Ўзбекистон | 13:20 / 02.01.2019
26896
16 дақиқада ўқилади

Tиббий суғурта тиббиётдаги коррупцияга чек қўядими?

Фото: Fotolia

Ўзбекистон президентининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра 2019 йил 1 июлдан бошлаб вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш тизими жорий этилади, бунда кафолатланган бепул тиббий хизмат ҳажмига кирмайдиган даволаш турлари пуллик асосда амалга оширилади. Шунингдек, 2019 йил 1 июлдан бошлаб айрим даволаш-профилактика муассасалари ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари асосида белгиланган тартибда инвесторларга ишончли бошқарувга берилади ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади.

Бир неча йилдан буён Канаданинг турли шаҳaрларидаги шифохоналарда фаолият юритиб келаётган Обидxон Мамадалиев Kun.uz’га Ўзбекистон тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хориж тажрибаси хусусида ўз фикрларини баён этди.

Tиббий суғурта аҳоли учун қандай наф келтириши мумкин?

Биринчидан, тиббий суғурта ҳаммага керак, ҳар бир инсон учун зарур нарса. Аҳоли соғлигини янада яхшироқ муҳофаза қилиш, ҳар бир тиббий жамоани, тиббиётни ривожлантириш, тиббий хизматларни юқори сифат билан таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурта албатта керак. Чунки бугунги кунда республикадаги тиббий хизмат кўрсатиш стандарти жаҳон стандартларига тўғри келмайди.

Tиббий суғуртанинг фуқаро учун афзаллик томони шундаки, у битта тиббий муассасага, яъни поликлиникага боғлаб қўймайди. Фуқаро қўлидаги тиббий суғурта полиси билан мамлакатнинг исталган еридаги ўзи хоҳлаган тиббий муассасага мурожаат қилиш, хизмат талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳам катта таъсири бўлади. Мажбурий тиббий суғуртага ўтиш орқали кўплаб одамлар иш билан таъминланиши мумкин. Яъни янги суғурта компаниялари ташкил этилади, ҳар бир шифохонанинг ўз молия мутахассислари пайдо бўлади. Кўплаб хусусий тиббиёт муассасалари очилади.

Бора-бора тиббиёт соҳаси ўзини-ўзи таъминлашга ўтади ва тиббиёт ҳам солиқ тўловчига айланади. Бу фақатгина доимий равишда нархни ошириб бориш дегани эмас, балки яхши хизмат кўрсатган тиббиёт муассасалари ривожланиб боради, яхши хизмат кўрсата олмаган муассаса эса ўз-ўзидан йўқолиб кетади.

Тиббиёт яхши бўлса, туристлар оқими яхшиланади, инвесторлар ҳам кириб келади. Масалан, инвестиция киритилаётган чекка бир жойда инвесторнинг мазаси қочиб қолса ва унга яхши тиббий хизмат кўрсатилмаса, инвестор бу ерни тарк этади, чунки саломатлик ҳар бир инсон учун биринчи ўринда туради.

Мажбурий тиббий суғурта жорий этилиши жараёнида нималарга эътибор бериш даркор?

Ўзбекистон суғурта ва пуллик тиббиётга тўлиқ ўтиб кетиши учун имконият бор. Лекин бу осон эмас. Менимча, бу ишни 2021 йил эмас, 2024 йилгача амалга оширишни режалаштирилса яхши бўларди. Сабаби, ҳозирда етарли инфраструктура йўқ.

Инфраструктура нима? Авваламбор, хизмат кўрсатувчи госпиталларни кўпайтириш керак. Ўттиз уч миллион нафар аҳолига хизмат кўрсатиш учун жуда ҳам кўп шифохона бўлиши зарур.

Tиббий суғурта қилиш билан шуғулланувчи компанияларни ташкил этиш, уларга нисбатан молиявий талабларни ишлаб чиқиш керак. Бу компаниялар маблағи жуда катта, бой ташкилот бўлиши лозим. Бир миллион сўм билан суғурта компанияси очиб қўйиб, уни юритиб бўлмайди. Улар хориждаги ривожланган суғурта компаниялари тажрибаларини ўрганган бўлиши зарур. Бундан ташқари, суғурта компаниялари кўп ва хусусий бўлиши керак. Шундагина рақобат бўлади, яхши хизмат кўрсатувчи компаниялар пайдо бўлади ҳамда одамлар улар ичидан энг маъқулини танлаб олишади. Яна бир нарсани эътиборга олиш лозим, одамлар бирданига бир йиллик суғурта тўловини тўлай олмасликлари мумкин. Тўловни ойма-ой тўлайдиган шаклини йўлга қўйиш керак.

Пуллик хизматлар йўлга қўйилганидан сўнг тиббиёт ҳам хусусийлашиб бориши керак. Одамлар “давлат тиббий хизматлари йўқ бўлиб кетар экан, ҳаммаси хусусий бўлиб кетар экан” деб ваҳимага тушмасликлари лозим. Чунки бу рақобат ва сифатни кучайтиради ҳамда нарх-навонинг тушишига олиб келади. Зеро бутун дунёда хусусий тиббиёт йўлга қўйилган.

Канада госпиталларида хизмат бепулми?

Канадада барча клиникалар хусусий. Катта госпиталлар давлатга қарашли. Тиббиёт бепул эмас, аммо ҳар бир фуқаро учун суғурта пулини давлат тўлаб беради. Ҳаттоки давлат касалхоналарида ишлайдиган шифокорларнинг барчаси тадбиркор, ҳар бирининг ўз шахсий ҳисоб рақами, ўз ҳисобчиси, ўз котиби, ўз офиси бор. Улар касалхонага келиб хизмат қилиб кетади, уларга хизмат ҳақи тўланади.

Ва яна шуни айтмоқчиманки, Канада госпиталларида бепул хизмат кўрсатилади. Аммо ҳар бир шифокор ҳар битта муолажаси учун, ҳар битта беморни кўргани учун давлатдан пул талаб қилади. Ўша бемор учун инвойс юборади ва шифокорнинг хизмат ҳақини давлат тўлаб беради.

Хўш, давлат бу пулларни қаердан олади? Бу пуллар айрим турдаги солиқлардан олинади. Бу солиқлар қаердан олинади? Канадада энг қиммат нарса бу алкогол ва тамаки маҳсулотларидир. Бу маҳсулотларнинг акциз солиқларидан келган даромадларнинг барчаси тиббиётга ажратилади. Казинолардан тушаётган фойдалар юз фоиз тиббиётга ўтказилади.

Казинолардан ташқари лотереялардан тушадиган даромадлар ҳам тиббиётга сарфланади. Лотереяларда жек-пот миқдори ўсиб боради ва ана шу ютуқ маълум муддат давомида ютиб олинмаса, бу пул ҳам тўғридан-тўғри соғлиқни сақлаш соҳасига ўтказиб юборилади. Бундан ташқари, госпиталлар атрофидаги автомобиль тураргоҳларининг барчаси пуллик ва булардан тушадиган даромад ҳам тўғридан-тўғри тиббиёт соҳасига кетади.

Эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчиман, Канадада федерал ҳукумат, провинциал ҳукумат, полициячилар ёки ҳарбийлар учун алоҳида госпитал йўқ. Канадада бой ҳам,камбағал ҳам битта госпиталга боради. Тажрибамдан сизга бир нарсани айтиб бермоқчиман. Шифохонада беморларни текшираётганимда ёши эллик-олтмишлар атрофидаги инсонга дуч келдим. Унга муолажа кўрсатиб бўлганимдан сўнг бу кишининг хизмат соҳаси билан қизиқдим. У федерал парламентда сенатор эканлигини айтди. Қаранг, сенатор ҳам оддий одамлар орасида навбат кутяпти. Ундан “сенаторлар учун алоҳида госпитал ажратилмаганми?” деб сўрадим. У “йўқ, ҳамма битта госпиталга мурожаат қилади”, деб жавоб берди.

Бу давлатда фақатгина бош вазир, генерал-губернатор ва парламент раиси ҳамда уларнинг оилаларига хизмат кўрсатадиган битта кичкина поликлиника бор холос. Уларга ўша поликлиникада хизмат кўрсатилади, аммо улар ҳам ўша оддий халқ борадиган госпиталга жўнатилар экан.

Буни нима учун айтяпман? Ўзбекистонда ҳам маълум бир қатлам учун хизмат кўрсатадиган касалхоналарни барча бора оладиган касалхоналарга айлантириш керак.

Касалхоналарда хизмат кўрсатиш суғурта тизимига ўтганидан кейин ҳар бир инсоннинг қўлида “health card” (суғурта полиси) бўлади. Шифохоналар қўлида полиси бор одамга тўғридан-тўғри хизмат кўрсатиши керак, пулини эса бемордан эмас, ўша полисни берган суғурта компаниясидан талаб қилиб олиши керак.

Шифокор биринчи навбатда бемордан пул сўраши эмас, даволаши шарт

Тошкентда бўлганимда хусусий клиникалардаги хизмат кўрсатиш билан танишдим. Аввал пул тўлайсиз, шундан кейингина сизга хизмат кўрсатишади. Пулини тўламасангиз, хизмат кўрсатилмайди. Бу мутлақо нотўғри. Беморга хизматни кўрсатиб, ана ундан кейин пул талаб қилиш керак. Агарда беморнинг пулни тўлашга қурби етмайдиган бўлса, унга кейинроқ тўлаш ёки банкдан кредит олиб тўлаш имконини бериш лозим. Нафақат Ўзбекистон, балки собиқ СССР ҳудудидаги давлатларда эса бунинг тескариси. Аввал пул тўлайсиз, кейин шифокор сизни даволашни бошлайди. “Гиппократ қасами”ни ичган шифокор аввало ўзига мурожаат қилган бемордан пул сўраши эмас, даволаши шарт.

Ўзбекистонда яна бир муаммо бу қоғозбозликдир. Тиббиёт соҳасида ҳам жуда катта қоғозбозлик мавжуд. Масалан, тиббиёт карталарини юритиш. Ҳаммасини тўп-тўп қилиб қоғозга ёзиб қўйишади. Агарда ана шу қоғоз йўқолиб қолса, тамом, беморнинг касаллик тарихи бўлмайди. Энди Канада мисолига ўтадиган бўлсак, бу ерда барчанинг касаллик тарихи соғлиқни сақлаш вазирлиги серверида туради. Агарда сиз ўзингиз танлаган шифокорга “касаллик тарихимни ўрганиб чиқиб, шунга қараб муолажа қилинг” десангиз, у интернет орқали сизнинг касаллик тарихингизга кириб, қачон ва қанақа касал бўлгансиз, қандай дори ичгансиз, неча марта қон олдиргансиз, неча марта текширувдан ўтгансиз, ҳамма-ҳаммасини ўрганиб, ўшандан келиб чиқиб муолажани бошлайди.

Яна Канада шифокорларида бир нарса борки, антибиотикларни жуда ҳам кам қўллашади. Уларнинг биринчи берадиган маслаҳати спорт машғулотлари билан шуғулланиш, соғлом овқатланиш, кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилишдир. Таркибида ёғ ва шакар юқори даражада бўлган таомлардан тийилишни маслаҳат беришади.

Бу ерда, шунингдек, ҳар бир ишчига ишхонаси томонидан бенефит берилади. Бенефит маълум миқдорда пул ажратилувчи карточка бўлиб, ходим ушбу карточкадаги пулни спорт анжомлари сотиб олиш, спорт залларига бориш, оила аъзолари учун турли соғломлаштириш муассасаларига сарфлаши мумкин. Ушбу карточкадаги пул ишлатилаётганида унинг нима учун ишлатилаётгани кўрсатиладиган бланка тўлдирилади ва касса аппарати чеки билан ишхонага топширилади. Бу ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мана шу нарсани ҳам йўлга қўйиш керак деб ўйлайман. 

Дипломингни эмас, лицензиянгни сўрашади

Бу ерда талабалар тиббиёт олийгоҳида тўрт йил ўқиганидан сўнг бакалавр даражасини олишади. Сўнгра танлаган тиббиёт йўналиши бўйича ўқишни давом эттириш учун имтиҳон топширади ва яна икки йилдан 4 йилгача ўқийди. ўқишни битирганидан кейин яна икки йил шифокор ёрдамчиси бўлиб ишлаш учун госпиталларга юборилади. Бу ҳам талабалик даврига киради. Аммо госпиталда юрган пайтида албатта ойлик олади. Шифокор бўлиб етишиш учун жами саккиз йилдан 12 йилгача вақт кетади.

Энг асосийси эса, ўқишни битириб, қўлига диплом олганидан сўнг албатта лицензия олиш учун имтиҳон топширади. Ушбу имтиҳондан ўтолмаганларга лицензия берилмайди ва улар шифокорлик қилиш ҳуқуқига эга бўлишмайди. Канадада қайси олийгоҳни битирганлигидан қатъи назар, соҳада ишлаш учун лицензия олиш шарт. У шифокор бўладими, таксичи бўладими, юрист бўладими, қўлидаги дипломи билан иш бошлай олмайди. Фақатгина соҳаси бўйича имтиҳондан ўтиб лицензия олгач иш бошлаши мумкин.

Олий маълумотли ишчилар ва мутахассислар бу ерда ишга кирмоқчи бўлса, дипломи эмас, лицензияси сўралади. Ўзимдан мисол, Ўзбекистонда ҳам, Канадада ҳам олган дипломларим уйимга олиб бориб қўйганимдан бери ўшандай туради, ҳали ҳеч ким дипломимни сўрагани йўқ. Лицензия рақамингизни айтсангиз бўлди, онлайн тизим орқали сиз ҳақингиздаги барча маълумотларни ўзлари топиб олишади. Йигирмата дипломингиз бўлсин, битта лицензиянгиз бўлмаса, ишлай олмайсиз.

Шифокор беморга дори ёки муолажа учун рецепт ёзиб берсa, остига лицензия рақами, исм-шарифи ва имзо ёзилиши керак. Агарда хатда лицензия рақамингиз бўлмаса, бу норасмий ҳисобланади.

Канадада шифокорлар ёзиб берган рецептларда лицензия рақами ёзилмаганини бирор марта кўрмаганман.

Ўзбекистонда ҳам лицензия тизимини йўлга қўйиш керак

Ўзбекистонда ҳам айниқса тиббиёт соҳасида ушбу тажрибани йўлга қўйиш лозим деб ҳисоблайман, чунки тиббиёт ўта масъулиятли, инсон ҳаёти билан боғлиқ соҳа. Шу боис барча шифокорлар олийгоҳни битирганидан сўнг хирург бўладими, педиатр бўладими, стоматолог ёки гинеколог бўладими, дипломни бежизга олмаганини, шифокор бўлиб ишлаш учун билим ва малакаси етарли эканлигини исботлаш учун ўз соҳаси бўйича лицензия олиши шарт.

Лицензияни эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмас, балки алоҳида лицензиялаш маркази бериши керак. Вазирлик имтиҳонлар бўйича стандартларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин, аммо лицензия берадиган муассаса албатта бошқа ташкилот бўлиши керак. Ана шунда монополиянинг олди олинади ва тиббиёт олийгоҳларидаги коррупцияга барҳам берилади.

Бу лицензиялар докторларга ҳам, ҳамшираларга ҳам бир умрга берилади ва уларнинг иш фаолияти йўналишига қараб, масалан, хирурглар ассоциацияси, педиатрлар ассоциацияси, ҳамширалар ассоциацияси каби ассоциациялар томонидан назорат қилиб борилади. Назорат деганда уларнинг ҳар бирини текшириб имтиҳон ўтказиш эмас, балки беморлардан уларнинг устидан тушган шикоятлар, фаолияти давомида йўл қўйган хатолари кўриб чиқилади. Шунга қараб уларнинг лицензиясини вақтинча тўхтатиш ёки қайтадан имтиҳонга қўйиш қарори чиқарилади. Коррупция пайдо бўлишига имконият яратмаслик учун эса имтиҳон олувчи мустақил комиссия тузилиши керак. Комиссия доимий бўлмайди, балки ҳар йили алоҳида комиссия тузилади.

Ассоциациялар эса доимий ишлаши ҳамда тегишли соҳадаги ходимларни назорат қилиб бориши лозим бўлади. Маблағни эса ассоциация аъзоларнинг йиллик лицензия тўлов бадалларидан олади.   

Канадада терапевтлар, эндокринологлар ва бошқа йўналишлардаги мутахассисларнинг ассоциациялари мавжуд ва уларнинг аъзолари ҳар йили тўлов бадалини тўлаб боради. Ассоциациялар мана шу бадал ҳисобига яшайди ва давлатдан ҳеч қандай пул олмайди. Улар жуда кичик ташкилот ҳисобланади, битта раиси, ўринбосари, тўрт-беш нафар ходими ва колл-маркази бўлади. Шифокорлар соғлиқни сақлаш вазирлигига эмас, мана шу ассоциацияга бирлашади. Ассоциация нафақат лицензия бериш, балки уларни ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланади. Агар уларга нисбатан туҳмат бўлса, ишдан ноҳақ бўшатилса, мана шу ассоциация ходимлари уларни ҳимоя қилади. Бу касаба уюшмаси эмас, касаба уюшмалари алоҳида. Аммо ассоциациялар ҳам ўз аъзоларини назорат қилиш билан бирга керак пайтда ҳимоя ҳам қилади.

Ҳамширалар борасида ҳам шу фикрдаман. Ўзбекистонда ҳамширалар тайёрланадиган коллежлар бор, аммо ҳамшираларнинг бирортаси ҳам лицензияланмайди. Таклифим, барча ҳамширалар ўқишни битирганидан кейин шифохоналарда олти ойдан бир йилгача мажбурий амалиёт ўташи, амалиётни ўтаб бўлганидан сўнг имтиҳон топшириб, лицензия олиши керак.

Ҳозир ишлаётган ҳамширалар нима қилади, деган савол туғилиши мумкин. Уларнинг барчасига автоматик равишда лицензия берилади, маълум муддатдан сўнг улар имтиҳондан ўтказилиши мумкин.

Яна Канадани мисол келтирсам, бу ерда ҳамшираларга лицензия олиш учун имтиҳон топширишга 3 марта имконият берилади. Биринчи марта ўқишни битириб, амалиётни ўтаганидан сўнг “лицензия олишга тайёрман” деб ҳужжатларини топширади. Белгиланган куни имтиҳон топширади. Агарда имтиҳондан ўта олмаса, олти ой-бир йил тайёрланиб, келаси йил имтиҳон топширади. Ўшанда ҳам имтиҳондан ўта олмаса, коллеж ёки олийгоҳда неча йил ўқиган бўлса, яна қайтадан ўқиганидан кейингина имтиҳонга қўйилади. Бу мантиқан олиб қараганда тўғри ёндашувдир. Чунки уч-тўрт йил ўқиган ҳамшира имтиҳондан 3 марта ўта олмаслиги, унинг дарсларга умуман қатнашмаганини билдиради.

Tиббий суғурта ва лицензия тизимини жорий этиш ҳамда хориж тажрибасини татбиқ этиш орқали Ўзбекистонда юқори малакали, билимли шифокорлар етишиб чиқишига ҳамда тиббиёт тизимидаги коррупцияга чек қўйилишига эришиш мумкин деган фикрдаман.

Обидxон Мамадалиев, Канада, Эдмонтон Шахри, Алберта провинцияси.
Fb.com/obidmamadaliev, Twitter @obidmamadaliev.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид