Ўзбекистон | 14:29 / 26.10.2020
83940
3 дақиқада ўқилади

Бўстон тумани ҳокими фермерларни ҳақоратлагани акс этган аудио тарқалди. Ҳоким аудиоёзув юзасидан изоҳ берди

Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова ўзи иштирокидаги йиғилишда ёзиб олинган аудио бўйича изоҳ бериб, қуюшқондан чиқишида фермерларнинг ўзини айблади.

Садбархон Мамитова

«Мен ҳам коронавирус билан касалланиб, икки ҳафтага яқин вақт касалхонада ётдим. Касалликдан сўнг руҳий ҳолатим яхши бўлмагани учун стрессда балки фермерга қаттиқроқ гапиргандирман, қаттиқроқ талаб қилгандирман, оғзимдан шу гап чиқиб кетгандир. Лекин мен даволанган пайтда тумандаги кўп ишлар орқада қолиб кетган.

Ҳолбуки, ғалламиз, пахтамиз, соямиз бор, уларга тааллуқли режалар бор. Хусусан, ғалла экиш ҳам, ғаллани суғориш ҳам орқада қолган. Баъзида яхшилик билан, қонун йўли билан ҳам гаплашасиз. Баъзида эса қаттиқроқ гапиришга тўғри келиб қолади. 

Аслида, фермерлар билан муносабатим яхши. Бироқ иш қилмаган, режани бажармаган фермерлар анчагина. Тўғри, пахта режасини бажардик, лекин фермерлар пахта ичидаги сояни корчёвка қилиб, юлиб ташлашган. Ҳолбуки, соя ҳосилини териб олиш керак эди. Корчёвка билан чиқариб ташлаб, ер чизиб туришибди соя йўқ деб. Энди ғўзанинг ичидаги соя тоннасини қаердан чиқаришади? Уларга сояни йўқотиб юборманглар дейилган, лекин юлиб ташлашган экан», дейди Садбархон Мамитова Kun.uz мухбирига берган изоҳида.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқда Бўстон тумани ҳокими йиғилишлардан бирида фермерларни ҳақоратли сўзлар билан камситаётгани акс этган аудиоёзув тарқалганди.

Мамитова тумандаги фермерларни «мараз», «ифлос» деб ҳақоратлаган, соя ўсимлиги билан боғлиқ режани бажармаган фермерларга 5 тоннадан соя топширилмаса, ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилган.

«Қани соянг бўлмасин, ерингдан умид қилма биттанг ҳам. Соя қиласан, пахтанг қолади, бўлмаса кетади. Ғалла эккан тақдирингда ҳам кетади. Кўзингни очиб ол ҳамманг. Отингни қамчилаб, болангни олиб бордирасанми, энангни олиб бордирасанми, топасанми, бориб соянгни бажариб қўй, кунлик сўрайман», деган ҳоким.

 

 

 

 

Эслатиб ўтамиз, Садбархон Мамитова шу йилнинг мартида Бўстон тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Мавзуга оид