаси давлат раҳбари томонидан 2021 йил 12 январ куни президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда бош вазир томонидан 2021 йил 4 феврал куни тасдиқланган Қуролли Кучларни янада ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси “Йўл харитаси”да белгиланган топшириқларни амалга оширишнинг календар режаси 27-бандидаги “Ҳарбий округлар ўртасида ҳар йили жанговар-хизмат фаолиятини, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал ва ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ҳамда уларнинг миллий тарихимиз, “Темур тузуклари”, кураш, чавандозлик, мерганлик, миллий жанг санъати, бахшичилик, шеърхонлик, китобхонлик, умуман ҳарбий ва маънавий ҳаётимиз билан боғлиқ қадриятларимизни билиши бўйича мусобақа ўтказиш ва ғолиб бўлган ҳарбий округга “Амир Темур жанговар байроғи” ва I даражали дипломни тантанали топшириш” тўғрисидаги вазифаларни бажариш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қарор лойиҳасида:

  • Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари (бирлашмалар) ўртасида “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақасини ташкил этиш;
  • “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни ҳамда “Амир Темур жанговар байроғи”нинг тавсифи  ва кўринишини тасдиқлаш;
  • мусобақа учун харажатлар манбаларини белгилаш, шунингдек, мусобақани ўтказиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон давлат бюджетидан қўшимча харажатларни талаб этмаслиги айтилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид