Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Автомобил импорти бўйича режалаштирилаётган янги чекловга изоҳ берилди
Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг тижорат мақсадида хориждан автомобил олиб кириши тақиқланиши кутиляпти. Янги автомобилларни фақат дилерлар томонидан олиб кирилиши тартибини тиклаш ҳам режа қилинган.

Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси ўтган йили декабрда муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Техник тартибга солиш агентлигининг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, ўшанда танқидлардан кейин тўхтатилган лойиҳа ҳозир яна кун тартибига қайтган.
Агентликнинг қайд этишича, автомобил импортёрлари транспорт воситаси турини маъқуллаш ҳужжатини расмийлаштириш жараёнидан қочиб, бир турдаги транспорт воситасининг ҳар бирини бошқа жисмоний шахслар номига ўтказган ҳолда муомалага чиқариб, ички бозорда сотиб келяпти.
Таклиф этилаётган ўзгариш кучга кирса, божхонада автомобилларни бошқа шахс номига ўтказиш тақиқланади. Натижада хориждан Ўзбекистонга транспорт воситаларини тижорат мақсадида фақат юридик шахслар олиб кира оладиган бўлади. Олиб киришдан олдин эса автомобилнинг турини маъқуллаш талаб этилади. Бунинг учун автомобилнинг Ўзбекистон шароитига мослиги текширилади.
“Бутун дунёда шу тартиб ишлайди. Бизда ҳам шу нарса бор, фақат ишламаётган эди, чунки божхона ҳудудида машиналар бировнинг номига расмийлаштириб олиб чиқиб кетилади. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йилда “Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги 237-сонли умумий регламент тасдиқланган. Энди ўша регламант асосида мувофиқлик сертификатини олиш талаб этилади. Бу билан Ўзбекистонни хавфсиз машиналар билан таъминлаш ва техник регламентларга амал қилинишига эришиш кўзланяпти”, – дейилади Техник тартибга солиш агентлиги Kun.uz'га берган расмий изоҳда.
Агентликка кўра, 202З йил давомида 62 748 та транспорт воситасига 61 372 та мувофиқлик сертификати расмийлаштирилган бўлиб, бу сертификатларнинг 99 фоизи, яъни 60 451 таси жисмоний шахслар номига берилган.
Бу эса, расмийларнинг айтишича, етказиб берилаётган автотранспорт воситаларига сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш, кафолат муддати доирасида бепул сервис такдим этиш, эҳтиёт қисмлари билан узлуксиз таъминлаш масалалари очиқ қолишига сабаб бўлмоқда.
Автомобиллар импортига юқорида айтиб ўтилган тартибни аввалига 1 апрелдан бошлаб жорий этиш режалаштирилган, лекин айни пайтда бу борадаги ҳужжат лойиҳа ҳолатида экани айтилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонга янги автомобилларни фақат ишлаб чиқарувчиларнинг расмий дилерлари томонидан олиб кирилишига оид тартиб 2023 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинган эди. Натижада ички бозорда расмий дилерларга қараганда арзонроқ таклифлар пайдо бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзавтосаноат” билан бирга Жиззахда электромобил ва гибрид автомобиллар йиғишни ташкил этаётган Хитойнинг BYD компанияси Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, Ўзбекистон иқлими ва йўл шароитларига мослаштирилмаган ҳолда, расмий кафолатсиз олиб кирилаётган BYD бренди остидаги автомобиллар импортини чеклашни сўраганди. Ҳукумат идораларига 1 июлгача бу борада таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилган.
Сўнгги янгиликлар
-
«Челси» финалда даҳшатли «ПСЖ»ни йирик ҳисобда енгди
Спорт | 02:13
-
Янник Синнер Алкарасни мағлуб этди ва биринчи марта Уимблдон ғолибига айланди
Спорт | 00:44
-
Францияда маҳбус сумка ичига яшириниб, қамоқхонадан қочиб кетди
Жаҳон | 23:47 / 13.07.2025
-
Нигерия собиқ президенти Муҳаммад Бухорий вафот этди
Жаҳон | 23:01 / 13.07.2025
Мавзуга оид

18:37 / 12.07.2025
Импортда яна муаммо: Техник тартибга солиш агентлиги музлаткич ва совиткичларни Ўзбекистонга киргизмаяпти

17:15 / 10.07.2025
12,6 минг долларга кроссовер — Geely Icon 2026 тақдим этилди

12:45 / 08.07.2025
UzAuto Motors'нинг соф фойдаси кескин камайди. Нега?

23:11 / 04.07.2025