Асли исми-шарифи Аҳмад Ҳусайн ал-Шаръа бўлган Абу Муҳаммад ал-Жўланий 2003 йилда кўнгиллилар сафида АҚШ босқинини қайтаришга ёрдам бериш учун Суриядан Ироққа йўл олади. У ҳарбий асирлар учун Америка лагерига тушиб қолади ва Сурияга фақат 2011 йилда қайтиб, ИШИД асосчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг эмиссарига айланади. Сурияга у «пул тўла сумкалар ва экстремистик ҳаракатни глобал миқёсга олиб чиқиш миссияси билан» келганди, дея ёзади The Wall Street Journal. 

Аввалига ал-Жўланий Сурияда ташкил этган ИШИД филиали (ўша вақтда икки ташкилот ҳам «Ал-Қоида»га бўйсунган) ал-Бағдодий ўзини ИШИД халифаси деб эълон қилганидан кейин ироқлик сафдошлар билан алоқаларни узади. Кейин ал-Жўланий ал-Бағдодий билан ҳам алоқани узади ва унинг янги ташкилоти — «Ан-Нусра» фронти — «Ал-Қоида»нинг Суриядаги тармоғи бўлиб қолади.

2017 йилда ал-Жўланий раҳбарлик қилган гуруҳ номини «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»га ўзгартириб, «Ал-Қоида» билан алоқалар узилганини эълон қилади. Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти катта илмий ходими ва ҲТШ ҳақидаги китоб муаллифи Аарон Зелиннинг сўзларига кўра, ал-Жўланийнинг ИШИД ва «Ал-Қоида»ни тарк этиши «мутлақо самимий» бўлган, ҲТШ шу тариқа глобал жиҳод мафкурасидан узоқлашган. АҚШ Давлат департаменти эса номини ўзгартириш ва «Ал-Қоида»дан ажралиб чиқишни сохталик, янги номни — «Ан-Нусра»нинг шунчаки бошқача номланиши деб ҳисоблайди.

Ал-Жўланий 2013 йилда АҚШда ўта хавфли террорчилар рўйхатига киритилган, ҲТШ террорчилик ташкилоти деб ҳисобланади. Қарийб 10 йил муқаддам Американинг душмани бўлишга интилмаслигини айтиб берган баёнотига қарамай, у ҳамон рўйхатда қолмоқда. Доналд Трамп маъмурияти 2020 йилда «Толибон» билан келишув тузганидан буён ал-Жўланий ва ҲТШ ўзидан террорчилик мақомини олиб ташлайдиган келишувга эришишга ҳаракат қилиб келади — аммо самарасиз.

«Ал-Қоида» билан алоқа узилганини эълон қилганидан кейин ал-Жўланий 2015 йилдан амалда Сурия шимолидаги Идлиб вилоятини тўлиқ назорат қилган ҲТШни «ислом ва миллатчилик аралашмаси» асосида қурилган, яхши интизомга эга кучга айлантирди, деб ёзади WSJ. Нашр қайд этишича, ҲТШ кучлари ўз курашини Асад оиласи ҳокимият тепасига келгунига қадар республикада амал қилган Сурия байроғи остида олиб боришни танлаган.

Халқаро инқироз гуруҳи катта маслаҳатчиси, Сурияда ал-Жўланий билан бир неча бор кўришган Дарин Халифа ҲТШ раҳбариятини «прагматик ва мафкурага берилмаган», гуруҳ раҳбарининг ўзини эса келишувчан ва режимга қарши курашдан бошқа кўплаб масалаларда муросага тайёр бўлган сиёсатчи деб атаган.