Жамият | 23:12 / 04.05.2020
23679
3 дақиқада ўқилади

Хориждаги ватандошлар Сардоба фалокати жабрланувчилари учун маблағ тўпламоқда

GoFundMe платформасида «Сардоба» сув омборидаги авария жабрланувчиларига кўмак кўрсатиш мақсадида хайрия акцияси бошланди.

Акция хориждаги кўплаб ватандошларнинг таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда, блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳамда АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик Аброр Қодиров томонидан ташкил этилди.

Ташаббускорларнинг айтишича, 3 май куни эълон қилинган акция бўйича 1 кун ичида йиғилган пуллар миқдори 11 минг АҚШ долларидан ўтган.

Ҳозиргача 200га яқин инсон ўз ҳиссасини қўшиб, 14 минг долларга яқин маблағ йиғилди.

«Хориждаги ўзбеклар, дўстлар, шунингдек халқаро пластик карталари (Visa, Mastercard ва ҳ.к.) бор бўлган Ўзбекистондаги ҳамюртларимиздан имкони етса, ушбу акцияда иштирок этиб, ёрдам қўлини чўзишларини илтимос қиламиз.

Ёки ҳеч бўлмаса бу хабарни дўстларингиз билан улашсангиз ҳам катта ёрдам берган бўлар эдингиз. Барчага олдиндан миннатдорлик билдирамиз. Эҳсонларни Аллоҳ даргоҳида қабул қилсин», – дейди Хушнудбек Худойбердиев.

Акцияни ижтимоий тармоқлар орқали хориждаги кўплаб ватандошлар, шу жумладан хорижий ташкилот вакиллари ҳам қўллаб-қувватлашмоқда. Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Йонас Аструп ҳам бунга эътибор қаратди.

«Дўстим Хушнудбек «Сардоба» сув омбори фалокатидан кейин эвакуация қилинганларга ёрдам бериш учун GoFundMe'да саҳифа очибди. Илтимос, буни улашинг ва хайрия қилинг», дея твит қолдирди Аструп.

Акцияда нафақат ўзбекистонликлар, балки бошқа чет элликлар ҳам ёрдам қўлини чўзишмоқда. Хусусан, жанубий африкалик бир фойдаланувчи шундай изоҳ қолдирган:

«Менинг отам Ўзбекистонда яшайди ва Президент мактабида дарс беради. У бизга ўзбеклар жуда меҳрибон ва ажойиб инсонлар эканликларини айтади. Шунинг учун мен ҳам Рамазон ойида Жанубий Африкадан оз бўлса-да ўз ҳиссамни қўшмоқчиман».

Мақола эълон қилинган вақтда акцияда 195 нафар кўнгилли хайрия қилган бўлиб, ҳозирча энг кўп маблағ – 1050 доллар аноним фойдаланувчи томонидан тақдим қилинган. Шунингдек, яна бир саховатпеша инсон аноним тарзда 600 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.

Мавзуга оид