Сурия шимоли-ғарбидаги олис бир гўша — Идлибга олиб борадиган йўл ҳануз яқинда ўтган фронт чизиғининг изларини сақлаб қолган: йўл бўйлаб окоплар, ташлаб кетилган ҳарбий позициялар, ракета снарядлари ва ўқ-дорилар кўзга ташланади.

Бор-йўғи икки ҳафта олдин бу ҳудуд Суриянинг қуролли мухолифат назоратидаги ягона минтақаси эди.
Идлибдан, айнан шу ердан «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» етакчилигидаги исёнчилар ғолибона юриш бошлаб, бир неча кун ичида Башар Асад режимини қулатди ва унинг оиласи томонидан ўрнатилган ярим асрлик диктатурага барҳам берди.
Ҳозир улар мамлакатни ўз назорати остига олиб, ўз бошқарув тизимини Суриянинг барча минтақаларига тарқатишга уринаётгандек кўринишмоқда.
Идлиб шаҳри марказида Асаднинг ағдарилиши муносабати билан ҳақиқий байрамни кузатилди: эркаклар ва аёллар, ёшлар ва қариялар мухолифатнинг яшил-қор ҳошияли ва уч қизил юлдузли байроқлари билан кўчаларга чиқишган. Деворлардаги граффитилар эса режимга қарши курашни олқишлаб турарди.
Йўл бўйларидаги вайрона бинолар ва харобалар бу ерда яқинда ўтган уруш ҳақидаги хотираларни сақлаб турибди, бироқ таъмирланган уйлар, яқинда очилган дўконлар ва озода йўллар вазият анча яхшиланганидан дарак беради. Шунга қарамай, маҳаллий аҳолининг айрим вакиллари ҳокимиятнинг қаттиққўлликларидан шикоят қилади.
Бу ҳафта бошида Идлибга келган пайтимизда шаҳар кўчалари нисбатан тоза эди, светофорлар ва кўча чироқлари яхши ишлаб турган, одамлар гавжум ҳудудларда патруллар кўзга ташланарди, деб ёзади BBC’нинг Яқин Шарқдаги мухбири Ҳюго Бачега.
Бу содда, аммо муҳим элементлар бу ерда фахр-ифтихор белгиси саналади: чунки Суриянинг бошқа минтақаларида бундай ҳолатни кўриш мушкул.
«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»нинг илдизлари шубҳали довруғ таратган «Ал-Қоида» ташкилотига бориб тақалади. Бироқ сўнгги йилларда ҲТШ имижини кескин ўзгартириб, ўзини миллий куч сифатида кўрсатмоқда ва жиҳодчи ўтмишидан йироқлашиб, асосий мақсади Асадни ағдариш бўлганини таъкидламоқда.
Декабр ойи бошида, жангарилар Дамашқ яқинига келган пайтда, уларнинг етакчилари барча сурияликлар учун умумий Сурия давлатини барпо этиш ҳақида гапирдилар. Бироқ АҚШ, Буюк Британия, БМТнинг кўпчилиги аъзолари ва ҳатто Сурия исёнчиларига маълум даражада ёрдам кўрсатувчи Туркия ҳам ҲТШни расман террорчи ташкилот, деб ҳисоблашда давом этмоқда.













