Ўзбекистон | 18:16
3027
6 дақиқада ўқилади

Эрдўған Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ва куч тузилмалари раҳбарларини қабул қилди

Туркияда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, мудофаа вазири, ички ишлар вазири ва ДХХ раиси иштирокидаги делегация президент Ражаб Тоййиб Эрдўған қабулида бўлди. Делегация аъзолари Анқарадаги ҳамкасблари билан 4+4 форматида учрашув ўтказди. Ҳарбий ҳамкорликка доир келишув имзоланди.

Фото: Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги

20 январь куни Анқарада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашди. Делегация таркибида Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов, ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов ва Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов ҳам иштирок этган. Шунингдек, учрашувда Туркия расмийлари ҳам қатнашган.

Бахтиёр Саидов Эрдўғанга Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказган.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ижобий ривожланиш суръатини кўрсатаётгани, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун энг қулай шароитларни яратаётганини таъкидладик», дейилади Саидовнинг постида.

Фото: Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги

Шунингдек, Анқара Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан раислигида Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг тўртинчи йиғилиши ҳам ўтказилди.

Ушбу йиғилиш доирасида савдо ва инвестициялар, энергетик хавфсизлик, минтақавий боғлиқлик, терроризм ва трансмиллий таҳдидларга қарши кураш, меҳнат миграцияси, маданият, таълим ва туризм каби устувор йўналишлар муҳокама қилинган.

Фото: Туркия ташқи ишлар вазирлиги

«Ушбу йиғилиш Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида ўтказилиши режалаштирилаётган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига муҳим тайёргарлик босқичи бўлди», дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида.

Учрашувда, шунингдек вазирлар «имкон қадар турли халқаро лавозимларга номзодлар борасида ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш» бўйича келишувга эришган. Афғонистон, Ғазо, Украина ва Сурия каби минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланди.

Куннинг энг муҳим учрашувларидан бири Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар, ички ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда хавфсизлик хизматлари раҳбарлари иштирокида «4+4» механизми доирасидаги йиғилиш бўлди.

Фото: Туркия ташқи ишлар вазирлиги

Унда Ўзбекистон томонидан ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов, ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов ва Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов қатнашди.

Туркия томонидан эса ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, ички ишлар вазири Али Ерликая, миллий мудофаа вазири Яшар Гулер ва Миллий разведка ташкилоти директори Ибраҳим Калинлар қатнашди.

Ўзбекистон ТИВга кўра, учрашувда икки томонлама муносабатларнинг энг долзарб мавзулари, минтақавий масалалар ва глобал жараёнлар умумий кун тартибига киритилган.

Фото: Туркия ташқи ишлар вазирлиги

«Бугун дунёда мисли кўрилмаган бурилишлар ва жадал ўзгаришлар кузатилмоқда. Ривожланаётган мамлакатлар тобора кўпроқ синовларга дуч келмоқда. Замонавий глобал воқеликларни инобатга олган ҳолда, барқарор ривожланиш ва фаровонликни мустаҳкам хавфсизлик асосида таъминлашга қаратилган энг самарали ҳамкорлик йўлларини муҳокама қилдик», дейилади хабарда.

Шунингдек, «саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида яқин истиқболга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси» қабул қилинган.

Бундан ташқари, Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер ҳамда Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов алоҳида учрашув ўтказди.

Фото: Туркия миллий мудофаа вазирлиги

Туркия томонига кўра, учрашув якунида ҳар икки вазир томонидан қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

  • «Туркия Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий тиббиёт соҳасида таълим ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим»;
  • «Туркия Республикаси Миллий мудофаа вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўртасида 2026 йил учун ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириш режаси».

Генерал-лейтенант Шухрат Холмухамедов Туркиянинг мудофаа саноати ва ҳарбий тайёргарлик тажрибаси Ўзбекистон армиясини модернизация қилиш, ҳарбий салоҳиятни ҳар жиҳатдан янада мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини қайд этган.

Фото: Туркия миллий мудофаа вазирлиги

Маълум қилинишича, 2026 йилги ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириш режасида мамлакатлар ҳарбий бўлинмаларининг қўшма машқлари, кадрлар малака алмашинуви ва техник ҳамкорлик босқичлари ўрин олган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов ҳамда Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая ўртасида икки томонлама учрашув ташкил этилди.

Тадбирда томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кибержиноятчиликка қарши кураш масалаларини муҳокама қилган.

«Томонлар рақамли хавф-хатарларга қарши самарали чоралар кўриш, кибержиноятларни фош этишда илғор технологиялардан фойдаланиш, рақамли криминалистика йўналишида махсус ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда бу соҳада мунтазам тажриба алмашиб бориш муҳим эканини таъкидлади», дейилади ИИВ хабарида.

Фото: Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги

Шу билан бирга, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси каби халқаро миқёсдаги жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.

Учрашув якунида миграция жараёнларини тартибга солиш, фуқароларнинг ўз давлатларига қайтишига кўмаклашиш ҳамда бу борада ўзаро мувофиқлашган чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. 

Мавзуга оид