«Сурия дунёга хавф туғдирмайди». Ал-Жўланий BBC учун интервю берди
У «Сурия Афғонистон эмаслиги ва бўлмаслиги»ни таъкидлаган.
Суриянинг амалдаги раҳбари Аҳмад ал-Шаръа мамлакат урушлар натижасида ҳолдан тойгани ва энди ўз қўшнилари ёки Ғарбга хавф туғдирмаслигини айтди. У Дамашқда BBC учун берган интервюсида Сурияга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирган.
Ал-Шаръа яшин тезлигида кечган ва икки ҳафтадан камроқ вақт ичида Башар Асад режими ағдарилишига олиб келган юришга бошчилик қилди. У исёнчилар алянсидаги асосий куч бўлган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи раҳбари бўлиб, бунга қадар Абу Муҳаммад ал-Жўланий тахаллуси билан танилганди.
У ҲТШни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш лозимлигини айтган. БМТ, АҚШ, Евроиттифоқ, Буюк Британия, Россия ва бошқа кўплаб мамлакатлар гуруҳни шундай рўйхатига тиркаган — ҲТШ ўз фаолиятини 2016 йилда «Ал-Қоида» ташкилотидан ажралиб чиққан ҳолда бошлаганди.
Аҳмад ал-Шаръа «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» террорчилик гуруҳи эмаслигини таъкидлаган.
«Улар тинч аҳолига ёки фуқаролар яшайдиган ҳудудларга ҳужум қилмади. Аслида, улар ўзини Асад режими жиноятлари қурбони деб ҳисоблайди. Қурбонларга эса тажовузкорларга қилинадиган муносабат кўрсатилмаслиги лозим», деган исёнчилар етакчиси.
Ал-Шаръа Сурияни иккинчи Афғонистонга айлантириши мумкинлиги ҳақидаги шубҳаларни рад этган.
У бу мамлакатлар турлича ва турли анъаналарга эга эканини таъкидлади. «Афғонистон — қабила жамияти. Сурияда эса бошқача менталитет мавжуд», деган ал-Шаръа. У аёллар таълими зарурлигига ишонишини айтган.
«Идлибдаги университетларимиз саккиз йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият юритмоқда. Фикримча, бу университетларда аёлларнинг улуши 60 фоиздан юқори», дейди ал-Шаръа.
Сурияда алкоголга рухсат берилиши эҳтимолий ҳақидаги саволга жавобан шундай деган: «Шунчаки мен гапириш ҳуқуқим бўлмаган кўп нарса бор, чунки булар — юридик масалалар».
Ал-Шаръа Сурияда ҳуқуқшунослардан иборат қўмита ташкил этилиб, у янги конституцияни ишлаб чиқишини айтган: «Қарор қабул қилиш уларнинг вазифаси. Ва ҳар қандай ҳукмдор ёки президент қонунга риоя этиши шарт», деди у.
Бутун интервю давомида фуқаролик кийимида ўтирган исёнчилар етакчиси ўзини эркин тутган ва унинг гуруҳини экстремистик ўтмишидан узилмаган деб ҳисобловчиларни хотиржам қилишга уринган.
Кўплаб сурияликлар эса унга ишонмаяпти.
Сурия ҳукуматининг яқин ойлардаги ҳаракатлари улар Сурияни қандай давлат сифатида кўрмоқчилиги ва уни қандай бошқармоқчи эканини кўрсатиб беради.
Мавзуга оид
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
13:56 / 22.12.2024
АҚШ энди ал-Жўланийнинг боши учун мукофот таклиф қилмаяпти
12:58 / 22.12.2024
Янги Сурия қандай бўлади: Идлиб кўчаларидан қиёс
00:02 / 22.12.2024