Жаҳон | 23:29 / 04.02.2026
20576
6 дақиқада ўқилади

АҚШ Эронга ҳужум қилса, нима бўлади?

Доналд Трамп қатъий риторикаси ва минтақага ҳарбий контингент жамлаб қўйганига қарамай, Эронни ўз шартларига кўндира олмаяпти. Хўш, худди Ироқ, Афғонистон ёки Венесуэлада бўлгани каби Эронда ҳам ҳокимиятни ағдаришга уринишдан Вашингтонни нима тийиб турибди? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Исломхон Гаффаров ва Камолиддин Раббимов шу ҳақда сўз юритди.

— Эпштейн иши билан боғлиқ шов-шув фонида, Трамп Эронга зарба бериши мумкинми?

Исломхон Гаффаров: Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган воқеалар шуни кўрсатадики, Америка Қўшма Штатлари томонидан Эронга нисбатан босим сезиларли даражада кучаймоқда. Эпштейн иши каби ички ва ташқи сиёсий омиллар эса АҚШ ташқи сиёсатининг диққат марказини бошқа йўналишга буриб юбориши мумкин. Доналд Трампнинг Эронга муносабати маълум, у Шимолий Корея етакчиси, Владимир Путин каби авторитар раҳбарлар билан келишувга боришга тайёр, лекин Эрон масаласида доим қатъий позицияда турган. Унинг биринчи президентлик даврида Қосим Сулаймонийнинг йўқ қилиниши ҳам Трамп администрациясининг Эронга нисбатан кескин муносабатини яққол кўрсатган эди.

Ҳозирги вазият маълум маънода АҚШнинг 1990-йиллардаги Ироққа нисбатан сиёсатини эслатади. Қўшма Штатлар 2003 йилда Ироққа тўсатдан бостириб кирмаган, балки 1991 йилги Кувайт урушидан сўнг ўн йилдан ортиқ вақт давомида Ироқни “хавф манбайи” сифатида босқичма-босқич намоён қилиб борган. Охир-оқибат бу жараён Саддам Ҳусайн режимининг қулашига олиб келган. Бугунги кунда Эрон масаласи ҳам узоқ вақтдан бери секин-аста кун тартибига чиқарилиб, шу каби сценарий томон ҳаракатланаётгандек таассурот уйғотмоқда.

Бундан ташқари, ўтган йил ёзида Эронда амалга оширилган, Исроил махсус хизмати Моссад билан боғланган операциялар мамлакатнинг халқаро майдондаги имижига жиддий путур етказди. Айрим элита ва зиёлилар йўқ қилингани Эрон давлатчилигининг маълум даражада мўрт эканини ҳам кўрсатди. Шу фонда АҚШ ҳарбий босимга тайёр тургандек кўринмоқда. Бироқ муҳим жиҳат шундаки, Эрон Ироқ ҳам, Афғонистон ҳам эмас.

Ироқ этник ва конфессионал жиҳатдан парчаланган, қисқа муддатда издан чиққан эди. Афғонистонда эса пуштунлар асосидаги “Толибон” ҳаракати миллий бирдамликни шакллантириб, охир-оқибат АҚШни мамлакатдан сиқиб чиқарди. Эрон – миллат сифатида шаклланган, давлат институтлари ва тарихий ўзлигига эга, нисбатан мустаҳкам давлат ҳисобланади. Эрон қисқа муддатда таслим бўладиган давлат эмас. Бундай уруш узоқ давом этиши мумкин ва Вашингтон буни яхши тушунади. АҚШнинг сўнгги миллий хавфсизлик ва миллий мудофаа стратегияларида ҳам ташқи можароларга камроқ аралашиш, ресурсларни асосан ички фаровонлик ва Ғарбий яримшар манфаатларига йўналтириш устуворлиги қайд этилган.

Яқин Шарқ масаласида эса АҚШ ўзининг ҳаётий манфаатлари хусусан, нефт ва энергетика хавфсизлигини асосий омил сифатида кўрсатади. Агар Эрон билан кенг кўламли ва узоқ муддатли уруш бошланса, Ҳурмуз бўғози хавф остида қолади. Бу эса глобал нефт танқислиги ва жиддий иқтисодий инқирозга олиб келиши мумкин. Бундай сценарий ҳозирча Доналд Трамп администрацияси учун мақбул эмас.

Камолиддин Раббимов: Ҳозирги вазиятда Доналд Трампни сиёсий жиҳатдан мураккаб боши берк кўчага кириб қолди дейиш мумкин. Агар у ҳақиқатан ҳам Эронга ва унинг сиёсий раҳбариятига кескин босим ўтказиш ёки уларни йўқ қилиш ниятида бўлганида, ўтган йилги 12 кунлик урушга ўхшаш сценарий яна такрорланган бўларди.

Яъни АҚШ ҳудудидан узоқ масофага учувчи B-2 бомбардимончи самолётлар тунда аниқланган разведка маълумотлари асосида бевосита зарбалар бериши мумкин эди. Аммо ҳозирги асосий сценарий бошқача: АҚШ Абраам Линколн самолёт ташувчи кемалар гуруҳи орқали Эронга ҳарбий-сиёсий босим ўтказмоқда. Шу босим фонида Эронга учта асосий шарт қўйилди. Биринчиси – ядро дастури бўйича қайта музокараларга ўтириш ва уни тўлиқ демонтаж қилиш. Иккинчиси – узоқ масофали, жумладан гипертовушли ракета дастурларидан воз кечиш, яъни Исроилга нисбатан ҳарбий таҳдидни бартараф этиш.

Учинчиси – минтақадаги Эроннинг прокси кучларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиш. Эрон бу учала шартни ҳам қатъиян рад этди.

Натижада Доналд Трамп олдида икки оғир танлов пайдо бўлди. Биринчи йўл ҳеч қандай ҳарбий чорага бормасдан флотни минтақадан олиб чиқиб кетиш. Бу ҳолатда АҚШ сиёсий жиҳатдан ютқазган, Эрон эса руҳий ва дипломатик устунликка эришган томон сифатида кўрилади. Иккинчи йўл ҳарбий зарба бериш. Бироқ бу ерда ҳам муаммо бор: чекланган, қисқа муддатли зарба бериб, вазиятдан тез чиқиб кетишнинг кафолатланган сценарийси мавжуд эмас.

Трамп маслаҳатчиларидан айнан шуни сўраган: “Бир-икки кунлик чекланган зарба бериб, можарони кенгайтирмасдан якунлаш мумкинми?” Жавоб эса салбий бўлган. Чунки Эрон Исроилга, АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларига жавоб зарбаси бериши мумкин. Шундай зиддиятли вазиятда Эрон ва АҚШнинг қайтадан музокаралар ўтказиб кўриши айтиляпти.

Тўқнашув кенг кўламли тус олган тақдирда, Эрон Ҳурмуз бўғозини ёпиши мумкин, бу эса жаҳонда нефт нархларини кескин оширади. Бундан Россия манфаат кўради, Хитой ва бошқа аксар мамлакатлар катта муаммо қаршисида қолади.

Суҳбатни тўлиқ YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид