Украинадаги уруш: томонларнинг баёнотлари, дунё муносабати, ёрдам ва санкциялар
Россия армиясининг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга оид сўнгги расмий хабарлар ва янгиликларнинг эрталабки қисқача шарҳлари билан танишинг.
Украина томонининг баёнотлари
Володимир Зеленский анъанавий тунги мурожаатида келаётган ҳафта ичида одатдагидек халқаро фаолликни ошириши ҳақида таъкидлаган. Жумладан, у бугун АҚШнинг етакчи университетлари талабалари олдида чиқиш қилади.
«Энг асосийси — бу Украина учун қурол-яроғ ва молиявий қўллаб-қувватлаш. Молиявий қўллаш фақат айни дамда барқарорликни сақлаш учунгина эмас, Россия томонидан вайрон қилинган жойларни тиклаш учун ҳам керак.
Шунингдек, Россияга қарши санкцияларни кучайтириш бўйича ҳам иш олиб борамиз. Ҳамкорларимиз ҳар ҳафта Россиянинг дунё билан алоқаларини чеклаш тўғрисида қарор чиқаришлари керак. Босқинчилар ўзлари учун урушнинг баҳоси қандай ортиб бораётганини доимо ҳис қилиб туришлари керак.
Ҳозир биринчи галдаги вазифа — нефт эмбаргоси. Москвадагилар бу қарорни қанчалик бузишга ҳаракат қилишмасин, Европанинг Россия энергия ресурсларига боғлиқлик даври ўтиб бормоқда.
Уруш қанчалик чўзилгани сайин аҳамияти ошиб бораверадиган янги бир вазифа — жаҳон афкор оммасининг бизга, Украинага диққати максимал даражада бўлиши учун барча ишни қиламиз. Бизнинг эҳтиёжларимиз тўғрисидаги муҳим ахборот барча давлатларнинг янгиликларида акс этиши керак. Доимо ва ҳар куни», — деган Зеленский урушнинг 81-кунидаги ўзининг тунги мурожаатида.
Зеленский Украина халқи босқинчиларни воқеликни тўлиқ тан олдирадиган кунлар албатта келишини айтган.
«Босқинчилар ҳануз охири берк кўчага кириб қолишгани, уларнинг махсус операцияси таназзулга учраганини тан олишмаяпти. Лекин Украина халқи уларни ҳақиқий воқеаликни тўлиқ тан олдирадиган кунлар албатта келади», — деган Зеленский.
Украинанинг Kalush Orchestra рэп гуруҳи «Eurovision» 66-танловининг ғолиби бўлди.
Украина молия вазири ўринбосари Александр Кава «Украина-24» телеканали эфирида мамлакат пўлат ва чўян экспорти бўйича имкониятининг тенг ярмидан, шунингдек, темир рудасини қайта ишлаш қобилиятидан маҳрум бўлганини эълон қилди. Бунга у Мариуполдаги «Азовстал» заводи қўлдан кетганини асосий сабаб қилиб кўрсатди.
Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган натижалар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
- Душманнинг 17 та ҳужуми муваффақиятли бартараф этилган.
- 3 та танк, 1 та артиллерия тизими, 6 та ҳарбий зирҳли техника, 1 та транспорт воситаси йўқ қилинган.
- Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Донбасс осмонида кўпмақсадли Ка-52 ва Ми-28 вертолётларини, шунингдек, 5 та «Орлан-10» типидаги пилотсиз учар қурилмаларни уриб туширган.
- Ўтган ҳафта ичида Бирлашган кучлар душманнинг 93 та ҳужумини бартараф этган. Битта зенит ракета комплекси, 58 та танк, 26 та артиллерия тизимлари, 98 та ҳарбий зирҳли техника, 7 та махсус техника, 33 транспорт воситаси ва битта зенит қурилмаси йўқ қилинган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 4 та вертолёт ва 27 та пилотсиз учар қурилмаларни уриб туширган.
«Схид» («Шарқ») тезкор-тактик гуруҳининг маълумотлари:
- Россия қўшинларининг 5 та ҳужуми бартараф этилган. Душманнинг йўқотишлари: 84 нафаргача шахсий таркиб, 1 та танк, 4 та пиёдалар зирҳли машинаси (БМП), 1 та вертолёт, 1 та пилотсиз учар қурилма.
Россия томонининг баёнотлари
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғандан Мариуполдаги «Азовстал» заводидан ҳарбийларни эвакуация қилиш фикридан қайтишни сўради:
«Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маъмурияти «Азовстал» ертўлаларига қамалган «Азов» батальони нацистларини эвакуация қилишга тайёр эканликларини билдиришди. Туркия президенти Эрдўғанга мурожаат қиламан: азовчилар — сизга Россия тажовузининг айбсиз қурбонлари сифатида тақдим этишмоқчи бўлишаётган қотиллар ва худосизлар. Сизнинг ёрдамингиз билан суд ва муқаррар жазодан қочиб қолишга ҳаракат қилаётган жиноятчиларга алданиб қолманг», — деб ёзган Қодиров.
Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг тунги брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
- Россия Украина қўшинларининг 2 та С-300 ўч очиш қурилмасини, радиолокацион постини йўқ қилган. «Точка-У» тактик ракетаси ҳамда 11 та «Смерч» снарядлари уриб туширилган.
- Украинанинг 15 та пилотсиз учар қурилмаси уриб туширилган.
- Юқори аниқликдаги ракеталар билан иккита бошқарув пункти, 11 та рота таянч пунктлари, 4 та ракета-артиллерия ва ўқ-дори омборлари йўқ қилинган.
Украинага кўмак
АҚШ Сенатидаги республикачилар етакчиси Митч Макконел Сенат Украинага 40 млрд доллар ёрдам бериш ҳақидаги қонун лойиҳасини 16 май куни кўриб чиқиши, қонун эса 18 май куни қабул қилишидан умид қилаётганини айтган, деб хабар беради Reuters.
Украинага ҳарбий жиноятлар бўйича суриштирув қилиш учун Халқаро жиноят судининг 42 та терговчиси келади, дея ХЖСнинг бош прокурори Карим Хоннинг сўзларини келтирмоқда Le Mone нашри. Терговчилар гуруҳига Нидерландиядан 30 нафар мутахассис, жумладан судмедэкспертлар ва таҳлилчилар киритилган.
Санкциялар ва Россиянинг қарши чоралари
Европа Иттифоқи газ импортчиларига Россиядан зангори ёқилғи сотиб олишда санкцияларни айланиб ўтувчи қарорни тақдим этиш ниятида.
Bloomberg’нинг ёзишича, ЕИ вакиллари жума куни ўтган ёпиқ мажлисда ҳукуматларга янгиланган йўриқномалар компанияларга «Газпромбанк»да евро ёки долларда ҳисобрақам очишга халақит бермаслиги хабар қилишган. Бу чора ЕИнинг Россияга нисбатан жорий этган санкцияларини бузмасдан газ харид қилиш имконини яратади.
Иқтисодий санкциялар Беларуснинг ЕИ ва Шимолий Америкага экспортини 16–18 млрд долларга қисқартирган. Бу ҳақда Беларус бош вазири Роман Головченко айтиб ўтган.
Россия иқтисодий худкушликка қўл урган, деб ҳисоблайди немис иқтисодиёти институти директори Михаэл Ҳютер.
«Президент Путин ўз мамлакатининг барча истиқболларини ўғирламоқда, Россия сиёсий жиҳатдан деградацияга учрамоқда ва ўзининг ҳарбий мақсадларига эриша олмаяпти», — деган Ҳютер Stuttgarter Nachrichten нашрига.
Иқтисодчининг сўзларига кўра, Германия келгусида ҳеч қачон Россиядан газ харид қилмайди. Ҳютернинг айтишича, Германия бошқа давлатлардан келтириладиган суюлтирилган газга ўтиши муқаррар, чунки суюлтирилган газ импорти учун қимматбаҳо инфратузилма қурилиши аллақачон бошланган ва ундан фойдаланишни рад этиш ўта самарасиз бўлади.
Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати
Сербия президенти Александр Вучич Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини қўлламаётган Сербия «улкан тўлов» қилаётганини таъкидлаган.
«Буларнинг барчаси маошлар ва пенсияларда ўз аксини топмоқда. Ҳозир ҳамма «Мана, Вучич ҳам санкцияларни жорий этишни эълон қилмоқда», дейиши мумкин. Йўқ, биз ўз сиёсатимизни сақлаб қолишга имконимиз етадиган вақтгача курашишда давом этамиз», — деган Вучич.
Финландия ортидан Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлиш ҳақида ариза топшириши ҳақида расман эълон қилди. Бу ҳақда мамлакатда ҳукмрон социал-демократик партия баёнотида айтилади.
Баёнотда қайд этилишича, социал-демократлар агар уларнинг аризаси Шимолий Атлантика альянси томонидан қаноатлантириладиган бўлса, Швеция ўз ҳудудида ядровий қурол ва доимий хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик ҳуқуқини сақлаб қолиш устида ишлашади.
Европа парламентининг етакчи фракцияси Европа халқ партияси раҳбари Манфред Вебер агар Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини блоклайдиган бўлса, Туркия НАТОда блокланиши билан огоҳлантирди.
«НАТОдаги бирдамлик масаласини савол остига олиб келган ҳар қандай киши ҳамжамият ичида ихоталанади. Ҳар икки давлат альянсга аъзо бўлишни ўзи истар экан, Финландия ҳам, Швеция ҳам унинг бир қисми бўлади, бу ҳақда савол бўлиши мумкин эмас. Буни секинлаштириш ёки блоклаш учун ҳеч қандай асос йўқ», — деган Вебер.
Мавзуга оид
05:07
Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди
16:28 / 17.11.2024
Фронтдаги вазият: Украина қуролли кучлари мудофааси кўплаб участкаларда қуламоқда
14:24 / 17.11.2024
«Энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири». РФ қўшини Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар уюштирди
10:05 / 17.11.2024