Ўзбекистонда тадбиркорлар хориждан музлаткич ва совиткичларни олиб киришда муаммоларга дуч келмоқда. Бу ҳақда 27 июн куни Савдо-саноат палатаси ўтказган очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Ўзбекистон президентининг шу йил 18 апрелдаги фармонига асосан, 1 майдан бошлаб мувофиқлик декларациясини сертификатлаштириш органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, уларни шакллантириш ва ҳисобга олиш ахборот тизими орқали амалга оширилиши кўзда тутилганди.

Шунга қарамай, Алкоголсиз ичимлик ва шарбат ишлаб чиқарувчилар уюшмаси (UzBev) ижрочи директори Алфия Мусинанинг айтишича, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги “фармонни ижро этиш механизмлари ҳали ишлаб чиқилмаган” деган важ билан витрина совуткичларни божхонадан ўтказишга рухсат бермаяпти.

“Бугунги кунда сертификатни бекор қилиш ва халқаро амалиётга ўтиш талабига, хусусан, ишлаб чиқарувчидан мувофиқликни декларация қилиш талабига қарамай, афсуски, ишлаб чиқарувчилар томонидан Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнесга бепул фойдаланиш учун олиб кирилаётган витрина совуткичлари сертификатлашдан ўтмаяпти. Товар 3 ойдан ортиқроқ вақтдан бери ушлаб турилибди”, – деди Мусина.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган витрина совуткичлари ҳар доим ҳам бизнеснинг барча талабларига жавоб бермайди. UzBev ижрочи директори муаммо ечими борасида ёрдам сўради.

Музқаймоқ ишлаб чиқарувчи тадбиркор

Очиқ мулоқотнинг бошқа бир иштирокчиси, музқаймоқ ишлаб чиқарувчи тадбиркорнинг маълум қилишича, 8 ойдан буён божхона омборида туриб қолган музлаткичлар билан ҳам шундай муаммо юзага келган.

“Булар 3 ой дейишяпти. Бизнинг музлаткичларимиз эса 8 ойдан бери турибди, олиб чиқолмаяпмиз. Омборда турибди. Дўконлар музқаймоғимизни сотиши учун музлаткичларни текинга берамиз. Бу масалада ёрдам беришингизни сўраймиз”, – деди у.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов “президент керакли қарорни имзолаб бергани, лекин пастдаги тизимда бунақа бўлаётгани учун керакли идора жавоб бериши”ни айтди.