Ўзбекистон | 22:02 / 08.08.2023
19809
3 дақиқада ўқилади

Косон ҳокими маҳалла раисларини солиқ йиғишга мажбурлаб, ҳақоратлагани айтилмоқда

Kun.uz ихтиёрига Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораев маҳалла раисларини солиқ йиғишга мажбурлаётгани, йиғилишларда куракда турмас сўзлар билан ҳақоратлаётгани айтилган мурожаат келиб тушди.

Асрол Бойқораев

Видеомурожаат тумандаги Обиҳаёт маҳалласи раиси Худойназар Пўлатов томонидан йўлланган. Маҳалла раиси ҳоким топшириғига кўра фермерлар билан учрашиб, солиқ тўлаш кераклигини тушунтирган. Бироқ фермерлар ҳудудда муаммо кўплиги, жумладан сув танқислиги сабабли оғир вазиятга тушиб қолишганини айтган.

Худойназар Пўлатовнинг айтишича, одамларда сувдан ташқари ҳам бир қанча муаммолар йиғилиб қолган. Шу каби масалаларни Асрол Бойқораевга маълум қилиш учун ҳокимиятга борганида ҳоким қабул қилмаган. Ҳокимнинг ўрнига ўринбосарлари жавоб берган. Маҳалла раиси ҳоким ўринбосаридан: “Нима муаммонг бўлса, ўзинг ечасан. Ҳокимда нима ишинг бор, ҳоким сенга нима қилиб беради? Нима учун ишлаяпсан, агар қўлингдан келмаса, кет”, қабилидаги жавобни олганини айтмоқда.

“Йигирма марталар фаоллар иштирокида маҳалламиздаги муаммоларни ҳокимга айтмоқчи бўлдик, лекин бизни эшитмади.

Одатда ҳокимият мажлислар залига йиғиламиз. Ҳар сафар мавзу солиқ ва қуёш панелидан бошланиб, шу муаммо билан тугайди. Аҳолининг дарди, аҳолининг муаммоси ҳақида ҳоким ҳеч кимнинг овозини очганиям, гапирганиям қўймайди.

Ҳаммамизни она яратган. Бироқ йиғилишларда ҳоким Бойқораев ҳар доим ота-онадан сўкади, ҳақорат қилади. Бу гапларга чидаб бўлмайди, шу ёшга кириб мен бунақа сўкишларни эшитаман, деб ўйламагандим. Йиғилишларнинг аксариятида хотин-қизлар ҳам қатнашади. Ҳоким мана шундай пайтдаям оғзига келган ҳақоратни айтаверади”, – дейди етмиш беш ёшли маҳалла раиси Худойназар Пўлатов.

Kun.uz ихтиёрида видеомурожаатнинг тўлиқ варианти мавжуд.

Бундан ташқари, овози Косон тумани ҳокимига тегишлилиги айтилаётган бошқа аудио ҳам Kun.uz ихтиёрига келиб тушди. Бу аудиода овоз эгаси унга бўйсунувчи шахсни аёвсиз ҳақоратлаган, ота-онасидан сўкиб, куракда турмас сўзларни ишлатган.

Эслатиб ўтамиз, Асрол Бойқораев бир муддат аввал йиғилишда фермерларнинг рўзасини мажбуран очдиргани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Бош прокуратурага хат чиқарганди. Лекин Бош прокуратуранинг хулосаси ҳозиргача маълум қилинмаган.

Мавзуга оид