2025 йил I чорагида Ўзбекистондаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компания – UzAuto Motors'нинг умумий даромадлари 9,7 трлн сўмни ташкил этди. Бу – ўтган йилнинг мос давридагидан (11,7 трлн сўм) 17 фоизга кам.

Ҳисобот даврида компания соф фойдаси 637 млрд сўм бўлган. Бу кўрсаткич 2024 йил I чорагига нисбатан (1,3 триллион сўм) икки баравар қисқарган. Ўз навбатида, харажатлар 1 трлн 52 млрд сўмдан 1 трлн 87 млрд сўмгача ошган.

Ички бозорда сотувлар қисқарди

2025 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистонда “ишлаб чиқарувчи” деб ҳисобланувчи 7 та компания жами 135 922 дона автомобил сотган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос давридаги сотувлардан (158 474 дона) 22,5 мингтага кам. Бу қисқариш Chevrolet автомобилларининг савдоси 142 891 донадан 111 830 донага (қисқариш – 31 061 дона) пасайиши фонида юз берган.

Натижада UzAuto Motors'нинг Ўзбекистон бозоридаги улуши 90,2 фоиздан 82,2 фоизга тушган. Компаниянинг ички сотувлари камайишига қуйидаги омиллар таъсир қилган бўлиши мумкин.

Биринчидан, ички бозорда заиф бўлса-да рақобат ва танлов имконияти пайдо бўла бошлади. Масалан, 2024 ва 2025 йилларнинг дастлабки 5 ойини таққослаганда, Kia сотуви 56 фоизга, BYD сотуви 39 фоизга, Cherry сотуви 14 фоизга, Haval сотуви эса қарийб 4 баробарга ошган. Яъни шартли Тracker олишни режа қилган истеъмолчи олдида Kia Sonet танлови ҳам бор.

"Ўзавтосаноат" маълумотлари асосида Kun.uz диаграммаси

Иккинчидан, метан нархларининг ошиб бораётгани ва совуқ кунларда юзага келадиган узун навбатлар, пропан нархининг беқарорлиги, бензиннинг қимматлиги фонида айрим истеъмолчилар электромобил ёки гибрид машина харид қилишни афзал кўряпти. Жумладан, BYD Song Plus Champion, BYD Chazor, BYD Yuan Up каби замонавий машиналарнинг сотуви ошиб боряпти.