Жаҳон | 22:44 / 15.09.2021
8473
2 дақиқада ўқилади

Германияда сувенир сифатида Меркель боши кўринишидаги ширинликлар сотила бошланди

Германияда тез орада канцлер лавозимини тарк этадиган Ангела Меркелнинг боши кўринишидаги марципан ширинлиги сотила бошланди.

Фото: REUTERS/Annkathrin Weis

Ширинликни ишлаб чиқараётган Odenwaelder Marzipan компаниясининг таъкидлашича, ширинлик канцлернинг барча мухлислари учун сувенир сифатида ишлаб чиқарилмоқда. Маълум қилинишича, қандолат маҳсулотини 2 йилгача сақлаш мумкин.

“Ушбу ширинлик ўйиндан чиқиб, ўз хизматини якунлаётган Ангела Меркелнинг барча мухлислари ёки мухлиси бўлмаганлар учун сувенирдир. Шу сабабли биз бирор ким уни ўз уйида сувенир сифатида ўрнатиб қўяди, деб умид қилмоқдамиз”, деб айтган компания менежери Томас Зубер.

Таъкидланишича, компания 40 йилдан бери фаолият юритиб келади ва ҳанузгача ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўл меҳнатидан фойдаланади. Таъкидланишича, Меркель боши кўринишидаги ширинликдан 500 дона ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

7 сентябрда Меркель мамлакат парламенти – бундестагда канцлер сифатида охирги марта нутқ сўзлаб, иқлим ўзгаришига қарши кураш, “яшил” энергетикани ривожлантириш, террорчилик ва кибержиноятчиликка қарши кураш мавзуларига тўхталиб ўтган. Шу билан бирга, у коронавирусга қарши эмланиш муҳимлигини таъкидлаб ўтган ва фуқароларни эмланишга чақирган.

26 сентябрда Германияда парламент сайловлари бўлиб ўтади. 2005 йилдан бери Германия канцлери лавозимини эгаллаб келган Меркель жорий сайловларга ўз номзодини қўймасликка қарор қилган. Сайловларда ғалаба қозонган партия канцлерни тайинлаш ва ҳукуматни шакллантириш имконини олади. Сайловларда Меркель етакчилик қилувчи Хринстиан-демократик иттифоқдан Армин Лашет, “Яшиллар” партиясидан Анналена Бербок ва Германия социал-демократик партиясидан Олаф Шольц канцлер лавозимига номзодлар ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид